Тадбиркорликни ривожлантириш Кафолат жамғармаси кўмагини қандай олса бўлади?

Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармаси февраль ойида ташкил топган бўлса-да, унинг фаолияти ҳақида кўпчилик бехабар. Ушбу жамғарма кафолатини олиш учун тадбиркордан нималар талаб этилишини билиш мақсадида, “Kommersant.uz”  нашри жамғарма бошқаруви раиси в.в.б. Отабек Каримов билан суҳбатлашди.

Эслатиб ўтамиз, жамғарма ташкил этилишидан кўзланган мақсад – кичик тадбиркорлик субъектларига янги замонавий технологик жиҳозлар харид қилиш ва бошқа мақсадлар учун бериладиган, жумладан гаров билан қопланмаган тижорат банклари кредитлари бўйича таъминотни тақдим этишдир.

– Қарзлар тақдим этиш учун жамғармага қанча маблағ ажратилган?

– Бирламчи устав капитали 100 млрд сўмни ташкил қилади. Жамғарманинг асосий акциядорларидан бири – Давлат рақобат қўмитаси, акциядорлар сафида Ўзбекистон банклари ассоциацияси, Савдо-саноат палатаси, шунингдек, қатор тижорат банклари ва суғурта компаниялари ҳам мавжуд. Келгусида бошқа юридик шахслар маблағлари ҳам жалб қилиниши мумкин. Кафолат жамғармаси тақдим этадиган таъминотларнинг умумий ҳажми жамғарма маблағларининг беш баробаридан ошмаслиги лозим.

 Шериклар сифатида чет эл ташкилотлари ҳам жалб қилинадими?

– Қарорда қайд этилганидек, жамғарманинг ресурс базасини кенгайтириш учун хорижий жамғармалар, банклар, халқаро молиявий институтлар маблағлари жалб қилинади. Бу борада келгусида халқаро бозорга чиқишга қаратилган керакли чоралар кўрилмоқда.

– Гаров кафолатини олиш учун тадбиркор қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим? Қаерга мурожаат қилинади?

– Биринчи навбатда тадбиркорлик субъекти тижорат банкига кредит маблағлар олиш ва гаров таъминотининг етишмаётган қисмига (100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган миқдорда) Кафолат жамғармаси кафиллиги тақдим этилиши юзасидан илтимоснома билан мурожаат қилади.

Иккинчи босқичда, ижобий қарор қабул қилинганда, тижорат банки Кафолат жамғармасига кафиллик тақдим этиш юзасидан сўровнома йўллайди ва унга қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:

– тижорат банкининг кафиллик тақдим этишга сўровномаси;

– банк кредит қўмитасининг кредит бериш тўғрисидаги қарори ва кредит шартномаси;

– амалга оширилаётган лойиҳа бўйича бизнес-режа (ТИА);

– кредит маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган замонавий технологик жиҳозлар етказиб бериш шартномаси;

– кредит бўйича таъминот сифатида тақдим этилаётган гаров ҳақида ахборот.

Учинчи босқичда жамғарма, ўн иш кунида, қабул қилинган сўровнома ва тақдим этилган ҳужжатлар асосида ишонч хати бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Тўртинчи босқичда Кафолат жағармаси, ижобий қарор қабул қилинганда, бир кунлик муддатда тижорат банкига, кафиллик беришга тайёр эканлиги ҳақида хабарнома йўллайди. Кейин жамғарма, банк ва тадбиркорлик субъекти ўртасида кафиллик шартномаси тузилади, унинг асосида Кафолат жамғармаси кафиллиги берилади.

Кафиллик бериш рад этилган ҳолларда жамғарма бир кунлик муддатда тижорат банкига асосланган сабабларни кўрсатган ҳолда, хабарнома йўллайди.

– Кафиллик тақдим этилиши учун танловдан ўтиш қанчалик мураккаб?

– Кафиллик қуйидаги шартларга мос келувчи кичик тадбиркорлик субъектларига берилади:

– белгиланган тартибда рўйхатга олинганлик ва кичик тадбиркорлик субъектининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритиши;

– лойиҳани амалга оширишда камида 25% ўз улуши билан иштирок этиши;

– Кафолат жамғармаси таъминоти остида берилган кредитларни янги замонавий технологик жиҳозлар харид қилишга, ишлаб чиқариш фаолиятини яратиш ва кенгайтиришга, шунингдек бошқа мақсадларга мақсадли йўналтириш;

– кредит (лизинг) шартномаси шартларига мувофиқ берилган кредит (лизинг)нинг ўз вақтида қайтармаслик, тижорат банклари кафолатларини тақдим этиш бўйича шартнома шартларининг бузилиши фактларининг аввалда мавжуд бўлмаганлиги.

– Жамғарма ташкил этилгандан буён ярим йил вақт ўтди. Шу пайтгача нечта корхонани кредитлар билан таъминладингиз?

– Биз ҳали тўлақонли иш бошлаганимиз йўқ. Ўтган ойларда ташкилий ишлар билан машғул бўлдик, шунингдек, молиялаштиришни кутдик. Бевосита тадбиркорлар билан ишлашни яқин бир-бир ярим ойда бошлаймиз.

–Тадбиркорлар ўзлари кичик тадбиркорлик субъектига кирадиларми ёки ўрта бизнесгами – қайси мезонларга кўра аниқлайдилар? Тармоқлар бўйича устувор йўналишлар борми?

– Тармоқлар бўйича устуворликлар йўқ. Ҳозирда Ўзбекистон Республикасида “ўрта бизнес” тушунчаси мавжуд эмас.

Кичик тадбиркорлик субъектлари мезонлари “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда қайд этилган.  Хусусий тадбиркорлардан ташқари, уларга ўртача йиллик ходимлар сонидан келиб чиққан ҳолда, микрофирмалар киради. Ишлаб чиқаришда – 20 нафаргача, хизмат кўрсатиш ва бошқа ноишлаб чиқариш соҳаларида – ўн кишигача, улгуржи, чакана савдо ва умумий овқатланишда – кўпи билан беш киши бўлиши керак. Машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноатида бу кўрсаткич 50 кишидан ошмаслиги зарур.

Бир неча турдаги фаолиятни амалга оширувчи (кўппрофилли) юридик ва жисмоний шахслар йиллик айланма ҳажмида энг катта улушга эга фаолият турига оид мезон бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига мансуб бўладилар.

– Ижтимоий тадбиркорлик субъектларига субсидиялар ажратиладими?

– Бу субъектнинг молиявий ҳолатига, шунингдек амалга оширишга тақдим этилаётган лойиҳаларнинг асосланганлиги ва мақсадга мувофиқлигига боғлиқ. Мезонга мос келмайдиган лойиҳалар бўйича кафиллик тақдим этилмайди.

– Ўзини яхши томондан кўрсатган компанияларга афзаллик бериладими ёки янги иш бошлаганлар ҳам имкониятга эгами?

– Янги тадбиркорлик субъктларига тенг шароитлар яратилади. Масаланинг бошқа томони бор – рўйхатдан ўтганига кўп бўлмаган тадбиркорлар, одатда, тижорат банкига топшириладиган ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш тажрибасига эга бўлмайдилар.

– Форс-мажор вазиятлари юзага келса, лизинг ва кредитлаш шартномалари бўйича харажатларни қоплаш ҳам амалга ошириладими?

– Кафолат жамғармаси тузилган кафиллик шартномаси бўйича харажатларни компенсациялайди ва қоплайди. Бунда кафил форс-мажор вазиятлари юзага келиши ҳолатларини ўрганади. Шу билан биргаликда уларнинг мазкур лойиҳага таъсири даражаси ҳам белгиланади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.