Сурхандарёда “Termiz kargo” экспорт маркази очилди

Сурхондарё вилоятидаги “Termiz Cargo Centre” халқаро логистика маркази негизида ташкил этилган “Termiz kargo” экспорт маркази очилиши бўлиб ўтди. “Termiz kargo” экспорт маркази мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари билан афғонистонлик ишбилармонлар доирасининг ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда ўзига хос дўстлик кўприги вазифасини ўтайди. Замонавий марказда қўшни давлат тадбиркорларига сифатли хизмат кўрсатиш учун барча қулайлик мавжуд. Консуллик вакили, божхона терминали биноси, омборлар қурилган.

– Биз бир дарёнинг икки қирғоғида яшаб келаётган яқин қўшнилармиз, – дейди Афғонистондаги “Bashir Navid Group” компанияси президенти Ҳожи Хайриддин. – Ўзбекистоннинг мамлакатимизда барқарор вазиятни тиклаш юзасидан амалга ошираётган ишларини юксак қадрлаймиз. Ушбу марказ бизнинг ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш, тижорат ишларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Маълумки, юртимиздан қўшни давлатга озиқ-овқат ва нефть маҳсулотлари, электр энергияси, минерал ўғитлар экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг олти ойида ўзаро савдо айланмаси 18 фоиз ўсган.

Қайд этиш лозим, марказнинг кўргазма залида мамлакатимизда ривожланган автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси, кимё, қурилиш материаллари, енгил, чарм-пойабзал ва озиқ-овқат саноати, электр жиҳозлари ишлаб чиқараётган 80 дан ортиқ замонавий корхонанинг 300 дан зиёд маҳсулоти кенг намойиш этилмоқда.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *