Тан олинмаган, машҳур Владимир Высоцкий

Исёнкор руҳимиз қўлга ўрганмайдиган бўрига ўхшайди. Бўрининг зўри эса Владимир Высоцкий эди. Высоцкий тирик бўлганида бугун 80 ёшга кирган бўларди.

Болалиги

Владимир Высоцкий 1938 йил 25 январ куни Москвада туғилди. Болалиги коммунал уйда ўтган Высоцкий хотирлайди: «38 хонадон ва битта ҳожатхона». Высоцкийнинг отаси ҳарбий алоқачи Семён Владимирович (1915-1996), Онаси Нина Максимовна (1912-2003) немис тили таржимони бўлган. 1947 йилда улар ажрашгач, хизматга юборилган отаси ва ўгай онаси Евгения билан Германияда икки йил яшади, ўша ерда пианино чалишни ўрганди.
1955 йилда мактабни тугатган Высоцкий Москва инженерлик қурилиш институтига кирди ва бир семестр ўқиди.

Ёшлиги

1956-1960 йилларда Высоцкий МХАТнинг актёрлик мактаби талабаси бўлди. 1959 йил «Жиноят ва жазо» ўқув театрида биринчи ролини ижро этди. Ўша йили кинода ҳам тушди («Тенгдошлар»да эпизодик роль).
1- курсда Высоцкий Иза Жукова билан танишиб, 1960 йилда унга уйланади. 1965 йилда «713-қўнишга рухсат сўрайди» фильми суратга олинаётганда Высоцкий Людмила Абрамова билан танишиб қолади ва унга уйланади.
Высоцкий 1- шеърини 1953 йилда яқинда ўлган Сталин хотирасига ёзган.

Қўшиқлари

Дастлабки қўшиқлари эса 1960 йилда пайдо бўлган. Биринчиси «Татуировка». Айнан Высоцкий қўшиқлари билан санъатда «Блатной қўшиқлар», яъни «Ўғриларнинг қўшиқлари» жанри пайдо бўлган. Шундан кейин театр ва кинода роллар ижро этса-да, шеър ёзиб, қўшиқ қилиб битта гитарада куйлаш, «Монолог-концерт»лар бериш унинг ҳаётдаги асосий ишига айланди.
1964 йилда Владимир Высоцкий Юрий Любимовнинг комедия театрига ишга олинди ва умрининг охиригача шу театрда ишлади. Ўша йили биринчи марта Высоцкий кинофильм учун қўшиқлар ёзди.
1967 йил Высоцкий келиб чиқиши руслардан бўлган француз актрисаси Марина Влади билан танишди ва 1970 йилда Марина Высоцкийнинг учинчи хотинига айланди.
1968 йилда Высоцкийнинг 1- пластинкаси сотувга чиқади.
1969 йилда биринчи марта ўлим хавфи Высоцкийнинг ҳаётига чанг солади. Врачлар 18 соат томоғида қон томири ёрилиб кетган Высоцкийнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун курашадилар.
1971 йилда Таганкада «Гамлет» спектакли намойиши бўлади ва Высоцкий ўзига машҳурлик келтирган Гамлет ролини ижро этади.
1972 йилда Эстония телевидениесида, «Таганкадан келган йигитча» кўрсатувида Высоцкий биринчи марта совет телеэкранида пайдо бўлади.
1975 йилда Высоцкий тириклик чоғида биринчи ва охирги марта унинг шеъри босилади. Йил адабий-бадиий тўпламига  унинг «Йўлдаги кундаликдан» шеъри киритилган эди.
1978 йилда Высоцкийга «Олий тоифали эстрада қўшиқчиси» мақоми берилади.
Высоцкий СССР ва чет элларда 1000 дан ортиқ концертлар берди. Ҳатто АҚШда ҳам.

Сўнгги кунлари

Высоцкий ноҳақликлар ичра яшаб, ижод қилди. Уни ишга олишмас, роль беришмас, энг ёмони, қўшиқларини чиқаришмас, чет элга чиққани рухсат беришмас, кўп танқид қилишар, хуллас, эркин ижод қилгани қўйишмас эди. Бир қанча фильмларда у ролга тасдиқланар, аммо «тепа»дан уни олиб ташлашарди. Булар санъткорга салбий таъсир этмай қолмасди. Тушкунлик чоғларда Высоцкий ичкиликка берилди. Бунинг оқибатида эса баъзан буйраги, баъзан юраги «ушлаб қоладиган» Высоцкийни ҳаётга қайтариш учун врачлар наркотикларни қўллашарди. Шундай қилиб, Высоцкийнинг ҳаётида етмишинчи йилларнинг охирига келиб ароқнинг ўрнини морфий эгаллади ва унинг дозалари ҳам ортиб борди.
Марина Влади Высоцкийни даволатиш учу кўп уринди, афсуски, самараси бўлмади. Высоцкий 1979 йилнинг 25-июлида Самарқандда, саҳнада «ўлиб қолди». Тўғридан-тўғри юрагига қилинган укол шарофати билан «тирилди».
1980 йил Москвада Олимпиада бўлди. Шу сабабли наркотикларни топиш қийинлашди. 1980 йил 16 апрелда Высоцкий концертларини сўнгги марта тасвирга олишган. Бу концерт Ленинградда бўлган ва унда Высоцкий ўзининг машҳур «Асов отлар», «Гумбазлар», «Бўрилар ови» каби қўшиқларини ижро этган ва ўз ижоди ҳақида ҳикоя қилган. 1980 йил 2 июнда Калининграддаги сўнгги концертларидан бирида саҳнада аҳволи ёмонлашган. 3- июлда Москва вилоятидаги концертда аҳволи яхши бўлмаган, аммо бир ярим соат ўрнига икки соат концерт берган. 14-июлда сўнгги қўшиқларидан бири «Менинг қайғум, менинг соғинчим»ни куйлаган. 18 июлда ўзининг севимли роли Гамлетни сўнгги бор ўйнган.
Самарқанддаги “ўлими”дан роппа-роса бир йил ўтиб, 25 июль куни ўзининг Москвадаги уйида, уйқусида бу дунёни тарк этган. Ёнида, ўша, Самарқандда юрагига укол қилган дўсти, шахсий врачи Анатолий Федотов бўлган. Ўша куни Высоцкий дарддан қаттиқ азоб чеккан. Охирги сўзини онасига телефонда айтган: «Онажон, бугун мен ўламан!»
Уйқу дори билан зўрға ухлаган ва … тонгга яқин юраги тўхтаган.

Москвада

Ёзги Олимпиада ўйинлари бўлаётган эди. Владимир Высоцкийдек машҳур санъаткорнинг вафоти тўғрисида тузук-қуруқ хабар ҳам берилмади. «Вечерняя Москва» унинг ўлганини ва қачон дафн қилинишини ёзди, «Советская культура» кичик некролог берди. Бўлди. На матбуот, на радио, на телевидение Высоцкий ҳақида «миқ» этмади.
Высоцкий ишлаган театр кассаси устига битта эълон ёзиб қўйилди: «Актёр Владимир Высоцкий вафот этди».
Аммо Таганкадаги театр майдони бир неча кун давомида одамлар билан лиқ тўлди. Дафн маросими куни яқин-атрофдаги бинолар томларигача одамга тўлиб кетди. Ўша кунлари учун сотилган бирорта билет қайтариб топширилмаган, одамлар уни табаррук нарса сифатида ўзларида олиб қолишган.
28-июль куни Владимир Высоцкий Ваганковский қабристонига дафн этилди. Высоцкийни бутун Москва кўмди. Олимпида бўлаётган стадионлар ҳувиллаб қолди. «Қиролларнинг, шаҳзодаларнинг дафн маросимини кўрганман, аммо бунақасини кўрмаганман», деб айтган эди Марина Влади қабристонга бораётиб.
Ҳукумат эса Высоцкий вафотидан телбаларча қутурди. Уни  «ими-жими»да кўмиб юбориш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди. Москва ўша кунлари ёпиқ шаҳар эди. Высоцкий билан видолашиш истагидаги одамлар оқими эса, … Кремлдан бошланган эди. Кремль олдидан тобутни олиб ўтишни ўзларига шармандалик деб билган ҳукумат аъзолари усталик билан тобутни туннел орқали жўнатиб юборишади. Театрга илинган Высоцкий портретларини уриб синдиришади. Минглаб одамлар ушлаб турган гулларни кўриб, нафратланган ҳукумат вакиллари кўчаларга сув сепадиган машиналарни олиб келишиб, одамларни сув билан ҳайдамоқчи бўлишади.
− Фашистлар! Фашистлар!
Бу ҳайқириқлар тасвирга олинган кадрларни бутун дунё кўрди.

Шеърлари, қўшиқлари

Каримберди Тўрамурод:
Высоцкий 1000 дан ортиқ шеърлар, 600 га яқин қўшиқлар, болалар учун поэма ҳам ёзди. Кўпгина қўшиқлари фильмлар учун ёзилди. Аммо кўплари «тепадагилар»нинг антипатияси туфайли фильмларга кирмай қолди.
Высоцкий куйга солмаган мавзуни қидириб топиш мушкул. «Блатной» қўшиқлардан тортиб, лирик қўшиқларгача, сиёсий қўшиқлардан тортиб, ҳажвий қўшиқларгача куйлаган санъаткор ҳатто эртак-қўшиқлар ҳам куйлаган. Унинг асосий қўшиқлари «Қўшиқ-монолог»лар эди. Аммо у бир актёр ижросига мўлжалланган «Телевизор олдидаги диалог» каби «Қўшиқ-спектакллар» ҳам ёзган.
Высоцкий кундалик ташвишлар ҳақида, уруш мавзусида, ишчилар, халқлар тақдири ҳақида ёниб куйлади. Бу унга мисли кўрилмаган машҳурлик олиб келди. Ундаги самимий ва оташин «Мен» одамларда буюк бир ишончни уйғотди. Одамлар Высоцкий айтаётган ҳар бир қўшиқни унинг ўз ҳаётида содир бўлган воқеа деб ишонишди. Шунинг учун одамлар Высоцкийнинг ўғри бўлганига ҳам, изқувар, альпинист, ғоввос, учувчи бўлгани-ю, космонавт, ҳатто уруш қатнашчиси бўлганига ҳам ишонишди. Шунинг учун барча касб эгалари уни «ўзимизники», деди.

Насрий асарлари

Высоцкий «Уйқусиз ҳаёт» ҳикоясини, «Шунақа бўлиб қолди» деган асарини ёзганди. «Марказ қаерда» сценарийсини, «Қизлар ҳақида роман»ни ёзган эди. Роман тугатилмаган. Э.Володарский билан «Вена таътиллари» киноқиссасини ёзган. «Қора шам» асарининг иккинчи қисми муаллифдош Л.Мочинский томонидан ёзилган.

Кино

Высоцкий 30 дан ортиқ фильмда суратга тушди. Кўпроқ фильмларда унинг қўшиқлари янгради. У жуда кўп фильмларда қолган бўларди, афсуски тасдиқланган ролларини ҳам ўйнай олмади, «тепа» йўл бермади.
Высоцкий биргина мультфилмда овоз берган – «Зумрад шаҳар сеҳргари».
Машҳур «Сеними, шошмай тур!» мультфилмидаги Бўри ҳам Высоцкийнинг «бўриёна» овози билан тарихда қолган бўларди, афсус, яна «тепа»…
− Высоцкийдан бошқа актёр йўқми, шундай катта СССРда?! − деб ўшқирарди «тепа» режессёрларга.
Высоцкийнинг биринчи режессёрлик иши бўлиши керак бўлган «Яшил фургон»нинг сценарийси ҳам унинг ҳаммуаллифлигида ёзилган. 1975 йилда ишланган «Бурж белгилари» реклама фильми муаллифи ҳам Высоцкий эди. Барча буржлар ҳақидаги қўшиқларни Высоцкий ёзган ва ижро қилган эди. Айнан шунинг учун ҳам ғаши келган «тепа» бу фильмни ҳам бошида қабул қилмаган.
Кинодаги машҳур роллари капитан Жеглов («Учрашув жойини ўзгартириш мумкин эмас»), Максим («Қисқа учрашувлар»), Володя («Вертикал»), Брусенцов («Икки ўртоқ хизматда») ва бошқалар.

Хотинлари ва болалари

Иза Высоцкаяга 1960 йилда, Людмила Абрамовага 1965 йилда, Марина Владига 1970 йилда уйланди. У билан то умрининг охиригача бирга яшади ва севимли инсони бўлиб қолди.
1962 йилда туғилган ўғли Аркадий актёр ва киносценарист. 1964 йилда туғилган ўғли Никита ҳам театр ва кино актёри, режиссёр.

Пластинкалари

Высоцкий ҳаётлигида 7 тагина кичик пластинка чиққан ва уларга санъаткорнинг 4 тадан ортиқ қўшиғи сиғмаган.
1978 йилда «Мелодия» фирмаси экспорт учун Высоцкийнинг биринчи катта пластинкасини чиқарган. 4 та катта пластинкада Высоцкий иштирокидаги спектакллар ёзиб чиқарилган.
Вафотидан кейин «Владимир Высоцкий концертларида» туркумига кирувчи 21 та катта пластинкадан ташкил топган улкан хазина ёзиб чиқарилди ва миллионлаб нусхада сотилиб кетди. (Бир нусхасини Москвада уч соат навбатда туриб сотиб олиш ушбу сатрлар муаллифига ҳам насиб қилган…)

Машиналари

Владимир Высоцкий машинани тез ҳайдашни севар, кўпинча соатига 200 км. тезликда ҳайдар эди. Шунинг учун кўп авария қилар эди ҳам.
Высоцкийнинг биринчи машинаси 1967 йилда сотиб олган кулранг «Волга ГАЗ-21» эди, узоққа бормади, Высоцкий унинг пачоғини чиқарди. 1971 йилда СССРда биринчилардан бўлиб, ВАЗ-2101 сотиб олди ва бир неча мартагина ҳайдалган машинанинг абжағини чиқарди.
Марина Влади Высоцкийга Париждан «Рено» олиб келди. Высоцкий эса уни ўша куниёқ олиб бориб, автобусга солди. Тузатишиб, шу машинада Москвадан Парижгача сайр қилишган Высоцкий ва Марина Влади уни Парижда сотиб юборишди.
1974 йил Высоцкий Германияга концерт бергани борди ва у ердан 2 та BMW машиналарини олиб келди, кулранг ва жигарранг. Жигарранги ўғирлаб сотилган экан. Интерпол ушлаб, Германияга қайтарди.
1976 йилда Высоцкийда биринчи «Мерседес» пайдо бўлди. Бу СССРда биринчи бўлиб қайд қилинган «Мерседес» эди. Иккинчиси … Брежневда эди.
Марина Влади эри учун Франциядан 10 та машина олиб келди. Аммо ўша вақтнинг қоидасига кўра, йил охирида у машиналар СССРдан чиқариб кетилиши шарт эди. Шунинг учун ҳам Высоцкий бу машиналарнинг ҳеч бирини бир йилдан ортиқ ҳайдамаган.
1979 йил охирида эса Высоцкий Германиядан 2 кишилик «Мерседес» спорт машинасини олиб келди. Аммо Москвагача етиб келмади, машина шўрлик. Олимпиада учун қурилаётган Москва-Брест магистралида 200 км/соат тезликда келаётган машина йўлдан чиқиб кетиб, ариққа бориб тушди. Бу машинанани Высоцкийниг вафотидан кейин тузатишди. Аммо шу кўйи машинани устахонадан ҳеч ким олиб кетгани йўқ.

Китоблар

Владимир Высоцкийнинг юздан ортиқ китоблари миллиондан ортиқ нусхада чоп этилди. Номлари ҳам жарангдор. Высоцкийнинг энг машҳур қўшиқлари китобларга ном бўлди. Высоцкийнинг сайланмалари, тўла асарлар тўпламлари чоп этилди. Насрий асарлари алоҳида, назмий асарлари алоҳида, эртаклари, киноқиссалари алоҳида китоб бўлиб чиқди.
Высоцкий буларнинг бирортасини кўрмади…

Ёд этиб…

Владимир Высоцкий яшаган ва ижод этган йилларда таъқиқлар анча кўп эди. Высоцкий ана шу таъқиқланган мавзуларга «тегиниб» қўяр эди. Ҳақиқатпарвар ва қалбан ҳур бўлган Высоцкийни шунинг учун ҳам халқ севар эди. Чунки Высоцкий халқ дардини саҳнадан баралла айта олар эди. У халқ артисти эди. Аммо айнан шунинг учун ҳам ўша таъқиқларни ўрнатган «зот»ларга ёқмас эди.
2010 йилда ўтказилган «ХХ асрнинг энг машҳур рус кишиси ким?» деган сўровномада Гагариндан кейин Владимир Высоцкий номи зикр қилинган. (Толстой, Солженицынлардан олдин.)
Высоцкийни том маънода ўлимидан кейин тан олишди. 1981 йилда асарлар тўплами «Асаб» чоп этилди. Катта пластинкалари чиқарилди. 1987 йилда эса унга СССР давлат мукофоти беришди. «Тепадагилар». Капитан Жеглов учун.
Жаҳондаги шаҳарларнинг 30 дан ортиқ кўчаси Владимир Высоцкий номи билан аталади.
20 дан ортиқ чўққи ва қоялар, довонлар, дарёларнинг бошланиши, дара ва музликлар Высоцкий номи билан аталади. Ҳатто «Оловли Ер»  архипелагидаги ясси тоғ Высоцкий номи билан номланган. Бир астероид «Владвысоцкий» деб номланган. Бугунги кунда Высоцкий номида театрлар, кемалар, самолётлар, кафелар, ҳатто гладиолус тури ҳам мавжуд. Высоцкий номли бир неча турнирлар ўтказилади. Екатеринбург шаҳридаги 54 қаватли осмонўпар бино ҳам Высоцкий номи билан аталади. Высоцкийнинг бугун 6 та музейи ишлаб турибди. Энг машҳури «Таганкадаги Высоцкий уйи».  Высоцкийга 20 дан ортиқ ҳайкаллар қўйилган. Шунча эсдалик лавҳалари ҳам бор. Чет элларда 4 та ҳайкал қўйилган. Высоцкий шарафига 2 та ёдгорлик медали, 2 та жетон, 4  танга ишлаб чиқарилган. 2 таси чет элда. 1999 йилда Высоцкий почта маркасида акс эттирилган. 2010 йилда «Кук ҳақида қўшиқ» айтган Высоцкий ҳурматига Кук очган Ниуэ  давлатида 2 $ лик танга ишлаб чиқарилди. Унда Высоцкий сурати ва мана бундай матн бор: «Ҳамонки, яшашга улгурмади, куйлашга улгурсин!»
Бугунги кунда Россия адабиётшунослиги, санъатшунослигада «Высоцкийшунослик» тушунчаси мавжуд. Унинг ижоди, фаолияти фан сифатида ўрганилади. Высоцкий ҳақида ёзилаётган китобларни санаш қийин. Бугун у ҳақда, хотинлари, болалари, илмий изланиш олиб бораётган олимлар, дўстлари, … душманлари ёзишмоқда.

1987 йилда Эльдар Рязанов «Владимир Высоцкий билан тўрт учрашув» фильмини суратга олди. Шундан кейин 10 дан ортиқ фильмлар олинди Высоцкий ҳақида.
2006 йилда Высоцкийнинг «Қора шам» романи асосида «Омадли» фильми суратга олинди.

Тўра Мурод

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *