Таълим вазиридан «инновацион ечим»

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов битирувчиларининг бирортаси ҳам ОТМга ўқишга кирмаган мактабларга «ўзига яраша жазо» қўлланилишини маълум қилди. Вазирнинг таъкидлашича, ундай мактаблар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан режалаштирилаётган янги тартибдаги аттестация ва аккредитациядан биринчи бўлиб ўтишади.

Бу, аввало, мактабларда таълим сифатини оширишга ҳаракат ҳисобланади. Таълим сифатини оширишга интилиш жуда яхши ва эътиборни қаратиш керак бўлган зарур ишлардандир. Лекин сифатни оширишни фақат «жазо қўллаш» услублари орқали амалга оширишга ўрганиб қолганмиз. Бу эса ёмон.

Бир кишидан бирор нарса талаб қилар эканмиз, унга фақатгина дағдаға қилиб муомалада бўлиш хато. Аввало, унга етарли шароит ва имконият бериш керакки, талаб қилган нарсамизни биз кутганимиздан-да аъло даражада қилсин, топширсин. Худди шундай, ўқитувчилардан сифатли таълимни, ўқувчилардан чуқур билим олиб, ОТМга кириб, керакли кадр бўлишни талаб қиляпмизми, шароитларни ҳам шунга яраша қилишимиз керак.

Масалан, аввало, ўқитувчиларнинг маошини кўтариш керак. Уларни ҳар хил қоғозбозликдан қутқариш, асосий вақтини турфа журналлар-у, ҳужжатларни тўлдиришга эмас, ўқувчилар билан ишлашга сарфлашига имкон яратиб бериш, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай туридан озод қилиш керак. Ҳар хил мажлислар-у тадбирларни қисқартириш зарур. Чунки булар нафақат ўқитувчиларнинг, балки ўқувчиларнинг ҳам вақтларини ўғирлайди.

Ўқувчиларга эса мактабда эркин юришларига қўйиб бериш, калта пайпоғи сабабли дарсга қўйилмаслиги-ю, сочининг узунлиги ёки соқолининг ўсганлиги сабабли кўчада ушлаб турилишига чек қўйиш керак. Эътиборни таълимга қаратиш керак. Муассасани ўқиш учун керакли ускуна ва техникалар билан таъминлаш зарур. Шундай шароитлар қилинсинки, токи ўқувчиларнинг ОТМга кириш учун мактабдан ташқари репетиторлик курсларига қатнашларига ҳожат қолмасин. Ана ундан кейин ҳам ҳеч бир битирувчиси ОТМга киролмаган мактабларни танқид қилиб, керак бўлса, ёпиб ташласа арзийди.

Бугунги берилаётган таълим-тарбия, шубҳасиз, мамлакатнинг келажагини белгилашда муҳим ўрин тутади. Чунки бугун сифатли таълим, яхши тарбия олаётган ёшлар, эртага юртимиз келажагига айланишади. Юртимиз ўзининг ривожланган, бошқаларга қарам бўлмаган келажагига эга бўлишини хоҳласак, ҳозирданоқ бунинг ҳаракатини қилишимиз керак. Зеро, буюк бобомиз Абдулла Авлоний айтганларидек, “тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”.

Шаҳбоз Раҳмонов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.