Танқидларга танқидий муносабат

Швецияга янги келган пайтларимда бир шаҳарчада мактабда ўқитувчи бўлиб ишлагандим. Ўшанда ақли ривожланмай қолган бир қизга дарс бергандим. Швецияда ақли заифларга алоҳида махсус ўқитувчи тайин қилинади. Бу қизга ҳам бир ўқитувчи тайин қилинганди. Мен эса фақат она тилидан дарс ўтардим. Бир куни жаҳли чиқиб, махсус ўқитувчининг қўлини қаттиқ тишлаб олган ва ўзини итариб йиқитиб юборган. Ўқитувчи яхшигина лат еган ва бир неча кун мактабга келолмаган.

Шу ишни текшириш учун катта шаҳардан комиссия келганди. Қизнинг ўқитувчилари фақат иккита — ўша махсус ўқитувчи ва мен эдим. Табиийки, қиз ҳақида мендан сўрашган эди ва мен шундай жавоб бергандим:

— У билан муомалада ўта эҳтиёт бўламан. Қандай тушунтирсам экан, худди машинанинг тезлигидек. Учинчи тезликда мотор тортолмаса, дарҳол иккинчи тезликка олинади, акс ҳолда ўчиб қолади. Бу ўқувчи билан ҳам худди шундай йўл тутаман. Ҳеч қачон дарсингни бажармаяпсан, демайман. Ҳар доим зўр қиляпсан, энди мана буни ҳам қилсанг, ундан ҳам зўр бўлади, дейман.

Бунга жавобан комиссия раиси:

— Жуда тўғри йўл тутар экансиз. Бу қиз эмас, ҳатто менга нисбатан ҳам шундай муомала қилинишини истайман. Шундай муомала қилинмаса, менинг ҳам жаҳлим чиқади, — дея махсус ўқитувчининг ўзини айбдор, деб топганди. Унинг, мен программа бўйича иш олиб бордим, унга яхши бўлишини истадим, ўз бурчимни адо этдим каби важларини инобатга олмаганди…

Назаримда юртимиздаги ҳолат худди мана шу ақли заиф қизнинг айнан ўзи. Чорак аср мобайнида турли хил зарбаларга учрайвериб, жисми ҳам, ақли ҳам моматалоқ бўлиб кетган. Энди уни тузатиш, даволаш осон кечмайди… Танқид зарур. Фақат у ўринли бўлсин, ҳақоратга, ерга уришга, устидан кулишга айланиб кетмасин. Менинг назаримда ўринли танқид ижобий тарафларни санаб ўтиш ва уларни олқишлашдан бошланади. Кейин салбий тарафлар ҳам айтилиб, уларнинг ижобий жиҳатдан оғир келаётгани далиллар билан чиройли тарзда исботланади.

Мен элга хизмат қиладиганларни икки тоифага ажратаман:

1. Мансабпараст, шуҳратпараст, обрўпараст тубан одамлар;

2. Халқ учун нимадир қилишни чин дилдан истайдиган софдил одамлар.

Танқид ўринли ёки ўринсиз бўлишидан қатъи назар, биринчи тоифадагиларга таъсир қилмайди. Танқиддан оладиган бор фойдалари жиноятларимни яшириб қилишим керак экан, деган хулосага келиши бўлади холос ва айни пайтда танқидчига нисбатан ичида адоват пайдо бўлиб, қандай қилиб бўлмасин, ўч олиш пайига тушадилар.

Иккинчи тоифадаги софдил одамлар эса ўринли танқиддан тўғри хулосалар чиқариб, кўп фойда оладилар. Ўринсиз ёки ерга уриш, устидан кулиш ва ҳақоратга айланиб кетган танқидлардан эса юраклари безиб, кўп ҳолларда халқ хизмати учун кейинги қадамни ташлашга журъат қилолмай қоладилар.

Мен мақсад нималигини тушуна олмаяпман. Агар мақсад кимнингдир устидан кулиш, уни ерга уриш, обрўсини тўкиш бўлса, бемалол давом этавериш мумкин. Бу жиҳатдан ишлар аъло даражада кетяпти, дейилса ҳам хато бўлмайди. Аммо агар мақсад вазиятни ўнглаш, даволаш, тузатиш бўлса, юқорида айтиб ўтилган ақли заиф қизга қилинган муомаладек ўта эҳтиёткорлик билан, ҳар бир сўзни тарозига солиб, ундан кейин танқид қилиш мақсадга мувофиқ бўлса керак, деб ўйлайман.

Танқид ўринли, таъсирли, самарали бўлиши учун тадаббур билан Қуръон тиловат қилиш, тавба, истиғфорни канда қилмаслик, нафл намоз ўқиб, Аллоҳдан сўраш ва ўзини танқид қилинаётган одамнинг ўрнига қўйиб кўриш каби ишларни тавсия қиламан.

Аллоҳ қалбларимизни бирлаштирсин, бизни бир-бирини нозик тушунадиган, қадрлайдиган, эъзозлайдиган ва бир-бирининг хато-камчиликларини кечирадиган бир уммат айласин.

Муқим Маҳмуд

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *