Таназзул ибтидоси

Бугун Nuz.uz сайти бир гуруҳ ота-оналарнинг Тошкентнинг Юнусобод туманидаги 80-мактабда ўқитувчилар етишмаслиги сабабли фаррош ва кутубхоначилар, бошланғич синфларда эса юқори синф ўқувчилари дарс ўтаётгани тўғрисида Президент Шавкат Мирзиёевга очиқ хатидан иқтибосларни эълон қилди.

“Ўқитувчиларнинг оммавий ишдан бўшаши машғулотларнинг ўқув йили ўртасидан узилиб қолишига олиб келмоқда, — деб ёзади ота-оналар. – Фарзандларимиз дарсларни бўш синф хоналарида ёки мактаб ошхонасида ҳеч қандай билимларни олмасдан ўтказишмоқда. Бошланғич синфларда эса ёки юқори синф ўқувчилари ёки фаррош, ёхуд ота-оналардан бири ўтказиб, болалар билан бирга ўтиришга мажбур бўлишмоқда, чунки болаларни назоратсиз ёлғиз қолдириш барча хавфсизлик нормаларига тўғри келмайди”, — дейилади мактубда.

Бу муаммо аллақачон «иситмасини» ошкор қилган, бироқ мутасаддилар томонидан хаспўшланиб, ёлғонга чиқариб келинмоқда. Яра модда бойлаб, хавфли ўсмага айланмоқда. Инкор этилган касалликнинг бошқа асорат ва аломатлари юзага чиқаяпти. Муаммолар кўлами янада кенгайиб, мактаблар педагогларга эҳтиёж сезяпти, болаларга дуч келган одам дарс ўтишига йўл қўйилмоқда. Ўқитувчиларга бўлган ўта салбий муносабат, уларнинг вазифасидан ташқари ишларни қилишга мажбурлаш, ишлаш, дарс ўтиш ўрнига қоғозбозликка, тадбирбозлик, мажлисбозликка жалб қилиниши, ойлик-маошларнинг шармандали равишда кам экани ва бошқа муаммолар сабаб ўзини ҳурмат қилган, ақлини таниган ва бошқа иш қилиш, ҳеч бўлмаса сотувчилик ёки мардикорчилик, чет элга кетишга кўзи етганлар ишдан бўшамоқда. Мактабларда орқасида кимдирлари бор, бошқа иш қўлидан келмайдиган ёки умрини, ҳаётини шу касбга бағишлаб, болалар, юрт келажаги учун ҳар қандай таҳқирга чидаб келаётган фидойи ўқитувчилар қолмоқда холос. Куни кеча самарқандлик дўстим қўнғироқ қилиб қолди. Иш сўради, бирор интернет сайтида гонорар тўлайдиган иш йўқми, битта мактабга иш сўраб боргандим, ойлиги икки юз минг экан, етти соат дарс бериб, куни билан мактабда бўлишинг керак, дейишаяпти, дейди. Унинг айтишича, бир таниши бундан кўпроқ ойлик берадиган ишни тавсия қилибди. Услубчилик. Ойлиги олти юз минг атрофида. Бироқ югур-югури кўп, ишдан кечки ўнларда чиқамиз, ойликнинг ярми иш жараёнида сарфланар экан, тоқати тоқ бўлгани, бирор номзод чиқса жон деб бўшашини айтибди.

… Яна пахта масаласи. Кеча бир йиғилишда Жиззах вилояти прокурорига савол беришибди: ўқитувчилар пахтага чиқадими? Прокурор овозини пасайтириб: “чиқмаса чиқишмасин, лекин ўрнига одам чиқартиришсин”, дебди. Арзимаган ойлик учун шунча босимларга чидаб, энди пахта териш учун одам ҳам ёллаши, унинг барча харажатларини кўтариб, терган пулига қўшимча пул ҳам бериши керак. Додини кимга айтсин ўқитувчи?!

Афсуски, Президентнинг ўқитувчилар обрўсини юксалтиришга бағишланган қарори имзолангани, вазиру ҳокимлар ўқитувчилар мажбурий ишларга жалб этилмаслиги ҳақида баёнотлар берилганига қарамасдан жамиятда ўқитувчига бўлган муносабат ҳамон заррача ўзгаргани йўқ. Бу нималарга олиб келишини ҳамма ҳам яхши тасаввур қила олади: илмсизлик, саводсизлик, жоҳиллик, тор дунёқараш ва охир-оқибат маънавий таназзул. Таназзул ёқасида турибмиз, ундан узоқлашиш ва халос бўлиш учун биринчи навбатда ўқитувчининг мақомини, ҳурматини, обрўсини, маошини ошириш, ўзига, касбига, келажагига ишончини қайтариш, ҳар бир педагогни давлат ҳимоясига олиш, ўқитувчиларнинг масъулияти ва жавобгарлигини қонун доирасида адолат билан кучайтириш, бир сўз билан айтганда бу борада инқилобий ислоҳотни амалга ошириш зарур. Акс ҳолда…

Санжар Саид.

7 комментариев

  1. Жуда унчалик емасдур. Хар йили неча неча студентлар институтни тамомлашади.мактабларда укитувчилар етарликку. Мани 2 та углим иккита мактабда укийди. Укитувчилари етарлидадам купку

  2. Yaxshi ta’lim berilmasligi va o’qituvchilarning yiqligiga sabab maoshning kamligi. Bu haqda ham kimdir o’ylab kursa bulardi. Har qanday inson yaxshiroq ta’lim olishni xohlaganidek undan ham kuproq yaxshi yashashni xohlaydi.

  3. Давайте уточним, что такие случаи были периодически в прошлом году. При старом директоре, Халмуминовой Б. М. В данный момент, педагогический состав полностью укомплектован. Давайте не вырывать слова из контекста, РайОНО Юнус Абадского района решило вопрос. Директор назначен. Все у нас хорошо. Дети в родных стенах.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *