Тарихдан сабоқлар: Маърифат ва маънавиятнинг ривожи учун ҳар қандай раҳбар курашмоғи керак

Президентимизнинг Тошкент Вилоятига сафари давомида айтган қуйидаги гаплари мени кўпдан бери юрагимнинг туб тубида ётган фикрларимни янада жонлантирди: «Ҳокимлар пахта билан шуғулланмайди. Таълим ва маънавият билан машғул бўлади. Пахтани кластер тизими орқали экамиз. Бу йил вилоятдаги 4та туманда кластер бўлади».

Юқорида айтилган жумлалар, тарихий жумлалардир, кимдир буни тушунади, кимдир эса йўқ. Чунки, ҳар қандай раҳбар ўзи раҳбарлик қилаётган худудида илм-фаннинг ривож топиши учун жон куйдирмас экан, ҳеч бир муаммони ўша ҳудудда ечиш мумкин бўлмайди. Энг асосийси, ўша раҳбарни халқ олдида ҳам, тарих олдида ҳам заррача қиммати бўлмайди, ҳеч ким уни келажак авлод учун намуна сифатида кўрсатмайди. Президент ўз нутқи давомида ҳокимнинг фаолияти эндиликда ўз худудида театр қургани, театрга қанча одамни олиб боргани, қанча фан номзоди чиқаргани билан баҳоланишини қайд этиб ўтдилар. Бир сўз билан айтганда, ҳокимларни одамларнинг реал муаммоларини ечишга, ўз худудида яшаётган одамларни севишга ва улар билан доим елкама-елка бўлишга ундамоқдалар. Бунинг учун, албатта ҳокимларни китоб ўқиши, янги илмларни ўзлаштириши, ўз худудида илм-фанни ривожига катта эътибор қаратиши муҳим. Ана шундагина ҳоким ўз ишини виждонан бажарган бўлади ҳамда тарихда ўзининг алоҳида ўрнига эга бўлади.

Бу фақат ҳоким мисолида айтилди, аммо бу ҳар бир раҳбар учун тегишлидир. Келинг, бир тарихга мурожаат қилайлик. Қанча шоҳлар, қанча амирлар, қанча ҳукмдорлару ҳокимлар ўтмади. Аммо, уларнинг ичидан ҳозирда эсга олинадиганлари саноқли даражада кам.

Биз тарихимизда илм-фаннинг ривожланиш даври сифатида 10-11 асрларни келтирамиз, ҳалигача шу давр олимлари билан фахрланамиз, лекин уларни шундай даражага етиши учун яратилган шарт шароитлар, уларни қўллаб турган раҳбарларни доим эслаймизми? Тинч ва осойишта ҳаёт, муносиб турмуш тарзи, маиший оилавий муаммолардан ҳоли бўлган жамиятдагина олимлар кўпаяди, кашфиётлар пайдо бўлади, илм фан тараққиёт чўққисига чиқади. Худди шундай, бу даврда ҳамма олимларни бошини қовуштирган, уларга муносиб шароитни таъминлаб берган инсон Ҳалифа Маъмунни ўрни катта бўлган. Ҳалифа Маъмун тарафидан юнон илмларини жамлаш учун Боғдодда “Дорул-улум” номли улкан илмий марказ ташкил қилинган эди. Шу даврдан бошлаб у Ҳалифаликда илм-фанни ривожлантиришни ўз васийлигига олган эди. Ўрта асрлардаги ушбу илмий марказда араб тилига таржима қилинган дастлабки асарлар ичида александриялик астроном Клавдий Птоломейнинг (90-161) ҳозирда “Альмагест” дея машҳур асари бор эди. (“Буюк тартибот”ни англатувчи юнонча “Мегисте сйнтахис”нинг арабча номи “Ал-Мажисти”).

“Ал-Мажисти” кейинги 500 йил давомида фазовий билимлар ривожининг асоси бўлиб келди. Эвазига нима бўлди? Академия барпо этган инсон сифатида Ҳалифа Маъмунни номи тарихда қолди, алоҳида ҳурмат сифатида олимлар томонидан эсланди. Даврлар оша буюк саркарда Амир Темур ва у тузган Темурийлар даврида ҳам илм-фан, маданият ва маърифат ўз чўққисига чиққанини биламиз.

Соҳибқирон ўз авлодларининг нафақат давлатдорлик иқтидорини оширишга, балки уларнинг билим соҳиби бўлишига, маънавий камолатига катта эътибор билан қараган. Шу боис бўлса керак, айрим темурий шаҳзодалар илм-фан соҳасида юксак иқтидор ҳосил қилиб, катта шуҳрат қозонганлар. Жумладан, фалакиёт илмининг асосчиларидан бўлмиш Мирзо Улуғбекнинг етук салоҳияти ва фанни ривожлантиришдаги хизматлари, айниқса, катта шуҳрат топди. Унинг ўша пайтда Самарқандда эришган илмий муваффақиятлари кейинчалик Шарқ ва Ғарбда илм-фан ривожи учун муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Амир Темурдан қолган мол-мулкни Улуғбек илм фаннинг ривожига йўллади. Унинг ташаббуси билан илму-тафаккур марказларига айланган мадрасалар қурила бошлади. Бухоро, Самарқанд ва Ғиждувонда мадрасалар қурилди. Ғиждувондаги мадраса пештоқидаги пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Илм излаш ҳар бир муслим ва муслимага фарз” деган ҳадисининг ёзуви ҳанузгача сақланиб келади. 1417-1420 йилларда Улуғбек Самарқандда мадраса қуриб, унга ислом оламининг кўплаб мунажжим ва математикларини даъват этди. Бундай одат, темурийлардан Ҳусайн Байқарога ҳам меърос бўлиб ўтган эди. Бир ҳақиқатни англаб олиш зарур. Агар, ўша даврларда Алишер Навоийнинг иқтидорини муносиб баҳолаб, Ҳусайн Байқаро унга бош вазирлик рутбасини бермаганида эди, унга муносиб шароит яратмаганида эди, унинг ҳам иқтидори тупроққа кўмилган бўлар эди.

Яна аста-секин ҳозирги даврга яқинлашиб келсак. Хива хонлиги даврида ҳам илм фан ниҳоятда тараққий этганини кўриш мумкин, айниқса муҳандислик, архитектура ва қурилиш санъати. Хонликда замонавий технологияларни қўллаган ҳолда қурилган ҳаммомнинг ўзига яраши ўрни беқиёс, бунинг учун юксак муҳандислик салоҳияти албатта зарур.

Биринчи эски ҳаммом Полвон дарвоза яқинида жойлашган ва жуда содда бўлиб, ер тагида қурилган, фақат ювиниш хонасининг гумбази ер устига чиқиб турган. Бу ҳаммом шаҳар аҳолисига кўп йиллар хизмат қилган.

Иккинчи ҳаммом Анушахон ҳаммомидир. Ҳаммом ташқи кўринишидан ноёб меъморий обида бўлиб, қурилиши жиҳатидан Шарқдаги бошқа ҳаммомлардан тубдан фарқ қилади. Бинонинг бир қисми ер тагида, ювиниш хоналари ҳам ана шундай усулда жойлашган. Ташқаридан эса бинонинг гумбазсимон устки қисми кўриниб турибди. Йигирмага яқин хонаси бор, ҳаммомда беш киши хизмат қилган. Иккита ҳаммомчи, гўлоҳ, иккита сув ташувчи мешкобчилар ишлаган. Ичкарида сартарошхона ҳам мижозларга хизмат қилган. Ҳаммомда ювиниш учун тартиб қатъий ўрнатилган бўлиб, пайшанба куни мартабали зотлар – хон ва унинг яқинлари, жума куни уламолар, дин арбоблари, бошқа кунлари эса шаҳар аҳолиси ва қишлоқлардан келган кишилар ювинганлар. Ҳаммом хонлик тасарруфида бўлиб, унга вақф ерлари ҳам ажратилган. Ҳаммомга аёллар, болалар, ғайридинлар ва тери касалликлари билан оғриган кишилар кириши ман қилинган.
Ҳаммомни қиздириш учун шаҳар ичкарисидаги турли чиқиндилар от, эшак тезакларидан, ҳовлилардан чиққан ортиқча чиқиндиларини ёқиб ишлатганлар. Бу эса шаҳар ичини, ҳавосини тоза сақлашга хизмат қилган. Хоналар пол тагидаги махсус қуврлар ёрдамида қиздирилган, иситиш хонаси бўлиб, олдидаги қудуқдан эҳтиёж учун сув олиб ишлатилган. Марказий катта хона теварак-атрофдаги хоналарнинг барчаси бирор-бир вазифани бажарган. Бирларида ювиниш, иссиқ буғдан тобланиш мумкин бўлса, бошқаларида тиббий уқалаш сеанслари ўтказилган.

Шарқда иссиқ буғдан бод, оёқ-бўғим хасталикларида фойдаланганлар. Уқалашнинг бир қатор усуллари бўлиб, асаб, қон томир, организмнинг турли қисмларидаги оғриқларга наф беришини табибларимиз яхши билишган. Бунга ором бериш эмас, табиблар даволаш воситаси деб қараганлар. Бу иш мунтазам тарзда бажариб келинган. Бундан ташқари, ҳаммомда алоҳида хона бўлиб, у ерда тиш оғриғига даво топилиб, тиш олинган. Хивада тиш даволаш ҳам ўтмиш асрлардан ривожланиб келган.

Анушахон ҳаммомида мижозлар танасини ювиш билан бирга ўз соғлиқларини ҳам тиклашган. Ҳаммомда мижозлар учун чойхона бўлиб, ўзаро суҳбатлашиб, ҳордиқ чиқаришларига барча шароитлар яратилган. Худди шу чойхона вазифасини бажарган махсус хонада оддий чойдан ташқари, шифобахш ўсимликларнинг илдизи, барги, меваси ва гулидан дамланган чой ва бошқа доривор суюқликлар тайёрланган. Ҳаммомни айнан ўзида гиёҳлардан тайёрланган турли хасталарга шифо дамламалар савдоси йўлга қўйилиб сотилган. Анушахон ҳаммоми ўз даврида шаҳар аҳолисига беминнат хизмат қилган. Уни ўз даврининг ихтисослашган шифохонаси десак, муболаға бўлмайди. Ҳаммом қайта таъмирланиб, бугунги кунгача шаҳар аҳолисига узлуксиз хизмат кўрсатиб келмоқда.

Хива хонлиги даврида, айниқса, Хива хони Ферузхоннинг ҳам илм фандаги ролини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ферузнинг Хоразм хони сифатидаги фаолияти Ватанимиз тарихининг энг мураккаб ва зиддиятли даврига тўғри келди. Марказий Осиё Русия истибдоди гирдобига тушган бу даврда у давлатни ниҳоятда тадбиркорлик билан бошқарди. Адабиёт, санъат, илм-фан ва маорифни ривожлантиришга раҳнамолик қилди. Хивада бевосита унинг ташаббуси билан маданий-маърифий, адабий муҳит юзага келди.

Феруз 19 асрнинг иккинчи ярми ўзбек адабиёти равнақига катта ҳисса қўшди: саройда ўнлаб шоирлар унинг ҳомийлигида бадиий ижод билан шуғулландилар. Муҳаммад Юсуф Баёний, Муҳаммад Расул Мирзо, Аҳмад Табибий, Аваз Ўтар ўғли, Чокар, Роғиб, Девоний, Ғозий, Шиносий, Оқил, Ғуломий, Комёб каби шоирлар шулар жумласидандир. Унинг саройида элликка яқин шоиру ёзувчилар, созанда ва гўяндалар, муаррихлар, таржимонлар, хаттотлар, ноширлар фаолият кўрсатган.

Хоразм тарихига оид бирламчи манбалар — Огаҳийнинг «Шоҳидул-иқбол», Баёнийнинг «Шажарайи Хоразмшоҳий», Аҳмад Табибийнинг «Мажмуатуш-шуарои Ферузшоҳий», Ҳасанмурод Лаффасийнинг «Хива шоир ва адабиётчиларининг таржимаи ҳоли», Бобожон Тарроҳнинг «Хоразм навозандалари» каби асарларида Муҳаммад Раҳимхон Феруз ҳақида маълумотлар берилган. 19 асрнинг йирик маданият ва давлат арбоби, шоир Комил Хоразмий «Латойифуз-заройиф» асарида Ферузнинг шоирлик қобилиятига юксак баҳо беради.
Хоразм адабиёти тарихида 19 асрнинг иккинчи ярми ўзига хос бир даврдир. Бу даврда Хоразм адабиёти юксак тараққиёт босқичига кўтарилди. Айниқса, саройда кучли бир адабий гуруҳ майдонга келдики, унда Ферузнинг ҳиссаси беқиёс. Бундан ташқари, Хозирги кунда нафақат Ўзбекистон, балки осиёда ўхшаши топилмас мусиқа санъатига асос солинган.

Ундан кейин, СССР даврида Ўзбекистонни бошқарган Шароф Рашидов номини алоҳида таъкидлаш даркор. Шароф Рашидов ўта машаққатли йилларда Ўзбекистонга қарийб чорак аср давомида раҳбарлик қилди. Унинг раҳнамолигида республикамиз иқтисодий тараққиёт, илм-фан, таълим ва соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида улкан муваффақиятларга эришди.
Минглаб гектар қаровсиз ерлар ўзлаштирилди. Ўзбекистон харитасида янги шаҳар ва қишлоқлар пайдо бўлди, юзлаб завод ва фабрикалар қурилди, боғу роғлар барпо этилди. 1966 йилдаги кўплаб вайронагарчиликлар келтирган зилзиладан сўнг қисқа муддатда замонавий Тошкентнинг мустаҳкам пойдевори яратилди. Марказий Осиёда илк метро барпо этилди.

Ш.Рашидов таълим-тарбия, маънавият, маданият ва санъатга катта эътибор қаратди. Ўша даврда яшаган инсонларнинг айтишига қараганда, халқ ҳеч қачон Ш.Рашидов даврида ўзини СССРга қарамдай ҳис қилмаган. Ўша даврларда Ўзбекистон, СССР деб аталмиш империянинг бир бўлаги бўлишига қарамасдан, Ш.Рашидов қаноти остида бирор қишлоқнинг раиси, туман райкомлари, шаҳар горкомлари ва вилоят обкомлари бўлганки, улар ҳам ўзи раҳбарлик қилган худудда илм фан ривожига катта ҳисса қўшишган.

Шулардан, мисол тариқасида Хоразмлик раис Искандар Досовни келтириш мумкин. Искандар ака Ш.Рашидовлар билан Улуғ ватан урушида фаол қатнашган ва ярадор бўлиб қайтган. Ва алал оқибат танасидаги осколкалар жароҳатидан 60 га ҳам етмасдан навқирон ёшида Тошкентда касалхонада вафот этган.

Урушдан ярадор бўлиб қайтган И.Досовга қолоқ ва кичик колхозлардан бирини топширишади. Қисқа вақт ичида бу колхозни илғорлар қаторига олиб чиқади. Кейин атрофидаги кичик-кичик ва бошқа қолоқ колхозларини ҳам бирин-кетин унга қўшиб беришади ва Хоразм вилоятидаги энг катта хўжаликка айланган бу колхозга Нариманов деб ном беришади. Бу хўжаликни қисқа вақт ичида кўп тармоқли ва СССРда танилган хўжаликка айлантирилади.

1971 йилга келиб И.Досов сайъи ҳаракати асосида Боғот қишлоғи Боғот районига айлантирилади. Райком (ҳокимият) биноси эса қишлоқ Советининг кичкина биносига жойлаштирилади. Хона етишмаслиги сабаб райкомнинг умумий бўлими коридорда ўз фаолиятини бошлайди.

Кадрлар ҳам И.Досовнинг кўрсатмаси асосида асосан Боғот районидан танланади. Ҳатто юристга ўхшаган айрим мутахассислар бўлмагани сабабли 3-4 курсда ўқиётган студентларни сиртқига ўтказиб, ишга қўйишган.

Искандар Досов Боғот туманида яшовчи ёшларни ўқимишли, илмли одамлар бўлишига катта эътибор қаратган. Мисол учун, Искандар Досовнинг дўсти ва шогирти Раззоқ Бобожоновнинг ўғли Пўлат Бобожонов ҳозирда Ички ишлар вазири ҳисобланади.

Илм аҳлидан Искандар аканинг дўстлари кўп бўлган. СССР Фанлар академияси мухбир аъзоси, машҳур химик Собир Юнусов ҳам Досовнинг дўстларидан бўлишган. Досовнинг катта ўғли Саъдулла Искандаровни унга шогирдликка берган. Академик Саъдулла Искандаровнинг Ўзбекистон илм-фани учун қилган ишларини санаб адоғига етиш қийин. Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев, Ш.Рашидовнинг қизлари С.Рашидова ҳам у инсоннинг шогиртлари бўлган.

Бу маълумотларни нега келтираяпман? Оддий бир колхозни катта бир туман даражасига кўтариб, ўзи оддийгина 7 синфни битказиб, урушга кетган бундай одамнинг ўз ҳудудида илмни қадрлаши туфайли, жамиятга шундай кучли кадрларни етказиб бера олгани биз тарихдан сабоқ олсак арзийдиган жиҳатдир.

Бунга мисол сифатида яна, мустақилликнинг дастлабки йилларида Боғот туманидаги катта бир ширкат хўжалигига раислик қилган Ўзбекистон Қаҳрамони Машарип Қувоқовни олиш мумкин. У ҳам раислик қилган даврларида ўз қишлоғидаги мактабларга бориб ўқувчилар ҳолидан хабар олиб турар эди. Ҳар бир истеъдодли болаларга мактабни битказишидан токи Университетга кириб, уни битказишига қадар моддий ва маънавий тиргак бўлар эди. Машарип Қувоқов, Университетга киришга ошиққанларга ҳазиломуз кайфиятда шундай дер экан: “Болам, ўқигин, катта одам бўлгин, эртага сенинг битта имзойинг ҳам бизга керак бўлиши мумкин”. Аслида, бу битта ҳазиломуз гапнинг остида қанчадан қанча маъно бор.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, қайси ҳудудда илм-фан, маънавият ва маърифат учун эътибор ўз раҳбари томонидан чин дилдан амалга оширилса, эртага ўша раҳбарни нафақат тарихда номи қолиши, балки ўша инсон раҳбар бўлиб ўз ҳудудини гуллаб яшнатиши мумкин.

Бундай тарихий ҳақиқатдан ўз ҳудудидаги халқни бўралатиб ҳақоратлаётган, арзимаган тадбир, арзимаган ободонлаштириш ёки бугун қилмаса эртага ҳам қилиш мумкин бўлган, осмон узилиб ерга тушмайдиган ишлар учун, келажак тақдирини белгилаётган ўқитувчи, муаллим ва муаллималарни калтаклаётган ҳокимлар хулоса чиқарсалар нур устига аъло нур бўлар эди.

Ойбек Алиев

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *