Сизга ишонамиз, Шавкат Миромонович!

14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида кўча тозалаш ишларига жалб қилинган 23 ёшли мактаб ўқитувчиси Диана Еникеевани катта йўлдаги тўсиқларни оқлаш чоғида юк машинаси уриб кетгани ҳақида мудҳиш хабар яшин тезлигида тарқалди.
Бу фожиа ҳақидаги фикримни билдиришга эса мени “Каттақўрғон туманида 14 март куни содир бўлган бахтсиз ҳодиса юзасидан” Каттақўрғон туман ҳокими ўринбосари М. Музаффаров ва Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қ. Саидовлар томонидан имзоланган расмий шарҳ Хабар.уз сайтида расман эълон қилингани мажбур қилди.
Биринчидан мен ушбу фожиа тафсилотларини ўрганиб, бу ҳақдаги журналистик суриштирув натижаларини ёритган Каримберди Тўрамуроднинг холислигига ва ҳақиқатни ёзганига тўла ишонаман. Шунингдек муаллифнинг Президентимиз Ш. Мирзиёевга қилган мурожаатини тўла қўллаб қувватлайман!
Иккинчидан юқорида номлари тилга олинган амалдорларнинг расмий шарҳини ўз айбини хаспўшлашга уриниш ва жавобгарликдан қочиш учун қўрқоқларча ўзини амалини ҳимоя қилиш мақсадидаги жирканч ёндашув деб ҳисоблайман
Хатосиз ва камчиликсиз иш бўлмайди. Аммо ҳар қандай кишининг ўз хатоси ва камчилигини тан олиши одатда ўзига хос мардлик деб баҳоланади. Жаноб Музаффаров ва жаноб Саидовларнинг қўлидан мардлик келмас экан, ҳеч бўлмаса сукут сақласалар бўлмасмиди?
Ахир сукут сақлаш марҳуманинг руҳини чирқилатиб, унга туҳмат қилишдан яхшику! Наҳотки бу жаноблар учун мансабини ҳимоя қилиш улар учун ор номусдан, виждондан (агар бу жанобларда заррача ор-номус ва виждон деган нарсалар бор бўлса) устун бўлса! Ўзи мана шундай мактубнинг ёзилиши, бошқа виждонли, фидойи амалдорларга ҳам халқнинг ишончини сўндиришга олиб келишини ҳеч ким ўйлаб кўрмадимикан? Менинг фикри ожизимча ушбу жанобларнинг имзоси билан битилган мактубнинг пайдо бўлиши бу шу қадар катта фожиаки, уни олдида Диананинг ўлими билан боғлиқ фожиа арзимаган ҳодисага айлангандек назаримда. Негаки Диана Еникееванинг мажбурий равишда кўча тозалаш ишларига чиқарилганини инкор этилган бу хат, оддийгина ўзини оқлашга уриниш эмас, жамиятни, халқни, тентакка чиқариб, ПРЕЗИДЕНТ Ш. МИРЗИЁЕВ бошлаган ислоҳотларга бўлган ишончни йўқ қилишга бўлган ҳаракатга ўхшайди чамамда! Неча неча йиллардан бери, ошкор этилмай инкор қилинган, аммо халқ яхши билган ҳақиқатлар бугун Президентимиз томонидан катта минбарлардан айтилаётган бир пайтда, эскиликдан воз кечолмаётган айрим раҳбарларнинг ўзбошимчаликларини хаспўслаш ва инкор қилишни хиёнат демасдан бошқа қандай тушуниш мумкин?
Эндигини 23 баҳорни қаршилаган мажбурий меҳнат қурбони бўлган оддий ўқитувчининг даҳшатли ўлими ўзларини хон кўланкаси майдон деб ҳисобловчи амалдорларни кўзини мошдек очиши ўрнига  Ш. МИРЗИЁЕВ раҳбарлигида олиб борилаётган давлат сиёсатига очиқчасига қаршилик кўрсатиш ва рад этиш орқасида кимлардир тургани йўқмикан, деб ўйлаб қоламан.
Менимча бу фожиа айбдорлари  марҳуманинг оила аъзоларидан, барча ўқитувчилардан, шунингдек Президентдан кечирим сўрашлари шарт! Энг муҳими ҳукумат томонидан энг олий даражада мажбурий меҳнатга ҳеч ким, фақат ўқитувчилар эмас, умуман ҳеч ким жалб этилишига йўл қўйилмаслигини таъминлаш учун чора тадбирлар ишлаб чиқилиши даркор. Мен Диана Еникееванинг ўлими Ўзбекистон тарихида мажбурий меҳнатга барҳам берган тарихий  фожиа сифатида қолишини жуда жуда истар эдим. Ушбу фожиадан Президент Шавкат Мирзиёев хабар топиши билан(Хабар топишига эса ишончим комил) шундай бўлишига ишончим комил!

Бугун  Диананинг фожиали ўлими билан тафсилотларни  кенг оммога ошкор этиб жасорат кўрсатган оддий журналист Каримберди Тўрамуродни таъқиб қилинишини чеккада жимгина кузатаётган ҳамкасблар,  шунингдек ҳар сафар Президент гапидан сўнгина «кўзлари очиладиган» жаноблар  ҳадемай Президентимиз Диананинг ўлимига муносабат билдириб қолганидан кейин, ўзларини сал кам қаҳромонга чиқариб, жонкуяр кўрсатиб  Каримберди Тўрамуродга гал бермай, эсламай теле, радио эфирларда, газета ва интернет саҳифаларида  тинмай жаврашни бошлашига ишонаман.  Ўша пайтда айнан шундай маддоҳчалар мукофотлар оладилар. Каримберди Тўрамурод эса мукофотларсиз ҳам ўз ишини сидқидилдан бажариб,  ҳалқ дардини, ҳақиқатни ёзишни давом этади. Бу аниқ!
Мен сўзимнинг якунида Каримберди Тўрамуроднинг мақоласидаги сўзларни келтирмоқчиман.
“Ҳурматли Шавкат Миромонович! Сиздаги ғайрат-шижоат таҳсинга лойиқ. Шу элни, шу юртни деб, тиним билмасдан вилоятларга чиқаяпсиз, қўшни давлатларга бориб, бир нималар ундириб келаяпсиз, ҳаммасини олқишлаймиз. Аммо илтимос, қайси вилоятга боришингизни олдиндан айтманг! Вилоятга боришингиз шўрлик ўқитувчиларга зўр келаяпти! Улар 10-15 кун олдин бошлаб, то келиб-кетгунингизча дарсларини ташлаб, сиз ўтадиган кўчаларни супуриб, ювиб, оқлаб чиқишаяпти.
Биламан, сиз кўзбўямачилик қилишларини истамайсиз. Сизга ёлғон ялтиратилган, сиз ўтадиган кунигина ювиб қўйиладиган кўчалар ҳам керак эмас.
Биламан, сизга сиз ўтиб кетгунча ишлаб турадиган сохта иссиқхоналар ҳам, катта йўллар четида ташкил этилаётган, соғлом одамнинг ақли қабул қилмайдиган ток ишкомлари ҳам керак эмас.
Биламан, сизга сиз келиб кетган кунлари кўкариб турадиган дарахтлар ҳам, шу кунлари очилиб турадиган гуллар ҳам керак эмас.
Биламан, сизга дала четидаги кўрганни ҳайратга соладиган, у ерга боришга ҳақиқий деҳқон ҳайиқадиган, кўзни қамаштирадиган даражадаги ораста, юмшоқ креслолар қўйиб қўйилган шоҳона дала шийпонлари ҳам керак эмас.
Сиз барибир ичкарида аҳвол қандайлигини ҳам яхши биласиз.
Каттақўрғонга келганингизда сизга жуда кўп ялтирайдиган кўчаларни, ялтирайдиган уйларни, ялтирайдиган мактабларни, ялтирайдиган …одамларни кўрсатишади. Майли, уларни кўринг. Аммо Каттақўрғондаги 42-мактаб рўпарасидаги ялтирамайдиган бир кўримсиз уйга кириб, сизга қаттиқ ишонадиган, ёлғиз қизларини юк машинаси босиб ўлдирган ота-онани ҳам кўришни, уларнинг кўнглини сўраб қўйишни унутманг!
Сиз келасиз дея жонидан кечган бир ўқитувчининг кўзлари маъюс ўғилчасини қўлингизга олинг ва эркалаб қўйинг!
«Бошқа болаларнинг кўзлари сеникидай маъюс бўлмасин, бошқа ўқитувчиларнинг гўдаклари сендай етим бўлмасин!», — денг.
Ўқитувчилар мажбуран турли ишларга жалб этилишини тан олмайдиган депутатлар ўқитувчини ҳимоя қиладиган қонун чиқармайди барибир. Сиз фармон чиқаринг, илтимос!
Каттақўрғонга келганингизда эълон қилинг шу фармонни!
«Ўқитувчилар ўқитувчилигини қилсин, бошқа иш қилмасин!», — денг.
«Шифокорлар шифокорлигини қилсин, бошқа иш қилмасин!», — денг.
«Ўқитувчи ва шифокорни бошқа ишга жалб қилган одамни ўзим жазолайман!», — денг.
Сиз буни қила оласиз!
Мен бунга ишонаман!”
Қўшимча қилиб айтишим мумкинки, Шавкат Миромонович СИЗГА ЎЗБЕКИСТОН халқи ишонади. Агар ҳозир сиз аралашмасангиз оддий ҳақиқатни ёритган журналист Каримберди Тўрамурод жувонмарг бўлиб кетиши ҳеч гап эмас! Муҳтарам Президент бугун фақатгина  Диананинг руҳи покигина эмас, энди туғилаётган ўзбек эркин матбуоти тақдири ва келажаги ҳам сизнинг ҳимоянгизга муҳтож!  БИЗ адолат тантана қилишига ёрдам беришингизга, ва айдорларга жазони муқаррарлигини таъминлашингизга ишончимиз комил!!!!
Давлат Назар

7 комментариев

  1. Албаттаки, айбсизлик презиумсиясига асосан ижроия хокимият, биз айбдор эмасмиз дейди. Агар мархума (худо рахмат килсин!) бевакт узилмай яшаб узининг сохасида кейинчалик бирор бир катта ютукларга эришганида биринчи уринда хокимият «куксини калкон килган» буларди: «хокимликнинг эътибори ва куллаб кувватлаши асосида бизнинг укитувчимиз шундай ютукларга эришди» деб жар солинарди… Лекин нима булганда хам ахамият берсак иккала холатда хам сунгги хулоса хокимликдан суралаяпти. Айни мана шу богликлик муаммони асл сабабчисидир. Илм маърифатимиз такдирини хокимлик хал килаяпти. Бу яхшими ёки ёмонми? Яхши томонларидан куз юмиш ахмоклик булади. Хар бир тумандаги ёш авлодни тизимли равишда назорат килиш, уларни иссик совугидан хабар олиш, хар хил тадбирлар уюштириб уларни рагбатлантириб туриш каби комплекс тадбирлар мажмуаси факат ижобий таъсирдир.
    Аммо мана шуларни эвазига хашар ва оммавий ободончилик шиорлари остида ихтиёрий-мажбурий ишларга жалб килиш окибатларини санаб адогига етиш кийин.
    1. Укувчилар уз вактида дарс олишдан махрум килинадилар.
    2. Укитувчиларда уз касбига нисбатан совукконлик пайдо булади. Бу совукконлик эса бориб бориб рахбариятга нисбатан нафратга айлана боради.
    3. Педагог жамолари орасида гурухланишга олиб келади. Бир гурухлари бундай ишларни кулласа бошка тоифалари бундай ишлар конунга зид дейди, ёкламайди. Табиийки мактабда носоглом мухит юзага келади.
    4. Юкоридагиларни барчаси таълим тарбияни оркага кетгазади.
    5. Бундай мактабни битирган ёш авлод онгида илм бирламчи булмайди. Шароит бирламчи булади. Чунки улар уз кузлари билан куришаяпти, дарслар уз вактида укитилмай, муаллимлар жамоат ишлари билан банд булиб юрганларини. Яъни уз вактида утилмаган дарслар уз таъсирини курсатиб келгуси хаётларида хам илмга асосланиб эмас, ШАРОИТГА КАРАБ ФИКР ЮРИТАДИГАН АВЛОД етишиб чикади. Бундай ёшлардан ИННОВАЦИОН ГОЯ кутиш тугул, жамиятдаги булаётган вокеларни асл мохияти тугрисида фикр ва мулохаза юритиш деган туйгуни узи булмайди. Улар келажакда бирор бир давлат ишларида ишлар эканлар коррупция, порахурлик ва таъмагирлик каби иллатларни узларининг келажак пойдевори ва жамиятда юкорирок мавкени эгаллашнинг асоси деб биладилар.
    Ва мана шу сунгги хулоса бизнинг жамиятимизни тубсиз жарликка олиб борувчи ИЛМСИЗЛИК ВА ТУБАНЛАШИШ ЙУЛИДИР!
    Таклиф: Таълимни хокимлик «кучогидан» халос килиб, таълим вазирлигига буйсунадиган секторга айлантириш максадга мувофикдир.

  2. ЛОКАЙД, ИККИЮЗЛАМАЧИЛАР ГУРУХИДАН ТАШКИЛ ТОПГАН ПАРЛАМЕНТНИ ТАРКАТИБ, УШБУ КЕСАК СЕНАТОРВАЧЧАЛАРНИ УМРИНИ ОХИРИГАЧА КАЙТА СЕНАТОР БўЛИБ САЙЛАНИШ ХУҚУҚИДАН МАХРУМ КИЛИШ КЕРАК. ОЙЛИГИНГНИ ОҚЛАМАЙ ТЕКИНХўРЛИК ҚИЛИБ ЮРИШИБДИ. СЕНЛАРГА АЛЛОХНИНГ ҒАЗАБИ ВА ХАЛКНИНГ НАФРАТИ ЕТИБ БОРСИН.

  3. Вилоят хокимига вилоят ХТБ, вилоят касб-хунар бошкармаси, туман хокимига Туман ХТБ, туман коллежлари бу’сунар экан укитувчиларни куча тозалаши тухтамайди. Айтиш мумкин, тех ходимлар чикариш мумкин. Биринчидан таьлимдаги тех ходимни хам у’з вазифаси бор. Иккинчидан тозалашга ажратилган ер майдонини катталигини хисобга олса тех ходимлар билан улгурмайди мактаб ва коллежлар

  4. Бу ерда ким кимга бўйсинишни аҳамияти йўқ назаримда. Шунчаки халқни ҳуқуқий онгини ошириш керак. Яъни, ўқитувчи директорми, ҳокимми, ХТБ бошлиғими ким бўлса ҳам нима деса лаббай деявермай ҳужжат талаб қилсин, тамом. Қани қайси раҳбар давомли ҳашар ўтказиш ҳақида буйруқ ёки қарор чиқара оларкан(ташкилот ҳуқуқшуноси бу қонунга зид эканини жуда яхшт билади).

  5. Бошланди… Мана бизарда фермерларни уйготиб далага чикариш укитувчиларга юкланди, уже. Шунча гап кае»кка кетди

  6. Бундай вактинчалик ободонлаштириш ишларига одам етишмаса, вактинча шартнома асосида килган ишига караб хак тулаш билан беиш юрган еки бекорчихужаларни жалб этиш даркор. Карор бор.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *