Суперконтракт ҳақида баллада ёҳуд Бизда бори кимда бор?

Имтихондан йиқилдим. Ўқишга кира олмадим. Фалон миллион доллори бор отанинг арзандаси бўла туриб, ўқий олмаслик аламли бўлар экан. Гарвардда ўқишни бир умр орзу қилган эдим-а, эссизгина саробга айланган орзуйим.

Харакат қилганингда орзуйинга етардинг, дейсизми? Эй дўстим, қилмаган ишим, югурмаган жойим, кирмаган тешигим қолмади. Самарасиз, фойдаси бўлмади.
Ўзимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июнда қабул қилинган 393-сонли қарорига кўзим тушиб қолганидан кейин, сўнган орзуйим қайта жонлангандек бўлди.
Ва яна, такроран Гарвард университети маъмурияти билан алоқага чиқдим.

— Салом, яна мен Алчақишлоқлик Семиз Бойвоччаман!

— Салом, сўнгги бор огоҳлантираман ҳурматли Семиз Бойвочча — бизга пора таклиф қилманг! Сизларнинг одатингизга кўра пул муҳим бўлса, бизда билим устундир! Яна бир марта пул таклиф қилсангиз ўзингиз айтган менталитетингизга оёқ қўйган ҳолда, устингиздан судга шикоят қилишга мажбур бўламан!

— Йўқ-йўқ, қизишманг Луиза опа! Мен бу сафар пул таклиф қилмоқчи эмасман!

— Муддаойингиз нима унда, ҳурматли Семиз Бойвочча?

— Сизларда қўшимча контракт борми?
— Қўшимча контракт??? Нима дегани у?

— Мана масалан, бизда, яъни Алчақишлоқда шундай қоида бор: агар абитуриент имтиҳонда етарлича балл йиға олмаса, қоида бўйича контрактни оширилган миқдорда тўлаб ўқиш имкониятини қўлга киритиши мумкин.

— Қизиқ, тушунарлироқ қилиб тушинтиринг, ҳурматли Семиз Бойвочча!

— Олий таълим муассасаларининг таклифларига мувофиқ, уларнинг имкониятлари, танлов ва тўпланган баллар миқдоридан келиб чиқиб, Давлат комиссияси қарори асосида абитуриентлар тўлов-контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилиниши мумкин. Мана шу қўшимча контракт дейилади. Бундан ташқари Олий таълим муассасалари Давлат комиссияси қарори билан белгиланган кўрсаткичларга мувофиқ тўплаган баллари энг юқори балл (226.8 балл) нинг 30 % (68,0 балл)дан кам бўлмаган абитуриентларни ҳам оширилган тўлов-контракт шарти билан талабаликка қабул қилишлари мумкин.

— Хўш-хўш?

— Бунда абитуриентлар оширилган тўлов-контракт шарти билан ўқишга қабул қилинади.

— Оширилган контракт миқдори қай тартибда белгиланди?

— Оширилган тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

— тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига бир баллгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;

— 1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун — 2,0 баробар;

— 2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;

— 3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун — 3,0 баробар.

— Масалан мен иқтисод йўналишида ўқимоқчи бўлсам-у ўқишга кириш учун тўплаган балларимга 2 балл етмай қолса, у ҳолда қўшимча контракт суммаси қанчани ташкил қилади?

— Бизда, масалан, иқтисодиёт: бакалавриат босқичининг контракт суммаси 8 800 000 сўмни этиб белгиланган. Сиз иқтисод йўналишида ўқимоқчи бўлсангиз-у ўқишга кириш учун тўплаган балларингизга 2 балл етмай қолса, у ҳолда белгиланган суммани икки баробарини қўшимча контракт сифатида тўлаб ўқиш имкониятига эга бўлишингиз мумкин.

— Ваув! Ҳуқуқ ёки журналистикада ўқимоқчи бўлсамчи?

— Мана бу ердан  контракт нархлари ҳақида ўзингиз батафсил маълумот олишингиз мумкин, Луиза опа.

— Раҳмат, ҳурматли Семиз Бойвочча! Айтингчи, 68 баллдан юқори балл тўплаган, ўқиш истагида бўлган абитуриентлар қанча миқдорда контракт тўлаши мумкин?

— Улар белгиланган контракт суммасининг 10 баробаридан 20 баробаригача миқдорида қўшимча контракт тўлайди. Мана бу расмда бу ҳақида ҳам батафсил маълумот олишингиз мумкин:

— Айтингчи, ҳурматли Семиз Бойвочча, сизларда энг кам иш ҳақи қанча?

— Бизда энг кам иш ҳақи — ойига 149 775 сўм.

— Доллорда қанча бўлади?

— Тахминан 18 доллор.

— Охо-о… Агар Иқтисод йўналишига ўқишга кирган талаба 70 балл йиғса-ю лекин ўқишни хоҳласа контракт 176.000.000 бўлади, шунақами?

— Ҳа шундай?

— Агар ўша бола 149 775 сўм маош олса, 176.000.000 сўм контрактни қандай тўлайди?

— Таълим кредити олади, ойига 9 % дан.

— Кредитнинг фоизининг ўзи 15.840.000 сўм. Ўртача ойликнинг суммаси тахминан қанча?

— 1.200.000 сўм атрофида.

— 15.840.000-1.200.000. Қойил!

— Бизда шунақа гаплар.

— Айтингчи, қўшимча қабулга талабалар ҳар йили қабул қилинадими?

— Деярли ҳар йили.

— Нега унда бир йўла имтиҳондан олдин квота кўпроқ белгиланмайди? Ахир белгиланган квотадан ташқари талаба қабул қилинар эканку барибир ҳам? Албатта, катта сумма тўлаб қўшимча контракт эвазига ўқиш шартми? Ёки қўшимча қабул қилинган тақдирда ҳам бу даражада катта контракт белгилаш нимага ва кимга керак? Берган статистик маълумотларингга ишониб фикр билдирсам, ўртача ойлик ҳисобига яшайдиган оила оддий контарктни ўзини ҳам тўлай олмайдику? Бирор жойда хатолик йўқми? Оширилган контрактдан тушган маблағлар нима қилинади?

— Вой, мен қаердан биламан, Луиза опа!

— Ўйлашимча, сизларда барчага таълим олиш учун тенг имконият яратилмаган экан. Бундан ташқари ойликлар ва йиллик контракт миқдори ҳам мутаносиб эмас. 1.500.000 маош билан йилига 8.800.000 сўм миқдоридаги контрактда қандай қилиб ўқиш мумкинлигига ҳеч ақлим етмаяпти. Қўшимча контракт тўлови эса умуман мантиқ тарозисига тўғри келмайди.

— Ҳа нима бўлса бўлсин, сизларда ҳам борми қўшимча контракт?
— Бизда умуман йўқ бунақаси.
— Афсус, қайси давлатларда бўлиши мумкин бунақаси, билмайсизми?
— Менимча, бирорта давлатда йўқ бўлса керак, яна билмадим. Омон бўлинг, ҳурматли Семиз Бойвочча! Гарвардда ўқиш истагингиз жуда кучли бўлса, жуда кучли тайёрланинг, албатта буни уддалайсиз!

Эҳ, Луиза опам-а, пашшадан фил ясайдиганлар тоифасидан экансиз! Бир ярим миллион маошга конртактда ўқиб бўладимимуш. Бўлади, нега бўлмасин, ўша ўқиётганнинг дадаси ёки ака-укаси чет элда ишлаб ўқитяпти.

Яна учига чиққан аҳмоқ экансиз. Порани ҳам рад қиладими одам?! Бизда бунинг иложи йўқмуш, вей қаловини топсанг қор ёғади. Сизларда пул билан ўқишга кириш қийин бўлса, бизда пулсиз ўқишга кириш қийин.

Ҳа майли, нима бўлса-бўлди. Кейинги йил ўзимизнинг ОТМга ўқишга кирарман.

Ривожиддин Абдумаликов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *