Танганинг иккинчи томони: Бизни кечиринг, Ўзбекнинг оналари!

Жаннат оёғингиз остида дедик…
Дунёда оналар ҳақида энг жўшқин ва энг ларзали, оташин ҳамда оҳанграбо сўзларни кўп айтганлар беллашуви бўлганда, табиийки, Ўзбек ғолиб чиққан бўларди. Онаси ҳақида гап кетса, йўлларига поёндоз тўшашини, қўлларига гард юқтирмаслигини, егани олдида, емагани ортида каби шароит қилиб қўйганини гапириб кўкракка урадиган яна бошқа ким?

Шоири йўқки бу элнинг, онаси ҳақида шеърлар, достонлар битмаган бўлсин. Ҳофизи йўқки бу элнинг, Онам деб дилўртар қўшиқлар куйламаган бўлсин. Сиёсатчиси йўқки бу элнинг Она ҳақида жўшиб-жўшиб гапирмаган бўлсин. Ўғлони йўқки бу элнинг, Онам, деб мағрурланмаган бўлсин.

Ҳа, дунёдаги ҳамма яхши калималар ўзбек онасининг бошига қўнган. Лекин субҳи косибдан кун тиғга келганда ҳам, оламлар Хуршиди ёнбошлаб шафақ қонталаш бўлганда ҳам пахта даласида, ғўзалар орасида эмаклаб қолгудек ҳолда букилган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Тандирига ўтин ташлаб, хамирига ун тополмай ноласини кўксига кўмиб, мардикор бозорига чиқиб кетган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Қиш чилласида совуқдан дилдираган, саратонда иссиқдан мўлтираган болаларига қараб, эрта бир кун жаллод қўл уларни ҳам бағримдан узиб кетмасмикан, деб хун бўлган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Боласининг қарашлари ва ёхуд ўзининг Аллоҳга инонгани, билиб билмай икки оғиз ҳақ гапни айтиб қўйгани учун зиндонбанд этилган, хокисор бўлган Ўзбекнинг онаси эмасми?

Дардлар исканжасида қолган Онаизор бу номард оламни тарк этгач, орқасидан заминни титратган каби уввос соладиган эса Ўзбекниг боласи эмасми? Аммо бу кечиккан садо Онаизорнинг лахта қонга айланган қалбига етиб борармиди?
Қабристонга югуриб мармар тошлар тиклаган, ҳар уч кунда бир маърака қилиб Онам, деб бўзлаган ҳам Ўзбекнинг боласи эмасми?

Шўролар даврининг емирилиш кунларида Ўзбекистон қишлоқларида яшаган оналарнинг 80 фоизи қамқон эди. Оналар ва болалар ўлими бўйича Ўзбекистон дунёда сарбон эди. Хаста оналарни даволаш, болаларини асраб қолиш ҳақида ваъзлар айтилардию, амалда бурчак бурчакларда бир мушт бўлиб ўтирган оналарни кўрар кўзлар кўр эди..

Бугун эса, бир пайтлар ошкор бўлган рақамлар ҳам сир. Оналарнинг хасталиги ҳам давлат сири. Хастахоналар эшигида юрагини ғижимлаб қолаётган, қўлида бир нарсаси йўқлиги учун жарроҳ амалиётга олмаганда умидлари тилим-тилим бўлаётган, беш танга топмагани учун китобсевар боласи олийгоҳга киролмаганидан кўзларининг қорачиғи эриб сел бўлган, энг сўнгги чора ўлароқ ўз ўзини ёқиб юбораётган, даҳшатли кунларига исён сифатида ўз ўзини осиб қўяётган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Бангивор ташиб Деҳли қамоқхонасида ётган, олис Бангладешда ҳибсга олинган, Бирлашган Араб Амирликлари зиндонида изтироб чеккан, Руссияда оддий русларнинг остонасида қул бўлиб, чўрилик қилган, ўз боласи уйида қолиб Ғарбда болабоқарлик ёки кексабоқарлик қилган ҳам бугунги Ўзбекнинг онаси эмасми?

Поездларда темир устида ётган, сассиз-сассиз ингранган, қўналғаларда тунларни тонгга улаб киприклари санчиққа айланган, изғиринда нимчасига ўралиб қалтираган, қорли қировли кунларда қордан ҳам оқариб кетган бошига баъзан боғлайдиган рўмолча ҳам тополмаган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Тетапоя қилиб, минг азоб, минг уқубат ичида улғайтирган боласини “ҳа” йўқ, “бе” йўқ, миршаблар олиб кетса, уравериб ичакларини эзса, қовурғаларини синдириб, руҳини синдирса, тирноқларини сўкиб олса, яна сим-сим йиглайдиган Ўзбекнинг онаси эмасми?

Ўғлини уйли қилса, “Келинимнинг олдида тили қисиқ бўлмасин”, деб ташвишини енг ичига оладиган, қизини узатса “Куёвимнинг қўлига қараб қолганда”, дея изтиробини ичга ютган, ўзи киядиган кўйлагидан ўқувчи боласига жилд тикиб берган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Бугун юртбоши маслаҳатчилари, ҳукумат вазирлари, вилоят ва туман ҳокимлари, сиёсатмадорлар орасида ҳам кўзга ташланмайдиган зот бу Ўзбекнинг онаси эмасми?

Олима бўлганлари олмонда сарсон, отина бўлганлари оламда сарсон. Динга ишонгани диёнат кўчасида хор, элга инонгани адолат сўқмоғида зор. Юраклари ҳил-ҳил, орзулари чил-чил, хаёллари мил-мил бўлган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Сариқликдан сарғайган, ночорликдан нотавон, нонини топса шакарини топмаган, ёғини олса, гўштини ололмаган, ишлаб-ишлаб маошсиз қолган, қадриятига йиғлаб, қадрига йиғлай олмаган Онаизор учун нима қилдик, деб бир ўйлаб кўринг-а? Баландпарвоз мақтовлар салтанатидан дардлар водийсига иниб юқоридаги каби саволларни бир такрорлаб кўринг-а, ажабмаски, тош каби қотган қалбингизда бир нарса йилт этса?!

Ўрнингиз бошимиз устида дедик,
Оёқлар остида қолиб кетдингиз,
Жаннат оёғингиз остида дедик,
Жаҳаннам бағрида ёниб кетдингиз!

Бизни кечиринг, Ўзбекнинг оналари…

Жаҳонгир Муҳаммад

6 комментариев

  1. Бир маколани ичида бутун бир жамиятимизни мустакилликдан то шу кунгача босиб утгандаги муаммолар жой олибди… Тасанно, Жахонгир ака! Мана шунга ухшаш маколани ким ёза олади Узбекистонда? Бармок билан санарли… Хурмат ва Эхтиром килинадиган орденли ёзгувчи ноширларимиз эса 25 йил давомида уз туккан оналари ёинки Узбекнинг оналаринг муаммолари тугрисида маколада ёзиш билан эмас, балки кимларнидир Улуг ва буюклигини миямизга онгимизга сингдириш билан машгул булдилар! Тааажабки бу кунда улар жимлар… 25 йил жимликка чорлаган ёзгувчи Маддох, Луттибоз, Иккиюзламачи, Такаббур кимсалар Бу кунда мум тишлаганлар!!! Гапирингларей соковмисизлар нима бало?! Нима учун килар ишни килиб жимгина утиргани виждонларинг кийналмайдими?! Ахир Сизларсиз ку Маънавиятимизни Узбекнинг бутун дунёга донги кетган Таълим тарбиясини чил парчин килганлар! Инсофларинг булса кечирим сурангизлар уз халкингиздан хеч булмаса: улган маънавият учун, отани улдираётган угиллар учун, онани хурлаётган фарзандлар учун, эрта тугиб куйиб боласини сотаётган ёки хожатхоналарга ташлаб юбораётган енгилтак кизлар учун!!! Буларнинг барча барчасида сизлар Маданият ва Маърифат «бузгунчиларинг» жуда хам буюк хиссангиз бордир!!! Бунинг далил ва исботи сиз жанобларнинг олган Кахрамонлик орден ва медалларингиз булади! Олган ордену медалларингизни сочиб ташланг, отиб ташланг! Чунки улар сизларга мана шундай окибатларга сабабчи булганингиз учун берилган!!! Чунки сизлар окни кора, корани эса ок, Жиноятчини Маърифатпарвар, Маърифатпарварларни Хоинлар дедингиз ва Ватандан кувилишига нафакат жимгина туриб бердингиз балки уларни устидан магзава ва бухтонлар тукиб кумаклашиб келдингиз! Ахир хали тириксизларку! Нима учун шу неъматдан фойдаланиб узр сурамайсиз уз Халкингиздан хорланган ва зурланган халкингиз олдида нима учун бир огиз бир калима бизнинг хам айбимиз бор, КЕЧИРИНГЛАР БИЗЛАРНИ! деб айтинглар! Нахотки юзларингиз шунчалик катиб кетган! Нахотки кузларингиз факат долларларни, уй жойингиз, туплаган мол мулкингиз, рохат ва фарогатни куради???!!! Нахотки халкингизни бугунги абгор холатини, Аёллар, Оналаримизн ва Опа-сингилларимизни Ватандан йирокларда хор зор булиб юрганини курмаяпсиз, эшитмаяпсиз?! Нахотки хам яна жим туриб берасиз?! Ахир уларни шу холатга тушишига мана шу кабих ва разолатликни куллаган сиз зиёлилар сабачисизларку!!! Хеч булмаса кеч деганларидек энди булса хам уларни олдида кечирим сураб уларни кайтаришга уз хиссангизни кушинг, бонг уринг, асарлар ёзинг! Эркаклардаги ор номусни аёллардаги ибо хаёни эслатинг! Виждондан бирор катра колдими сиз жанобларда???!!!

  2. Узбекла яна алданвоттилами дея роса фикрлаб ковобман.
    Чунки енги рахбар нукул рокировка кивоттила ю амалий йукде да…
    Уни ишдан ол..буни камаб таше…
    Вилоятладеги хокимпайтавалари булса, халкни сукиб ётибди.
    Ишкилиб сув тепадан лой бумасинде…

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *