Сояфуруш Сотволди

Бозор иқтисоди дегани ҳаммани тадбиркор қилди. Ким бўлса ҳам бирни икки, мингни миллион қилиш пайида. Кўкдан чалпак тушишини кутиб ўтирадиган давронлар ўтиб кетгани шу бўлса керак-да. Ҳамма пулнинг кетидан қувган. Тўғри-да, меҳр-оқибат, қариндош-уруғчилик, деб эшик тақиллатиб борилаверса, пулни ким топади?!

Бир ёқда ўғил тайёр—уйлаб қўйиш керак, қиз эса коллежни битираман, деб турган бўлса. Қиз болани ўқитиб, нони бутун қилиб бермасангиз, яна бўлмайди. Дипломи бўлса, озми-кўпми оиласига фойдаси тегади. Аммо-лекин олий ўқув юртига киришнинг ўзи бир катта масала…

Хуллас, дўстим Сотволди ҳам ана шундай бурганинг тишини санаган тадбиркор, ишбилармон йигит. Индамасанг, ҳавони пуллаб, фойда қилади. Ўзиям қилмаган иши қолмади. Тан олиш керакки, унинг бизнеслари оригинал, “теша тегмаган”. Қишда қор сотганини айтсам, ишонасизми? Ишонаверинг, бу ҳам бўлган.

Ўтган йил қиш жуда ёғин-сочинли бўлди. Қор дегани ёғавериб, безор қилди. Тўғриси, қорнинг оқидан кўзлар оғриб, кўнгил айнийдиган даражага етди. Ана шундай пайтда ҳам Сотволди шунқор бекор ўтирмади.

Қиш охирлаб қуёш милтирай бошлаган кунлар эди. Кўчадаги қорлар эриб кетган, унда-бунда, қуёшдан пана жойларда кир қор уюмлари қолган пайт эди. Сотволдининг қўшниси, қарасанг дўппинг тушиб кетадиган баҳайбат қаср эгаси Жўрабойнинг уйидан боланинг йиғи-сиғиси эшитилди. 10-15 дақиқа ўтар-ўтмас, Сотволдининг эшиги қўнғироғи чалинди. Сотволди аста чиқиб, эшикни очди. Остонада Жўрабой турарди.
-Иее, ассалому алайкум, бой ота! Омонмилар?
-Ва алайкум ассалом. Яхшимисиз, Сотволди. Минг бор узр безовта қилганим учун!
-Ие, безовтаси бор эканми, бой ота! Сизни шу ерда туришингизнинг ўзи давлат-ку, акам…
-Ҳа-ҳа-ҳа-ҳа (силкиниб-силкиниб кулади) Гапниям қалпоқ қиласиз-да, ука. Шу десангиз, мен бир илтимос билан чиқувдим ёнингизга…
-Бажону дил, ака. Нима хизмат?
-Наварам жанжал қилиб қўймаяпти. Қорбобо ясаб бер, деб туриб олган..
-Хўш-хўш?? Қорбобо бўлишим керакми?
-Йўғ-а! Шу десангиз, сиздан қор сўраб чиқувдим…

Тўравойнинг мияси яшин тезлигида ишлай бошлади. “Қор… қаерда? Ҳааа, айтганча, анови минг йиллаб қуёш тушмайдиган жойга ховлидаги қорларни кураб, тўплаб қўювдим-ку. Яқинда ташқарига опчиқтироқчи эдим. Демак, шуни сўраяпти…”
-Ҳа, қорми?
-Боя наварам кичкина ўғлингиз билан ўйнаганда, ховлингиздаги қор уюмига кўзи тушган экан. Шундан қорбобо ясаб берасан, деб туриб олган-да. Ҳеч унамайди боласи тушмагур..
-Энди, бой ота, “Бола – пошшо”, деганлари шу-да. Болани кўнглига қараш керак. (Сотволди Жўрабойни кинналашни бошлади, хаёлида эса қорни мўмай пулга сотиш фикри) Олимларнинг айтишича, болани амри вожиб. Ой сўраса, олиб бериш керак экан…
-Ҳа, тўғри айтасиз. Шунга ёнингизга чиқавердим…
-Бой ота, болажон инсонсиз, биламан. Барака топинг! Лекин бир муаммо бор-да, отам…
-Қанақа муаммо?
-Гап шундаки, қор у ерда бекорга тургани йўқ. Атай асраб турибман.
-Ие, нега?
-Биз уни эритиб, сувини дориликка ишлатамиз. Саратонни чилласида жуда шифобахш сувга айланади. Сўраганлар кўп, ака…

Жўрабой ҳам анойи, содда одам эмас. Қолаверса, Сотволдини бугун кўриб тургани йўқ. Аммо бугун уни гапларига “хўп ” деб туришга мажбур. Набираси учун ҳам. Гапни айлантираётганидан пулга шаъма қилаётганини тушуниб турарди.

-Ҳа, шунақа денг?! Энди гап бундоқ, иним. Сиз “дорилик”ка унча-мунча олиб қўйинг. Ўша қорингизни менга сотинг!
Бу айни Сотволдининг кўнглидаги гап эди, бироқ гўёки бу таклиф ажаблантиргандек ўзини тутди:
-Ие, қандоқ бўларкан-а?! Дориликка деб асраб турувдим.
-Йўқ, деманг, ука…
-Ҳа, майли, розиман…

Шундай қилиб, айни қиш палласида осмондан тушган, Худонинг неъмати бўлган қорни пуллаб, 200 минг сўм даромад қилган ана шу учар тужжор Сотволди бўлади. Эҳеее, бунақа антиқа савдоларнинг яна бир нечасини санаш мумкин…

Мана, кунлар ҳам исиб кетди. Баҳор фасли бўлса-да, иссиғи саратонникидан кам эмас. Шу иссиқда кўчада бир соат юрсангиз, миянгиз қайнаб кетиши эҳтимоли юқори. Шу пайтда шоввоз Сотволди нима билан бандлигини тахмин қила оласизми? Менимча, йўқ.

Шу пайтда энг танқис нарса нима? Албатта, соя. Ҳа, ўлманг. Айни пайтда Сотволди соя сотиш билан банд Ҳа,ҳа, ишонаверинг. Бу соя дегани, анови соя ўсимлиги эмас. Соя, яъни кўланка.

Қулоққа чалинган узуқ-юлуқ гапларга қараганда, шаҳрнинг қоқ марказидаги тангадек соя тушмайдиган бекатда, доим оломон тўпланадиган жойда Сотволди катта соябонни кўтариб турган эмиш. Соялаш нархи ҳам бор экан. Агар йўловчи соябон соясида автобусини 10 дақиқа кутса, 1000 сўм, ярим соат кутса, 2 000 сўм ҳақ тўлаши талаб этилар экан.

“Сояга пул тўлайдиган аҳмоқ бор эканми”, дейсизми? Сиз ҳам асфальтга тухум чақсанг пишадиган иссиқда ярим соатлаб транспорт кутинг, қанчалар ҳақ эканимга амин бўласиз.

Хуллас, устомон Сотволди айни кез соя сотиб, тадбиркорлик қилаяпти. Ўша бекатнинг доимий транспорт кутувчилари автобуслар интервали чўзилиб кетганидан шикоят қилишибди… Бу ерда бир гап бор…

Ҳа, айтанча, яна бир гап: Сотволдининг 3 ўғлини шаҳримиздаги яшил Мерседес автобусларида кўрганлар бор. Айтишларича, болалар салони 50 даража иссиқ бўлиб кетадиган автобусларнинг йўловчиларини елпиб, пул ишлаётган экан… Тавба!!!! Олманинг тагига олма тушар, деганлари шу экан-да!

Муслим Мирзажонов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.