Тақриз а-ля Rammstein ёхуд Германиянинг қора юзини очиб берган видеоклип ҳақида

Бу қўшиқ ҳали клипи пайдо бўлишидан аввал ҳам Европа сиёсатида бир вақтнинг ўзида ҳам ўнглар, ҳам сўлларнинг орқасига ўт қўйиб юборди. Сабаби бу синглга ишланган муқовада, тарихда Биринчи Рейх деб юритиладиган Герман миллатларининг Муқаддас Рим Империяси герби расми туширилган рицарлар кийимида акс этган қора танли аёл сурати эди. Тагида эса катта ҳарфларда Германия деб ёзилган эди.

Биринчидан, қўшиқ оддий рок ёки поп композиция шаклида эмас, классик мусиқа жанри структурасидан тузилган. Иккинчидан, визуал кўриниши — бу ерда ҳамма нарса бор: қадимий жанглар, рицарлар, киберпанк элементлари ва ҳ.к.

Энди бевосита клипнинг ўзига ўтсак.

Клип Рим аскарлари жойлашган совуқ Тевтобург ўрмони кўринишидан бошланади, тагида «Germania Magna, 16 A.D» (воқеа милодий 16 йилда содир бўлаётганини кўрсатади) ёзуви. Рим легионерларининг образлари, навбати билан антик давр қахрамонлари, Рим императорлари ва Герман қироллиги йўлбошчиларининг ярим синган ҳайкаллари Рим Империясига хос бўлган қизил рангда намоён бўлади. Осмонда ёниб турган қизил чизиқ, худдики, Германиянинг бутун тарихини бир нуқтага боғлагандай бўлади. Биринчи кадрларданоқ ўз ватанининг варварлик ва мажусий даврлари намойиш қилинади. Рим легионерлари ўрмонда ўзларининг осиб ўлдирилган сафдошларини учратишади: ўликлардан бирини варварлар бошини кесиб олаётгани акс этган. Бошни кесиб олган варвар, юқоридаги муқовадаги қора танли аёл эди…

Бирдан қадимги давр кадрлари Германия тарихининг янги даврларига уланиб кетади. Ҳамма даврда биз ўша қора танли аёлни кўришимиз мумкин. Клипда у варвар, рицар, Мюнхен пивохоналаридан биридаги гўзал аёл, ГДР даги Штази (махфий хизмат) генерали, немис миллатчилари лидери образларида намоён бўлади. Булардан маълум бўладики, қора танли аёл метафора ҳолатидаги, ҳар хил даврлардаги Германияни англатади. Мажусий варвар кўриниши бизни қадимги Германия тарихига юборади. Клип бекорга милодий 16 йилдан бошлангани йўқ, тарихда айнан шу йили Рим Империясининг Герман ерлари экпансияси давридаги машҳур «Идиставизо жанги» бўлиб ўтган. Ўшанда Рим императори Нерон Клавдий Друз (Германик) герман қабиласи Херускларнинг сардорлари бўлмиш Арминий ва Ингвиомерларни жангларда икки марта тор мор этган. Ҳар хил манбаларга кўра, ўша жангда ҳар икки тарафдан 50 мингтадан жангчи иштирок этган.

Идиставизо жанги. Картина муаллифи Отто Альберт Кох. 1909 йил

Бир бири билан жанг қилаётган таналарига қиличлар санчилган рицарлар акс этган кадрлар эса бизни Германия тарихидаги 30 йиллик диний урушлар даврига ташлайди. Ўшанда ҳар хил немис князликлари диний сабабларга кўра бир-бирлари билан қирғинбарот жанглар уюштиришган. Протестантлар католиклар билан урушган. Германиянинг ўзи эса бутун давлат мақомига эга эмас эди. Клипда ушбу жангчилар ўртасида «Германия»ни кўришимиз мумкин, албатта, яна ўша қора танли аёл қиёфасида. Кейин бизга католик руҳонийларини кўрсатишади. Улар катта стол атрофида столга ётқизилган ўша қора танли «Германия»нинг устидан егуликлар олиб, очофатларча овқатланишади. Бу ерда Рамштайн гуруҳининг антиклерикал, черковга қарши позицияси кўрсатилган. Бундан тушуниш мумкинки, Рамштайннинг фикрига кўра, черков тарихан Германия давлатини ич этини кемириб келган. Аскарлар ўз дини учун жангларда ҳалок бўлган пайтларда, улар халқ фаровонлигига тупурган ҳолда фақатгина ўз қоринларини ўйлашган.

Кейинги кадрлар бизни XX аср бошларига етаклайди. Урушдан кейинги даврдаги Веймар республикаси. Пиво барларидаги ўзига хос «Бойцовский клуб»ни кўришимиз мумкин. Биринчи жаҳон урушидан кейин кучсизланган давлатнинг ҳолдан тойган халқи икки нарсага ғарқ бўлган эди: қашшоқлик ва кўнгилхушлик. Кимдур учун бу барлардаги яккама-якка муштлашувлар кўнгилхушлик бўлса, кимгадир оиласини боқиш учун пул топишнинг ягона манбаси эди ўша даврлар. Бу муштлашув саҳнасини Биринчи жаҳон урушидан кейинги сиёсий келишмовчиликлар, сиёсий лидерларнинг ички курашларига қиёсласак ҳам бўлади.

Кейинги саҳнада, ногиронлар аравачасида эркаклар қуршовида келаётган яна ўша қора танли «Германия» опамизни қўлида довюрак эрининг кесилган бошини кўтариб келаётганини кўришимиз мумкин. Бу саҳна Биринчи жаҳон урушидан кейинги Версаль шартномаси туфайли репарациялар тўлашга ҳукм қилинган, кучсиз ва янчилган Германияга шама қилади.

Клипнинг иккинчи минутида бизга ёниб қулаб тушаётган улкан дирижаблни кўрсатишади. Бу, албатта, Германияга тегишли бўлган ва 1937 йилнинг 6 майида АҚШда халокатга учраган, ўша пайтдаги дунёдаги энг катта дирижабл бўлган афсонавий Zeppelin Hindenburg’нинг фожиасига қиёс эди. Кўпчилик бу фожиага рамзий воқеа деб қарайди. Чунки бу дирижабл Германиянинг биринчи Президенти Гинденбург шарафига номланган эди ва бу дирижабл қулаши билан Германияда Веймар республикаси тугатилиниб, тарих саҳнасига Учинчи Рейх — нацистлар келган эди.

Клипнинг қора танли Германия опамизнинг бир кўзи боғланган холда, Вермахт харбий кийимида, нацистларга бошчилик қилаётгани акс этган фрагменти, бизни ўша машъум ва машхур, нацистларнинг Пенемюнде шаҳарчасидаги ракета полигонига саёхатга таклиф этади. Бу полигонда Иккинчи жаҳон уруши сўнгида нацистлар томонидан ишлаб чиқарилган афсонавий Вундерваффе «Мўжизавий қурол» деб номланган Фау-2 ракеталарининг синов жараёнлари бўлган. Бу ерда жуда ҳам кўп махбуслар ишлатилинган. Албатта у ердаги еврей олимларини гувохлар сифатида жисмонан йўқ қилишгани аниқ, бу ерда Германия опанинг бир кўзи боғланган холатда акс этганининг рамзий маъноси бор. Бунда Германия миллат сифатида объективликни йўқотганлигини, ўзининг манфур ишларини амалга ошириш йўлида, жирканч ишларга нисбатан бир кўзини беркитиб олганлигини ифодалаш мумкин.

Ушбу саҳнанинг кулминацион нуқтаси қўшиқнинг нақоратига ўтадиган жойига тўғри келади. Рамштайн гуруҳининг солисти Тилл Линдеман концлагернинг ўлимга ҳукм қилинган маҳбуси образида гавдаланади. Ва у «Deutschland, Deutschland über allen» (Германия ҳаммани устида, ҳаммадан баланд) деб куйлайди. Энг қизиғи, бу сўзлардан олдинги қаторда «Wer hoch steigt, der wird tief fallen», яъни «Қанча баландга кўтарилган, шунча чуқурга қулайди» деган сўзлар янграган. Бу ўзига хос суууупер сўз ўйини бўлиб, Нацист Германиясининг мадҳияси ҳудди шунга ўхшаш «Deutschland Deutschland über alles», яъни «Германия ҳамма нарсадан устун», деган сўзлар билан бошланар эди. Маълумот учун шуни айтиб ўтишим мумкинки, Германиянинг ҳозирги мадҳиясининг мусиқаси ҳам ўша даврдаги мусиқа билан бир хил, сўзлари алмашган, холос. Ҳозирда Германияда бу қичқириқ тақиқланган. Штутгард ёки Гамбургга бориб қолсангиз, айниқса, зига отиб, «Deutschland Deutschland über alles» десангиз, полиция ёнингизда, сиз қамоқда)) Энди тасаввур қиляпман, «ну, где то» Мюнхенда Рамштайннинг катта-катта концертларида шу қўшиқ куйланганда ўн минглаб одамларни қўшиқдаги сўзларни неонацистлар атайдан, қолганлар шунчаки онг остига жойлашиб қолганлигидан «Deutschland Deutschland über alles», деб куйлашса нима бўларкин…
Хуллас, клипга қайтсак. Осиб ўлдирилаётган маҳбусларнинг кийимларига эътибор берилса, ҳар бирининг кийимларининг чап тарафига махсус белгилар тикилган. Бу белгилар содир этган жиноятини англатар эди. Пуштиранг учбурчак — гомосексуалист. Сариқ Довуд юлдузи — яҳудий. Қизил-сариқ учбурчакдан ташкил топган олтибурчак — сиёсий жиноят билан қамалган яҳуди ёки коммунист. Охиргисиники шунчаки қора учбурчак — ўғри, қотил, товламачи, фирибгар, безори ва ҳ.к.

Кейинги саҳна ГДРни ифодалайди. Унда ҳам қизиқ ҳолатлар бор. Тарихдан маълумки, Иккинчи жаҳон урушидан кейин СССР ва АҚШ фактан Германияни иккига бўлиб олишган эди. ФРГ номинал АҚШ протекторати бўлса, ГДР эса СССРнинг вассали эди. Бу саҳнадаги қора танли опамиз яъни Германия иккинчи даражали ролда ифодаланган. Биринчи даражада эса КГБ генераллари, СССР деб ёзилган кийимдаги космонавт ва бир қатор КПСС номенклатураси вакилларини кўришимиз мумкин. Тилл Линдеман эса ўша пайтдаги ГДР бошчиси, Брежнев билан ўпишишни яхши кўрган Эрих Хонеккерга жуда ўхшаб кетади… Бу саҳна бизга очиқчасига Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Германия ташқаридан бошқарилганлигига шама қилади.

Кейинги саҳнадаги қуролланган хипписифат одамлар, булар, менимча, Германияда (ФРГ) 70-чи йилларда кучайган сўл радикалчи террористик ҳаракат RAF (Rote Armee Fraktion)ни ифода этишган. Кўпчилик клипни шарҳлаганлар уларни Германиянинг либераллашуви, жамиятда гей ва трансларнинг эркинлиги, деб ифода этишибди. Йўқ, улар аниқ ўша машҳур ташкилот RAF’нинг вакилларини ифодалашган. Чунки бу ташкилот ўз вақтида банкларга қуролли ҳужум, 34 та қотиллик, одам ўғирлаш ва бир қатор портлашлар билан боғлиқ террактларда айбланишган.

5 дақиқада клипдаги ээээнг провакацион саҳнага етиб келамиз. Бунда бизга футуристик интерьерда туғруқ хонасини кўрсатишади, воқеалар, аёнки, келажакда содир бўлмоқда. Яна ўша қора танли Германия опамиз ҳомиладор ва католик Кардинал туғруқни қабул қиляпти. Хонада мавжуд бўлган хайвонларга қарасак — мол ва қўйлар… Бу яққол Исо (Исус Христос)нинг туғилишига шама, чунки у ҳам Евангелияга кўра мол, қўйларнинг олдида туғилган. Лекин опа кучукларни туғади… Буни нима деб шарҳлашга ҳам ҳайронсан. Кейин опа космик тобутда осмонга учиб кетади… Бунда балки хозирги пайтдаги Германиядаги демографик кризисни тасвирлашгандур, Ангела Меркелнинг аҳоли сонини мигрантлар ҳисобига ушлаб тургани, тобутдаги Германия эса Германиянинг ўлиб бораётганини англатади.

Хуллас, бу қўшиқ ва клипни икки қатор сўз билан, яъни қўшиқ нақорати билан ҳам ифодалаш мумкин:

Германия — юрагим олов ичра ёнар,

Германия — Сени севгинг қарғиш ва дуо…

Хулоса

Бу клип ва қўшиқ жуда кучли провакация. Уни бир хилда Консерваторлар ҳам, Либераллар ҳам танқид қилаётгани бежиз эмас. Кимдур Рамштайнни маданий Марксизм ва толерантликни ёйишда айбласа, бошқалар нацизм пропагандасида айблаши мумкин. Энди тасаввур қилинг, агар клипда қора танли аёл ўрнига сариқ сочли, кўк кўзли немис аёли Германия ролини ижро этганида нима бўлар эди? Нима деб ўйлайсиз, қанча вақтда бу группани тошбўрон қилиб ташлашар эди?)) Ҳамма оммавий медиамайдонларда клип тақиқланиши аниқ эди. Менинг буларни хурмат қилган тарафим шундаки, ўз фикрини, уларни қийнаётган ижтимоий муаммолар-у, тарихдаги қора доғларни кўрсатиб беришяпти. Буюк аждодлари билан фахрланавермасдан, тарихидаги қора кунларни ҳам очиқ-ойдин кўрсатяпти. Либерализм кучли бўлган ғарб аудиториясига уларнинг позициясига тўғри келмаса-да, ўзи тўғри деб билган ғояни шундай йўл билан, клипда Германия ролида қора танли аёлни ўйнатиб қилинган айёр йўл билан бўлса-да, ўз фикрини олдинга суряпти. Энг қизиғи, либералларга тупуриб, консерваторларга қучоқ очгани йўқ, иккала тарафни ҳам иккиюзлама сиёсатига аччиқ қалампир сепиб, юзларига ойна тутяпти. Бунга қойил қолмасдан иложи йўқ.

Бизнинг эски, янги ва энг янги тарихимиз ҳам жуда аянчли даврларни бошдан кечирган. Амирларнинг тарқоқлиги, Россия Империясининг босқини, зиёлиларимиз қатағони, Туркистон мухториятининг гўдаклигидаёқ бўғилиши, Усмон Носир, Чўлпон каби хақиқий буюк сиймоларнинг қонини ерга сачраши… Биз эса уларни унутгандаймиз гўё сўнги пайтлар.

Мустақилликдан кейинги қўрқувга бой, сўз эркинлиги бўғилган сиёсат, ҳаётда бошқа нарса, ТВ да эса бошқа. Халқ кўзига чириб кетган тизимни «мусаффо осмон» деб кўрсатилиши каби… Биз эса «бизда бори қайда бор, бизда ёшларга яратилган имкониятлар дунёни хечбир мамлакатида йўқ», деб, энг қизиғи, ўзимиз шунга ишониб гапириб юрдик. Ҳеч қачон тарихни сунъий равишда ёрқин рангларга безамаслик керак. Уни борича қабул қилишни ўрганайлик.

P.S. Мақола интернет манбалари ва шахсий фикрлар асосида ёзилди.

Клипни кўрмоқчи бўлганлар учун:

Нурбек Алимов

2 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.