Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазири Алишер Шодмоновга очиқ хат

Мен вазирни ёмон кўраман…

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазири Алишер Шодмоновга

Аниқ эслолмайман, Алишер Навоийнинг қайсидир асарида табибнинг бемор олдига келиш саҳнаси бор. Унда табиб отда, зарбоф тўн кийган ва қўлида қимматбахо узуги бор қилиб тасвирланган. Тасвирдан кўринадики, табиб ўзига тўқ киши бўлган.

Ўзи мундоқ юзаки тарихни ўрганиб кўрилса, ҳамма даврларда шифокор табиблар эл олдида ҳурматли ва ўзига тўқ кишилар бўлган. Лекин мустақиллик йилларига келиб бу ҳол 180 градусга ўзгарган.

Институтда ўқиб юрган пайтларимизда сиз Урология кафедраси мудири эдингиз. Аниқ эслайман, бир тадбирда шифокор бурчи ва вазифалари ҳақида гапириб, шифокор моддий манфаатни кўзлаб иш қилмаслигини уқтиргандингиз. Сўнг мавзудан бироз четланиб келажакда бизни яхши ҳаёт ва шарафли касб кутаётганини ва ҳали биз ҳурмат, моддий таъминотдан умуман танқислик кўрмаслигимизни айтиб бизни руҳлантиргандингиз.

Кейинроқ сиз ректор бўлдингиз. Моддий эҳтиёжи туфайли инсофини унутган бир қанча устозларнинг асл қиёфалари бизга ҳаётда доим билим, тўғрилик билан яшаб бўлмаслигини ва пул кўп нарсани ҳал қилишини жуда чиройли тушунтирди. Аммо институтни битирмагунча осмонларда учиб юравердик. Тўланаётган контрактлар ортида оила аъзоларимизни қанчадан-қанча меҳнати, умидлари ва орзулари бор эди. Биз институтни битиргач, бу сарфланган орзу умидлар ва моддий камчиликни ортиғи билан қоплашга ишонардик. Афсуски, чучварани хом санаган эканмиз.

Етти йиллик ўқиш даврида хар йили пахта мавсуми бошланиши биланоқ 2 ойга пахтага кетардик. Математикани сал-пал тушунадиган одам ҳам 7 йилда 2 ойдан пахтага чиққан одам умрининг 14 ойи пахта даласида ўтиб кетганлигини жуда яхши тушунади. Холбуки, биз ўша 14 ой учун ҳам контракт тўлардик. Бир биримизга ҳазиллашиб, агар шифокор бўлмасак, фермер бўламиз, дер эдик.

Энди мавзуимни моддий манфаатдан бошлаганимни сабабини айтиб берсам. Бундан аввалроқ ҳам шунга ўхшаш бир мақола эълон қилгандим.
Ҳозирги кунда давлат бюджети таъминловчи ташкилотлар ичида энг касбий тарафдан ноҳақлик қилинаётган соҳа — бу тиббиётдир!

Оммавий ахборот воситаларини доим кузатиб бораман. Жуда камдан кам ҳолларда шифокорларни нолиган мақолаларига кўзим тушади.
Бунинг сабабини мен қуйидагилар билан изоҳлайман:

1) Шифокор қасамёди. Бунда моддий манфаатсиз даволайман, деган банд бор;

2) Етти йиллик таълим;

3) Хафсаласи пир бўлган шифокорлар;

Гиппократ ва Гален даврида тиббиёт гуллаб яшнаган. Бундан бир ярим минг йил аввал. Чунки у даврда қулдорлик даври бўлган.

Шифокорлар ўзига тўқ бўлгани учун фақат даволаш билан машғул бўлган. Улар ижара тўлайман, коммуналка тўлайман, оила боқаман, деган хаёлдан фориғ бўлган.

Масалан, 7 йиллик таълимни тугатган УАШ фаолиятига енгил назар ташласак, 740 минг ойликка УАШ:

1) 5-6 минг аҳолиси бор (қонунда 1200 та) участкага боши билан жавоб беради. Шу қисмнинг ўзиёқ қул эканлигини кўрсатади;

2) Ҳар ой УАШ лар ўзига тегишли ҳудуддан 10-12 та аёл бачадонига БИВ контрацепция (спирал) қўйишга мажбур. Бўлмаса ойлигидан қирқилади. Қалбаки ҳужжатлар шу ердан пайдо бўлади;

3) Ҳар ой 2-3 тадан ИЖК ихтиёрий жарроҳлик контрацепсияси (тухумдон йўлларини бойлаш) қилдириши керак. Бўлмаса ойлик қирқилади;

4 ) Ўлимга справка бериши керак. Отчётларни тўлдириб бормас ойлигидан қирқилади;

5) Режаланмаган туғруқ бўлса ойлигидан қирқилади;

6) 0 ёшдан 150 ёшгача, хомиладор, бола, қария фарқи йўқ — ҳаммасини даволаши керак. Хато қилса ойлигидан қирқилади, шарманда қилинади;

7) Ҳар куни ишдан кейин чақирувларга уйма-уй бориб даволайди. Сабабсиз боролмаса ойлигидан қирқилади;

8) Участкада бирор болани ичи кетса, гепатит бўлиб қолса, ойлигидан қирқилади;

9) Бемор анкетасига «келса-келмасни» ёзиб бориш керак, бўлмаса ойликдан қирқилади;

10) Ўтирган хонангни ёнингдан ремонт қилмасанг, гул, парда, плакат илмасанг ойлигингдан қирқилади;

11) Бемор чўнтагингга ойда бир марта 3-4 минг солиб қўйса ва бундан бош шифокор хабар топса, бизга узатмаяпсан деб ойлигидан қирқилади.

Ушбу санаганларим ўндан бири эди холос.

Энди Алишер Қаюмович, сизни нега ёмон кўришимни асослаб берсам

Бу ёмон кўришим шахсий адоват туфайли эмас, бутун бир миллат шифокорларини шарафини ҳимоя қилиб, улар учун ҳеч нарса қилмаётганлигингиз учун.

Қанақангидир ускуналарга 60 миллиард эконом қилиб, Президент олдида «очко» ишлаб олдингиз, аммо шифокорларингиз шароитини яхшилаш учун нима қила олдингиз?

Эл ҳозир шифокорларни порахўр, билимсиз, қўпол деб ҳисоблайди.

Нега қўпол? Чунки ишдан кўнгли совиган, беморларни даволагиси келмайди.

Нега порахўр? Қоровул оладиган ойликни олади ва қулдек ишлайди.

Нега билимсиз? 2 йиллаб пахтага чиқиб, порахўр домлалар қўлида ўқиган.

Ҳозирги кунда жадал ўзгаришлар бўлаётган пайтда «Халқ таълими вазири» ва халқ гапиравериб ходимининг ойлигини оширди, имтиёзлар жорий қилинмоқда. Сиз-чи, нима қилдингиз? Дима Қаюмнинг уйига бориб очко олишдан бошқа?

Тўғри, бошқалар наздида калта ўйлаётгандай туюлишим мумкин. Фақат вазирга боғлиқмас, деган баҳоналар ҳам йўқ эмас. Сизга боғлиқ бўлмаса, кимга боғлиқ? Ҳарбий, ўқитувчидан нима кам жойимиз бор бизнинг?

Ойликни кулгили қилиб оширишнинг кераги йўқ. Қайта кўриб чиқиш керак ҳаммасини. Сиз миллатни касал қилиб, дорига ўтирғизишда катта ҳисса қўшяпсиз.

УАШ тизимини бекор қилиш керак. Қоғозбозлик, мажбурий меҳнатни умуман йўқотиш керак. Ойликни камида 5 млндан бошлаб қилишга ҳаракат қилишингиз ва имтиёзлар жорий қилишга ҳаракат қилишингиз зарур.

Лекин сиз буларни қилмайсиз… Шунгаям ёмон кўраман сизни!

Агар ёзганларимни ўқисангиз, шифокорлар аҳволини яхшилашга бугундан қаттиқ киришинг ёки бошқа киришадиган кишига ўрнингизни бўшатинг!

Институтда Иқтисодиёт назарияси деган фан ўқитилган бизга. Жуда яхши ўқитувчимиз бўларди. Бир курсдошим бизга иқтисодиёт нега керак деганида, ўқитувчимиз: «Агар шифокор бўлиб оила боқа олмасанглар, бозорни ўрганиб олишларинг учун», деганди. Ўзларини турмуш ўртоғлари ҳам шифокор эканликларини кейинроқ билганмиз. Бир дарсда шифокор, бош врачлар, бўлим мудирлари қандай пул топиш мумкинлигини (ноқонуний) ҳазил аралаш айтиб бергандилар.

Иқтисод муаллимимиз нақадар ҳақ бўлиб чиқди. Айни кунлардаги шифокорлар оиласини боқа олмаяпти. Шунинг учун ҳам сизни ёмон кўраман!

P/S: Айтганча, ўша иқтисодиёт назарияси ўқитувчимиз — турмуш ўртоғингиз Гулбаҳор опа Шодмонова эдилар…

Абдулазизхон Акрамов, шифокор

5 комментариев

  1. Бор эканку хақиқатни ёзадиган мард одам. Соғлиқ сақлаш вазирлиги, халқни соғлигини расвосини чиқарадиган ташкилотга айланиб қолган. Асосий мақсади кўпроқ дори сотиб, кўпроқ пул топиш бўлиб қолган

  2. ХУРМАТЛИ СОГЛИКНИ САКЛАШ ВАЗИРИ АЛИШЕР ШОДМОНОВ. КУКОНЛИК САХАР КАСАЛИГА ЧАЛИНИБ ОЕГИДА ЯРАСИ СУЯККА УТИШ АРАФАСИДА ТУРГАН РАСУЛЖОНГА АМАЛИЙ ЕРДАМИНГИЗ КЕРАК. БЕФАРК БУЛМАНГ. ЙИГИТ УТА ТУШКУН ХОЛАТДА. +998905640402

  3. Вазирликдаги «таъминот булими» ва вилоятлардаги «экспедитор ва омборчи»ларни тулик алмаштириб, харбийлардан куйиш керак. ХАММА НАРСА беморларга ЕТАРЛИ БУЛАДИ. Акс холда бу гурухнинг иккинчи, учинчи, туртинчи хотинларига ва камига уйнашларига шароит яратиб юришдан чарчадик.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *