Тадбиркорлик фақат тикувчиликми?!

Телеканалларимиз тадбиркорларни олқишлашни хуш кўришади. Буни тушуниш мумкин, давр шуларники, давлатнинг иқтисодий салоҳиятини ишбилармонлар кўтаришади. Аммо эътибор берганмисиз, тадбиркорларга алоқадор лавҳаларнинг аксарияти, мутлақ кўпчилиги бир-бирига айнан ўхшаш.

“Тадбиркор Фалончиев давлатимиз томонидан яратилган кенг имкониятлардан тўла фойдаланди ва банкдан берилган имтиёзли кредит ҳисобига тикувчилик цехини очди. Ҳозирда бу цехда ўндан ортиқ хотин қизлар доимий иш билан таъминландилар. Уларнинг кўпчилигини коллеж битирувчилари ташкил қилмоқда”

Тадбиркорга сўз:

“Биз фалонбанкдан олган бир миллион кредит эвазига хориждан замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатдик. Ўзимиз яшаётган ҳудуд аҳолисини иш билан таъминладик. Маҳсулотларимиз харидорларга манзур бўлмоқда (тасвирда ҳаминқадар либослар). Уларнинг ўттиз фоиздан ортиғини экспортга чиқаришни мўлжаллаяпмиз. Келажакда яна йигирматача иш ўрни яратиш ниятидамиз. Фурсатдан фойдаланиб бизга шундай имкониятлар яратган ҳукуматимизга раҳбарлар айтамиз”.

Тикувчилардан бирига сўз (тасвирда чиройли иш кийимида тикув жараёнидаги аёллар):

“Мен коллежни битириб шу ерга ишга келдим. Шароитларимиз яхши, маошимиз вақтида бериляпти, тушлик ҳам шу ерда…”.

Албатта, тикувчиликнинг ҳеч бир салбий томони йўқ. Лекин наҳот тадбиркорлик деганда асосан тикувчиликни, кийим тикиш цехи очишни тушунаверсак? Тўғри, бу ҳам ўзига хос ютуқ. Аммо миллионлаб валютамизни сарфлаб олиб келинган, четдан келган қурилиш материалидан тайёрланган стол устига ўрнатилган Хитойнинг тикув машинаси, хориждан сотиб олинган мато, ҳатто келиб чиқиши ўзимизники бўлмаган тугмаларни қадаб ишлаб чиқараётган тайёр маҳсулотимиз билан мақтанишда давом этаверсак тўғри бўладими?

Юртимизда шунчалик кўп цехлар очишга имконият ва зарурат бор экан, уларга ўрнатилган тикув дастгоҳлари нечталигини тасаввур қилиш қийин эмас. Талаб борлиги учун шундай тикув машиналари бозорларимизда ҳам жуда кўп сотилмоқда. Демак айнан шу дастгоҳларни ўзимизда ишлаб чиқариш тўғрисида ҳам ўйлаш вақти келмадимикан? Ана ўшанда ишлаб чиқариш асл ишлаб чиқаришга, тадбиркорлик ҳақиқий тадбиркорликка ўхшайди. Ана ундан кейин фақат нисбатан оз маошга қаноат қилаётган аёллар эмас, оиланинг асл бошлиғи ва боқувчиси бўлган йигитларимиз ҳам иш билан таъминлаши аниқ. Бу ишлаб чиқаришнинг бир кўриниши, бир мисоли холос. Ўйлаб қарсак, бундай мисоллар талайгина.

Блогерлар мусобақаси учун, Аброр Зоҳидов.   

2 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *