СУЛТОН МУСА I НИНГ ЕР ЮЗИГА СИҒМАС ОЛТИНЛАРИ…

Ҳали ҳануз кўпчилик сўнгги минг йилликнинг энг бадавлат кишиси сифатида Рокфеллер, Ротшильд, Гейтс ёки Баффетни эътироф этади. Афсуски, бу фикр нотўғри. Сўнгги минг йилликнинг энг бадавлат кишиси тахминан 700-800 йил олдин Африкада яшаб ўтган одам эди. Дунёнинг бор олтини худди ўша одамнинг қўлида бўлган. Уни Султон Муса I деб аташган.

ИЛК ЭҲТИЁЖ УЧУН МЎЛЖАЛЛАНГАН МАҲСУЛОТ

Тўғри, ҳозирга қадар ҳам ҳеч ким Муса I нинг бойлиги қанча бўлганини аниқ айтиб бера олмайди. Тахминан олганда, у ҳозирги бир неча ўнлаб триллион долларлик бойликка эга бўлган. У Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган Мали давлатини бошқарган. Шу давлатнинг султони ҳисобланган. (бу давлат ҳозир ҳам Мали деб аталади)
У яшаган даврда на Америка, на Европа мавжуд бўлган.
Уни манса Муса деб аташади. Манса эса ўша даврда подшоҳ, султон маъноларини берган. Манса Муса мусулмон эди ва ушбу дин сирларини чуқур ўрганишдан чарчамаган. Дарвоқе, у 1280 йил туғилиб, 1312 йили тахтга ўтирган ва 1337 йилгача — ўлимига қадар Малини бошқарган.

СУЛТОННИНГ БОЙИБ КЕТИШ САБАБЛАРИ

Хўш, Манса Мусанинг бойиб кетишига нима сабаб бўлган? Бу жуда оддий. Муса зарур вақтда зарур жойда ҳозир-у нозир бўлган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, уни қуршаб турган ҳудудларда маҳсулот сотиш ва сотиб олиш амалини ўз назоратида ушлаган. Савдогарлар шимолдан жанубга туз, жанубдан шимолга эса олтин олиб келишган. Олтин қазиб олиш ишлари Муса империясининг ўзида амалга оширилган.
Арабистонлик географ Ибн аль-Фоқих шундай ёзганди:
— Муса бошқарган қадимий Мали мамлакатида олтин қум остидан худди сабзи каби ўсиб чиқарди. Уни фақат эрта тонгда териб олишарди…
Империянинг олтин масаласида ўз қатъий қонуни бўлган. Бунга кўра, барча йирик қуйма олтинлар султоннинг мулки ҳисобланган. Ишчилар, фуқаролар фақат олтин зарраларинигина олиш ҳуқуқига эга эди. Бундан ташқари, савдогарлардан мажбурий бож ундирилган. Туз юкланган ҳар бир эшакнинг мамлакат ичкарисига кириб келиши учун 1 олтин динор, чиқиб кетиши учун эса 2 олтин динор тўлашган. Малига мис олиб кирувчилардан 5 динор, қимматбаҳо тақинчоқлар ортилган эшак учун 10 динордан бож ундирилган. Олтин Сахара саҳросидан Марокаш, Мисрга, у ердан эса Ўрта ер денгизи соҳилларида жойлашган давлатлар, Европага етказилган.

ИМПЕРИЯ ИҚТИСОДИЙ ЖИҲАТДАН ТЕНГСИЗ ЭДИ

Манса Муса султонлик пайтида иқтисодий ўсиш суръати жуда юқори бўлган. Бу кўрсаткичга албатта олтиннинг орқасидан эришишган.
XIII асрга келиб узоқ муддатли танаффусдан сўнг Европада олтин тангалар зарб қилина бошланди. Флорентия флорини, Венеция дукати асосий валюта сифатида тан олинди. Улардан йирик савдо операцияларида бажонидил фойдаланишди. Агар дастлаб олтин тангалар Италияда зарб қилинган бўлса, ҳеч қанча ўтмай, бошқа давлатлар ҳам ўз олтин тангаларини зарб қилишга тушди. Ана шундай қилиб Европадаги бизнес кумуш тангадан олтин тангага ўтди-қўйди.

ОЛТИН ТАНҚИС ҲУДУДЛАР

Аммо олтин танга зарб қилиш учун металл зарур эди. Европа бўйича ҳисобланса, олтин фақат Венгрияда қазиб олинарди. Бу Венгрияликларнинг ўзига ҳам етмасди. Тарихий манбаларда қайд этиладики, ўшанда бутун бошли Европани олтин билан Муса таъминлаб турган.
Туялардан тузилган карвонлар қоп-қоп олтинлар ортиб, Сахара орқали ҳафталаб йўл босар, денгизчилар ўз даври учун юқори технология ҳисобланган компаслар ёрдамида олтинларни Европа соҳилларига етказишарди.

СУЛТОННИНГ ОЛТИН БИЛАН ҚУРОЛЛАНГАН АРМИЯСИ

Бу вақт султон Муса I ўз империяси пойтахти ҳисобланган, аҳолиси 100 минг кишидан иборат Ниани шаҳридаги тахтида ўтирарди. Атрофи эса соф олтинга тўла эди. Масалан, султоннинг қўриқчи аскарлари олтиндан ясалган қилич, пичоқ, найзалар билан қуролланган. Ўшанда султон Мусанинг хазинаси олтинга тўлиб тошган. Хазинада 100 тоннадан ортиқ соф олтин мавжуд бўлган.
Империя аҳолиси султон Мусани илоҳ сифатида қабул қилган. Улар ташриф буюрадиган касаллик, саломатлик, яхшилик ва ёмонлик фақат Султон Муса билан боғлиқ деб ҳисоблашган. Қазиб олинган олтинларни ҳам султонга топшириш шарт деб билишган. Улар соф олтинда кучли жоду бор деб ҳисоблашган. Олтин зарраларидан иборат қумда эса бундай жоду йўқлигига ишонишган. Шунинг учун қазиб олинган олтинлар султонга тақдим этилган. Зарралар тўла қумларнигина ўзлари учун олишган.
СУЛТОННИНГ ҚОНУН-ҚОИДАЛАРИ

Султон Муса бошқарган империянинг ҳам ўз қонун-қоидалари мавжуд эди. Масалан, у саройдаги юқори лавозимли шахс бўладими, қулми, фарқи йўқ, султоннинг ҳузурида тиз чўкиши ва бошидан қум сепиши талаб этилган. Султоннинг ёнида акса уриш тақиқланган. Башарти билмасдан кимдир акса уриб қўйса, то ҳолдан тойгунча кўксига муштлаб ўзини ўзи жазолаши зарур бўлган. Султоннинг овқат истеъмол қилаётгандаги ҳолатини ҳатто хотинлари ҳам кўриш имконидан маҳрум бўлган.
Султон фақат саройдаги энг яқин ёрдамчиси билан гаплашган. Ёрдамчи кейин султоннинг гапларини баланд овозда бошқаларга етказган. Қолаверса, ёрдамчи саройдаги шоир вазифасини ҳам ўтаган.

ҲАЖ САФАРИ

Султон Муса I нинг бойликларидан дунё бехабар эди. Лекин бир воқеа бу сирни ошкор қилиб қўйди. Яъни, кунларнинг бирида султон Муса ҳаж сафарини адо этиш ҳаракатига тушди ва 1324 йили йўлга отланди. Саёҳат икки йил давом этди.
Мусани ҳаж сафарига 60 минг одам кузатиб борди. Уларнинг 500 нафари хос соқчилар, 500 нафар хизматкор, 12 минг қул қилиб олинган қизлар ва ҳоказолардан иборат бўлди. 80 та туянинг ҳар бирига 130 килодан олтин зарралари юкланди. Агар уларни қўшиб ҳисобланса, 10 тоннага тенг бўлди.
Султон ҳар тўхтаганда кузатиб бораётганлардан тортиб туяларгача энг сара таомлар билан боққан. Маҳаллий аҳоли вакилларига олтин улашган. Макка-ю Мадинага кетишдаги асосий тўхташ жойи Миср бўлди. Улар Қоҳирада уч кун қолиб кетишди. Маҳаллий савдогарлар эса африкаликларнинг олтини кўплигини сезиб қолиб маҳсулотларини уларга ўн баробар қиммат нархда сотишди.
Муса Мисрда шу даражада кўп олтин сарфладики, натижада кумушни олтинга алмашлаш нархи 25 фоизгача кўтарилиб кетди.
У Мисрга қуруқ қўл билан келмаганди. Миср султонига 212, 5 кило миқдорда олтин тангалар ҳадя этди. Бу совғаларни Мусанинг 500 нафар қули то манзилгача кўтариб келишганди.
МУСА ЎЗГА ШОҲ ҚАРШИСИДА ТИЗ ЧЎКМАЙДИ

Ҳаж сафари доирасида Мисрда тўхташнинг султон Муса учун ўта ёқимсиз жиҳатлари ҳам йўқ эмасди. Аниқроғи, маҳаллий қонунларга кўра, султон Муса Миср подшоси ҳузурида тиз чўкиб қуллуқ қилиши лозим эди. Лекин Муса аксинча ўзининг қаршисида ўзгалар тиз чўкишларига кўниккан. Шубҳасиз, Миср султони Ҳасан ан- Носир Мусанинг эътирозини нигоҳларидан илғаб олди ва унга нисбатан ушбу қонун амал қилмаслигини таъминлади. Шу йўл билан Мусанинг султон сифатидаги обрўсини сақлаб қолди. Яна ҳурмат юзасидан Қоҳирадаги саройини ҳам Мусага бўшатиб берди. У Қоҳирада уч ой қолиб кетди. Сўнгра Мадинага йўл солди.

ЙЎЛ АЗОБИ

Ҳаж амалларини адо этиб ортга қайтаётганда, Мусанинг олтинлари деярли қолмаганди. Қоҳирадаги савдогарлардан катта фоиз қўшиб тўлаш шарти билан қарз олишга мажбур бўлди. Фоиз ҳақиқатан юқори эди. Агар султон 300 динор пул қарз олса, уни эгасига 700 динор қилиб қайтариши белгилаб қўйилди…
Афсус, Мусанинг ўлимидан кейин Европада ростакам инқироз юзага келди. Биринчидан, 1337 йили совуқ уруш бошланди ва у қарийб 100 йил давом этди. 1347 йили Европада хавфли ўлат тарқалди. Бунинг натижасида Европа аҳолисининг 40 фоиздан ортиқроғи қирилиб кетди. Мали империяси ички низолар оқибатида заифлашди. Кейинчалик Америка очилгач, Африка дунёни олтин билан таъминлаш имконидан ҳам маҳрум бўлди.
Ҳа, ҳозир ҳам замонавий Малида олтин қазиб олинади. Лекин бу мамлакат дунёнинг энг қашшоқ давлатлари ўттизлиги қаторидан жой олган. Қачонлардир империя пойтахти сифатида гуллаб-яшнаган Ниани шаҳри бугунга келиб Гвинеядаги кичик бир қишлоққа айланиб қолган

Улуғбек Юсупов интернет манбалар асосида  тайёрлади

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *