«Спектакль тугади», «Суриш керак, қайдасан самоварим», «Қайси гапга ишонайлик?», «Нималар бўляпти ўзи?», «Ха, шогирди устозидан ўтиб қаёққа борарди» ва хк гаплар.

Яхши хабар шуки, Президент диний гайкаларни бўшатишни, ортиқча хавфсизлик элементларини йўқотишни ва шу билан бирга хавфсизлик даражаси сақланиб қолиши вазифасини қатъий қўйган. Ва диндан бошқа соҳалардаям, масалан, озми-кўпми мустақил ОАВларни қувватлаш…, бирмунча информацион шаффофлик… бўлаяпти. Бу шунга сигналки, диний эркинликлар қуруқ популистик харакатга ўхшамаяпти. «Тепа» диндорлар қатламини ҳам мамлакат келажагининг бир қисми деб, ўз овози, салоҳияти ва позициясига эга миллат қатлами деб кўришга тайёрлигини билдираяпти. (Бир томондан буни ижтимоий вазиятнинг ўзи тақозо қилган эди, лекин гап бу ҳақдамас.)

Биринчи ёмон хабар шуки, бу жараённи керакли меъёрда, балансни ушлаган холда амалга оширишга компетент кадрлар йўқ ҳисобида. Хоҳ диний уламо бўлсин, хоҳ хавфсизлик вакили бўлсин, хоҳ берилган топшириқни расво қилмасдан бажарадиган масъуллар бўлсин.

«Улар ўзлари тайинлаган имомларга ўзлариям ишонишмайди». Албатта ишонишмайди. Ва тўғри қилишадиям. Имомларимиз даражаси ва савияси жуда қониқарсиз. Бунда уларни кўп айблаб ҳам бўлмайди. Олдинги муҳит баъзи имомларни дин ғамидан узоқлаштирди, баъзилари эса диндорлар қатори маргинализация қилинди. Энди буни тўғрилашга вақт керак. Савияли, дин ғамида юрадиган, жамоат олдидаям қовун туширмайдиган, давлат олдидаям деворга калла қўймайдиган имомлар «штучний товар», «ювелирное изделие». Етишиб чиқиши ёки чет элдан келиши учун фурсат керак.

«Диний эркинликни таъминлаган ҳолда хавфсизликни қойиллатадиган мард йўқ». Албатта йўқ, қаёқданам бўлсин. Олдинги муҳит фақат гайкани қаттиқроқ бурайдиган, ортиқча интеллектни ишлатмайдиган кадрларга мосланган эди. Энди уларга янгича ёндошувни тушунтиргунча ёки алмаштиргунча вақт керак. Яна орада ресурслар қайта тақсимоти жараёнида савияли хавфсизлик масъуллари ҳам хўлу қуруқ орасида ишдан бўшатилганлиги эҳтимолини ҳисобга олсак, ишнинг мураккаблиги сезилади. Диний эркинликлар таъминланган муҳитда яхшидан ёмонни, безарардан радикални ажрата оладиган профи хавфсизлик ходимлари «вошшем штучний товар». Унақаларни тайёрлаб, ўқитиб, малакасини ошириб, хизматга қўйгунча йил(лар) керак.

«Идора рухсат десаям, ДХХ рухсат десаям, фалон майда масъул тақиқлаяпти». Буни тузатишгаям вақт керак. Хазилакам пропаганда қилинмади. Кўчадаги халқнинг камида 60%и исламофобиядан озми-кўпми улушини олган. Йиллаб ўрнатилган стереотиплар икки йилда йўқолмайди.

Иккинчи ёмон хабар шуки, хозир диний эркинлик берилсаям, бир учига жилов солиб, махкам ушлаб туриб, кейин берилади. Исталган пайт жиловни тортиб, тезда олдинги ҳолатга қайтариш имкони сақлаб турилади. «Йиллаб тушовда юрган тулпорни бирдан жиловини қўйиб юборсанг, чопишга иштиёқи кучлилигидан чавандозниям йиқитиб қочиши мумкин», дегандек. Хавфсизлик тизими минг профи бўлсаям, диний қатламнинг аксари радикаллашиб кетса (ёки диний қатлам янги радикал тарафдорлар хисобига кенгайса), эски жанжал барибир такрорланади ва яна эски ҳаммомга боришга тўғри келади. Ва биздаги мўътадил диндорлар бу радикализацияни тўхтатиб қолишга ҳозир қодир эмас. Қаёқданам қодир бўлсин? Ўзи кечагина офтоб кўрдикку. Ашаддий жиҳодий кайфиятдаги одам билан ҳам бемалол хотиржам мунозара қила оладиган, қаерда тўғрию қаерда хато гапираётганини кўрсатиб бера оладиган диндорлар бармоқ билан санарли. Ҳатто манаман деган имомлар бунга савияси етмайди ҳозир. Буни ўнглашгаям вақт керакми — керак.

Учинчи ёмон хабар шуки, «тепа» минг динга хайрихоҳ бўлган тақдирдаям «хорижий хамкор акаларимиз»нинг қош-қовоғига қараб иш кўришга, улар хўмрайганда жиловни тортишга мажбур. Мана, Хитойга бир неча фильмларми, репортажларми олиб борилибди. Хитой цензураси аксарини қайтарган. Сабаби — кадрга соқолли одамлар тушиб қолган. Шу сабаб қилиниб, кўп диний кўрсатувлар эфирдан олиб ташланибди. Бу хабар қанчалик асослилиги муҳиммас. Муҳими, диний эркинлик масаласида Ўзбекистон, масалан, ШҲТ олдида хисобот беришга мажбур. Расмийми, норасмийми, ташқи босимлар барибир бўлади. Биз диндорлар Хитой хукуматига «торт қўлингни бизнинг динга хайрихоҳ бўлган хукуматимиздан», деб тийиб қўя оламизми? Йўқ. Хаттоки, ана айтишаяпти, иқтисодий бойкот ҳам қилолмаймиз.

Шундоқ экан, ҳозирча ожизлигимизни тан олайликда, Хитойга дўқ қиладиган даражага етишиш учун меҳнат қилайлик. Вақт керакми бунга? Индамадим.

Тўртинчи ёмон хабар шуки, ….
(Хмм, йўқ, хозирча етади…)

п.с. Хамма ёзганларим ШИФУ, фикрим нотўғри бўлишиям мумкин.

Азамат Андреев

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *