Синфхоналарни мадҳия иситиб беролмас… Ёхуд Ватанга муҳаббат мадҳия билан ўлчанадими?

Ўқув йилининг иккинчи чорагидан (умуман олганда ҳар ўқув йилининг бошидан) мактабларда дарслар мадҳия билан бошланар экан. Ажойиб ғоя, шундай эмасми?! Мен буни юқорида ўтирган каттаконларимизнинг аксарияти
ҳалиям компартиядан қолиб кетган идеология билан яшаётгани, ишлаётгани ва энг ачинарлиси қолганларга ҳам сингдирмоқчи бўлаётгани деб ўйлайман.
Эмишки, мадҳия куйлаш ватанпарварликни ривожлантирармиш… Абсурд ғоя.

Келинг, яқин кунлардаги ҳолатларни эсга олайлик. Қамоқ жазосини ўтаб қайтган маҳбусларнинг айтиши бўйича яқин пайтгача (балки ҳозир ҳам шундайдир) қамоқхоналарда мадҳиямиз ҳар куни мажбуран айттирилган. Бунинг натижасида бирорта маҳбусда ватанпарварлик туйғуси ошиб-тошиб кетганини ёки мадҳиямизга нисбатан меҳр уйғонганини кўрмадик. Бунинг ўрнига кўпчилик орасида мадҳиямиз учун «Серқуёш» деган иккинчи бир номни орттириб олдик.

Охирги пайтда бирор ислоҳотни амалга ошираётганимизда, янгилик жорий этаётганимизда бу янгиликнинг ривожланган давлатларда ҳам қўлланилиши, бу — «халқаро тажриба» эканлигини кўп таъкидлаяпмиз. Хўш, бу ҳам навбатдаги «халқаро тажриба»микан? Ёки дунёнинг энг ривожланган, фуқаролари энг ватанпарвар бўлган Америкадек давлатда дарслар мадҳия куйлаш билан бошланадими?

Мен давлатимиз суверенлигининг рамзларидан бири бўлган мадҳияга қарши эмасман, мадҳияни мактабларда айтилишига ҳам қарши эмасман, лекин ватанни севиш қуруқ мадҳия куйлаш билангина бўлмаслигини қачон тушуниб етамиз? Фарзандларимизга мадҳия айттираверишни ўрнига таълим сифатини кучайтирсак, она тилимизни, тарихимизни яхшироқ ўргатсак яхшимасми?

Фарзандларимизга Ватанни бундайин маъмурий буйруқбозлик услублари билан севдириш эмас, Ватанни ҳаммамиз учун севимли бўлишига ҳисса қўшишга ўргатиш вақти келмадими?

Тасаввур қилинг, ўқувчи мактабгача транспорт қатнови йўлга қўйилмаган, асфальтланмаган йўлдан лойга ботиб келади. Гоҳи-гоҳда электр ўчиб қоладиган, табиий газ йўқлиги учун кўмир билан аранг исийдиган синф хонасига киради. Синф хариталар, кимё, физика каби фанлардан лаборатория жиҳозлари, мусиқа асбоблари ёки спорт анжомлари сингари махсус ўқув жиҳозлари билан таъминланмаган. Ечиниб, қулайроқ ўтирай деса совуқ қотади, бунинг устига кийим шкафи ҳам йўқ. Битта синфда 24-26 тагача бола таълим олиши керак бўлсада, мактаб ва хоналар етишмаслиги сабабидан 36-40 тагача бола қабул қилинган, улар битта партага учтадан ўтиришади. Энди бунча боланинг ҳар бирига 45 минутлик дарсда индивидуал шуғулланиш учун вақтини етказолмаётган ўқитувчи дарсни бошлаш ўрнига болаларнинг камида 5 дақиқа вақтини мадҳия куйлаш учун сарфлайди.

Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳам бу жараёндан четда қолгиси келмай ташаббусни давом эттирса деярли 20 йиллик эрталабки мадҳиябозлик тайёрда. Ватанни севишга ўргатиш бундан ортиқ бўлмас!

Битта жараён ҳар куни такрорланаверса оддий ҳолга айланиб, унинг жозибаси йўқолишини ҳаммамиз яхши биламиз. Мадҳия — ўз номи билан мадҳия! У байрам кунларида, ўқув йили бошланганда ва якунланганда, турли тадбирлар ўтказилганда куйланса қадрли бўлади, соғиниб куйланади.

Фарзандларимизнинг ҳар бири Ватанимиз мадҳиясини билиши, уни чиройли куйлай олиши масаласини эса мактаблардаги бошланғич синфларда мадҳия матнини ёд олдириш ва мусиқа дарсларида куйлашни ўргатиш орқали амалга ошириш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, биз доимо фахрланадиган аждодларимиз, Темур бобомизу, Жалолиддинлар пайтида умуман мадҳия бўлмаган, лекин улар Ватанини бугун кунига икки маҳал мадҳия айтадиган замондошимиздан кўра яхшироқ, кучлироқ севган ва ватанига фойда келтира олган.

                         Адхамжон Толаков

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.