Сўнгги пушаймон

«Агар мулкинг миср ё Рум, ёки Чин,
Ё ҳукмингга бутун ер юзини тутгин,
Охири бу бойликдан олар ҳиссанг, бил:
Ўн ғаз кафан билан икки ғаз замин.»
Умар Ҳайём

— Ҳар бир лафзнинг оқибати қанчалик оғир бўлишини билишинг керак эди, — қаттиқ оҳангда гапини давом эттирди Ҳусниддин ёнида бошини эгиб ўтирган Қодирга қараб, — олдин ким эдинг-у, энди ким бўлдинг, лаънати!

— Астағфируллоҳ, — деб бош чайқади Қодир.

— Хотининг эмиратда қизинг билан «бизнес» қилиш билан овора, ўзинг эса ҳар доим маст аҳволда кўчаларни дарвеш каби кезардинг. Қўлимни чўзиб сенга ёрдам бермаганимда эди, итдек хор бўлиб, кўчаларда сарғайиб юраверардинг.

— Ҳар бир банда ўз вақтида ўзини англай олиши мумкин, Аллоҳ нажот берса кифоя…

— Қисқаси, гапни камайтир. Менга ақл ўргатма. Агар яна бир марта одамлар орасида менинг номимни тилингга олсанг, ушбу қурмағур тилингни кесиб, итларимга ем қилдираман! Чиқ, даф бўл бу ердан!

Қодир шу заҳотиёқ кўлларини очиб, омийн килди-да, бу хонадондан аста-секинлик билан чиқиб кета бошлади.
*****

Ҳусниддин уйғониб кетди. Сўнгги уч-тўрт кундан бери уни қўрқинчли тушлар таъқиб этишмоқда. Бахтга қарши, у бутунлай эслашни истамаган ўй-ҳаёллар уни қийнарди. Бугун яна бир маротаба Қодир унинг тушига кирди. Қўрқувданми ё пушаймонликдан — унинг юзлари терлаб кетганди.

Ҳусниддин ўз ўрнидан турди. Кўзгуда ўз аксини томоша қилиб утирар экан, оқарган сочлари-ю, ўстириб олган оқ соқоллари унинг ўзига тегишли эканлигига ишонмай, ғамдан чўккан кўзларига ҳайрон ҳолатда қараб қўяр эди. Бир ойча олдин юзида ёруғ нур ила табассум билан юрарди. Бугун эса хурсинган ҳолатда ётишдан бошқа ҳеч вақога ярамай қолди.
Деразадан ҳовлига ўксиниб каради. У табиатга нигоҳ солиб, соатлаб шу туришда вақтни кетказишни ёқтирарди. Бугун ҳам шу ишга қўл урди. Бир сўз демасдан. Шунчаки, диваннинг бир чеккасида ўтириб олиб, очиқ ойналар орқали кўчадаги қушларнинг сайрашини томоша қилганча, баҳра олишни лозим топди.

 

Нариги хонада унинг аёли, ўғли, келини ва ўғил невараси биргаликда ўтиришибди. Чой ичиб, телевизор томоша қилганча, ҳордиқ чиқаришяпти. Ҳусниддин эса уларга кўшилмас эди, у шу ерда табиатга назар солишни ёқтирарди. Ёлғизлик — унинг энг яқин ҳамроҳи, унинг энг яқин сирдоши эди.

 

Ўғил неварасининг овози шу ергача эшитиляпти. Қандай ёқимли бу овоз! Эндигина икки ёшни қарши олган булса-да, тўҳтамай гапиришини-чи буни. Ҳусниддин унинг овозини эшитди-ю, кўзи беиҳтиёр ёшланиб кетди. Бир томондан севинч ёшлари, бошқа томондан эса қайғу ёшлари уни қамраб олганди. Ўғли бир пасда улғайиб, оилали бўлди-я. Кечагина мактабда икки баҳо олиб, ўз дадасидан дакки эшитиб юрган тирранча бугун улғайди-я, ота бўлди-я! Вақти келиб невараси ҳам худди шу тариқа, кўзни юмиб очгунча, улғаяди. У ҳам ўқишга кириб, мактабни тамомлайди, кейинчалик оилали бўлади. Ҳаёт чархпалаги айланаверар экан. «Янгилар» учун ҳаёт бошланса, «эскилар» билан видолашиш навбати келар экан. Вақт нақадар шафқатсиз! Бир неча йил аввал Ҳусниддиннинг ўзи дуркун бир йигит эди, бугун бўлса… Шуларни ўйлаб тургач, яна бир маротаба унинг юраги ғижимланди. Айтишади-ку, инсонни ўз ўй-фикрлари тамом қилади, деб.

Қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар, иш доирасидан ҳамкасблар, ёрдамчилар, шогирдлар деярли ҳар кун ундан ҳол-аҳвол сўраб келишарди. Ҳусниддин барчага ташрифлари учун ташаккур билдириб, ёлғиз қолишни маъқул кўрарди.

Сўнгги пайтларда жуда ўзгариб кетганлигини ҳамма пайқаган эди. Илгарилари ёнида ўтирган хар қандай одамнинг олдида ўзини жуда эркин тутарди, гавдасини баланд кўтариб гапирарди. Ёнига келган ҳар қандай одам энг биринчи навбатда унинг кайфиятини бузиб қўймасликни мақсад қиларди. Дарҳақиқат, жуда катта куч ва қудрат бор эди унинг қўлида. Бугун эса…

Ҳусниддин диван устига ўтириб олиб, сигарет чекишни бошлаб юборди. Авваллари сигаретдаги ёзувга ҳеч кўзи тушмаганди, бироқ бугун ўша ёзувни астойдил ўқиб чиқишга қарор қилди: «Сигарет чекиш соғлиққа зарар…»

Оғзидан тутун тортди-ю, тушига кирган манзара такрор хаёлидан ўта бошлади. Нима учун Қодир унинг тушига кириб чиқмоқда? Нимага айнан шу вақтда? Бу нимани англатиши мумкин? Ҳусниддин қўлидаги сигаретни лаби томонга яқинлаштириб қўяр экан, яна бир марта ўтмишга қарам бўлди.
*****

— Бир оғиз гапингиз-да, ака, — деб тиржайиб айтди ёнида ўтирган басавлат бир йигит.

— «Эшшак семирса, эгасини тепади» деганлари рост экан. Бунга энди ишонч хосил қилдим. Бу галварс одам бўлмади, бўлмади.

— Уни мана биз одам қиламиз, ака. Нима қилайлик? Буюринг.

— Уни би-и-и-ир «оқ халат» кийиб юрадиган «қариндошлари» билан таништириб қўй, — манзил ёзилган бир парча коғозни йигитга узатди, — шу ерда Анвар деган бир йигит ишлайди. Менинг исмимни тилингга олсанг бўлди — ҳаммасини оғизмай-тоғизмай бажариб қўяди. Агарда бу ҳам «дардига» шифо бермаса, бошқа вариантларни қўллаймиз.

— Хўп бўлади. Ҳалиги сизни қийнаб қўйган одамнинг исмини нима дедингиз?
— Қодир.

Қодирнинг айби маҳалла аҳолисининг кўзларини каттароқ очишларига ундагани бўлди. Бироқ, дўст ичидан ҳам душман топилдими, хуллас, кимдир унинг нияти ҳақида Ҳусниддинга етказибди. Қодир мардлик қилди, аммо шу билан бирга эҳтиёткорсизликка ҳам йўл қўйган эди. Ахир Хусниддин катта обрў-эътиборга эга бўлган шахс эди-да. Қодир эса, бу иблис қўлидан озод бўлишини жуда хоҳларди. Шу сабабли, Ҳусниддин ҳакида маҳаллаларда турли гап-сўзлар болалаб кетаверди. Ҳусниддин фикрича, Қодир унинг улкан обрўсига путур етказаётганди. Алал-оқибат «таниш-билишчилик»ни ишга солиб, бир оддий, кўнгли соф инсонни аввал руҳий касаллар хонасига, сўнгра қамоққа жўнатди. Қодирга қамоқхонадан эсон-омон чиқиш насиб этмаган экан, ўша ерда бандаликни бажо келтирди…
*****

Буларни бугун бир-бир эслаб бўлгач, бағрини игна санчиётгандек гўё, жиз этиб қўярди. Қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётига зомин бўлган бу «иблис қули» бугун бутунлай ўзгача фикрларди. Тавба килиш илинжида ёнган Ҳусниддин ўғли Жахонгирнинг жойнамози ва тасбеҳини қидириб топди-ю, умри давомида илк бора номоз ўқишга шайланди.

Шу пайт уйга унинг аёли кириб қолди. Қараса, эри намоз ўқиш билан банд. Бу манзарани кўрган аёл аввалига кўзларига ишонмади, сўнгра ҳайратдан ёқасини ушлаб, бир пас жойидан қимирламай, миқ этмай, тикка турди. Ҳусниддинга бир сўз демасдан уйдан чиқиб кетди-да, ўйга толди: «Шоядки, инсофи кирган бўлса! Биздан бир нимани яшириб келаётгани рост, чамамда».

Кўнгли сезди. Сезди-ю, аммо барибир ҳеч гапга тушунолмай ҳалак бўлиб, ўз уйига кириб кетди. Бундан бир ҳафтача муқаддам врач Ҳусниддинга: «Бир ой вақтингиз қолибди, тайёргарликингизни кўраверинг» — дегани, унинг ўзидан бўлак ёлғиз Аллох таъолога аён эди.

Темурмалик Тожиддинзода

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.