Шукур Жаббор: «Бу тўқима эмас лекин…»

Ушбу ҳикояни “Шаршара” ресторани колбаса цехида эшак гўшти ишлатилган деган нотўғри тушунчага келиб қолганлар ўқисин!
ШАРШАРА
ҳикоя
Тошкентнинг Себзор даҳасида шундоқ канал бўйидаги ташландиқ жойда икки киши тимирскиланиб юрибди. Улар нишаб жойдан сув тез оқаётган жойга келишди. Улардан бири анча бўйдор бўлиб, кўринишидан маҳаллий зўравонга ўхшайди. Лекин, бекордан бекорга ҳеч кимнинг бурнини қонатмаган. Унинг исми Лутфулло, лақаби эса “Граф”. У чиндан ҳам Александр Дюманинг “Граф Монте-Кристо” асаридаги Иф қалъасидаги маҳбусликдан қутулган, сочини елкасигача тушириб олган бош қаҳрамонга ўхшайди. Шунинг учун дўстлари уни “Граф” деб чақиришади. “Граф”нинг ёнидаги елкасига “Зенит” русумли фотоаппарат осиб олган йигитнинг исми Аъзам. Лутфулло Аъзамга канал бўйидаги ташландиқ жойни кўрсатиб суратга олишни буюрди.
— Манби жойга тоғ тошларидан қўйсак сув шаршара бўлиб тушади, деди Лутфулло. Улар нишабликдаги сувга бироз қараб туришди. Сўнг айнан шу жойни Аъзам елкасига осиб олган фотоаппаратни қўлига олиб чирқиллатиб расмга тушира бошлади. Улар тушликкача шу тариқа куймаланишди. Кейин Лутфулло Аъзамга қараб деди:
— Етарли! Бас! Юр Рабоччи городокка борамиз. Санга зўр гумма олиб бераман!
— Яна Ғофурни гуммасигами?!..
— Ма қипти? Оғейни азгина сабр қилиб тур! Худо хоҳласа манби жойни гуллатиб-яшнатиб, енги ресторан очаман! Кейин шўтта менюга қараб хоҳлаган овқатимизни пиширтириб еймиз. Зарафшонам йўлда қоп кетади! Номини “Шаршара” деб қўяман! Қарабоққин сувга! Тушишини кўрвоссанми?! Зўр жой-де, тўғрими?!.. Қорин очиб кетди. Унгача Ғофурни гуммасини еб туравиза! Юр!..
Аъзам “Зенит”нинг ғилофига киргизиб, елкасига осиб олди. Улар Себзорга яқинидаги Ишчилар шаҳарчасига пойи пиёда йўлга тушишди… Гумма сотилаётган жойга етиб келишди. Улар ўша ердаги столни банд қилишди ва Лутфулло столдаги туз ва мурчни қўлига олиб, гуммачига қараб бақирди:
— Ғофур! Бизага бошланишига бешта-бештадан бергин!
Бу Ғофур гуммачи деганлари аслида вақтлар келиб “Ғофурбой” деб ном чиқарган, мафия оламининг авторитетларидан бири эди…
Эртаси кун Себзордаги ўша овлоқ жойда қўлига кетмон, ўроқ ушлаган йигитлар пайдо бўлди. Лутфулло орзусидаги “Шаршара” ресторанини қуриш учун катта иштиёқ билан енг шимарди…
Шу шаршара сувидек югурик вақтлар оқиб ўтди… “Шаршара” бўйи гуллаб-яшнади. Лутфулло орзу-ниятларига эришди. Шаршара бўйида катта ресторан қад ростлади. Кўплар ҳавасда, кўплар хасадда қолди. Лекин кўча оламида Лутфулло “доля” бермасликда айбланди. Уни Оқ уйдаги Салимбой ҳузурига чақиришди. Салимбой билан Лутфулло юзма-юз бўлди.
— Манга сани “лой” бермейди дейишди. Эшитишимча, ҳалол ишларкансан. Тўғри қиласан! Ўзинга тўғри бўсенг нега “доля” берасан?! Бундан кейин санга ҳеч тегмийди. Фақат санга комсомлский поручения бор. Индинга Москвадан нозик меҳмонларим келади. Шуларни меҳмон қилишинг керей! Чорвоққа обчиқий десам бу ёқда зарур ишим бор. Шунга меҳмонимдан кўз-қулоқ бўласан! Меҳмонни оти Олег Московский. А так Олег Москвич десаям бўлади. Яна сан уни Москвич деб чақириб юрма хапа бўлади. Кумуш идишларинг борми? Ҳозир Ахадга этаман, санга кумуш қошиққача етказади!..
— Шартмас бой ака! Кумуш идишларим бор!..
— Ма мамбини!-деб Салимбой Лутфуллонинг олдига бир даста АҚШ долларини ташлади.
— Кереймас бой ака! Сиззи меҳмонлариз мани меҳмонларим!..
— Гапни кўпайтирма, ол дедим!..
Лутфулло Салимбойда илиқ таассурот қолдирди. У бойнинг меҳмонларини ҳеч камчиликсиз кутиб олди. Олег Московский деган меҳмон “Шаршара”да зиёфат қилиб, кетаётган пайт Лутфуллога миннатдорлик билдириб, чўнтагидан визитка олиб узатди. Олег Московский Лутфуллони “Братва” деди. Олег Московский Тошкентдан Сашани (Салимбойни) ва Лутфуллони “Братва” дейишини эътироф этди. Бирорта ишинг Россияда битадиган бўлса хабар қил, деб у Лутфулло билан шаршара шовқинида баланд овозда гаплашиб илиқ хайрлашди.
Шаршара сувидек вақтлар оқа бошлади. Бир куни дугоналари билан меҳмонга келган “Малика” – Гулнора Каримовага (Биринчи президент Ислом Каримовнинг қизига) “Шаршара” ёқиб қолди. Тинчгина еб-ичиб кетмасдан “кўзини олайтирди”. Ҳали рюмкасидаги “напиткаси” тугамай “Шаршара”ни гўёки “ўз мулкига қўшиб олди”. Бу ҳақда ёнидаги дугонасига ҳам шипшип хиринглаб қўйди. Эртаси кун Гулнора Лутфуллони чақириб ниятларини ошкор қилди ва уни сотиб олмоқчилигини айтди. Лутфулло бунга кўнмади. Шундан кейин “Гулнора ва Лутфулло жанги” бошланди. Шаршарада солиқчилар, прокуратура ходимлари, СЭС ходимларининг текшир-текширлари Лутфуллонинг тинкасини қуритиб ташлади. Ниҳояси хунук тугайдиган бу жангга ҳеч кимнинг қўшилгиси келмади. Ғофурбойми?! Ғофурбойни аллақачон Гулнора чет элга қувиб солган эди. Салимбойми ё Йўлдош ўғрими? Лутфуллонинг ўзи уларни аралаштиргиси келмади. Малика ҳам қайсар чиқиб қолди. Лутфулло қараса енгиляпти, шунда четдан ёрдам олиши кераклигини тушуниб етди. У ахийри юрак ютиб Москвага – Олег Московскийга қўнғироқ қилди, вазиятини тушунтирди, маслаҳат солди. Шунда Олег “Не переживай братва” деди ва Гулноранинг Москвада тўртта заргарлик дўкони борлигини, шу бугуноқ талон-торож қилишини, Гулнорага Россия ҳудудида “вето қўйишини”, то “Шаршара” орзусидан кечмагунича бу ҳол давом этишини айтиб, тинчлантирди. Ниҳоят Гулнора уч кун ичида Россиядаги ишлари чаппасига кетганига “Шаршара орзуси” сабаб эканини тушуниб етди. Ва Гулнора Лутфуллога телефон қилиб “Шаршара”ни талашишдан воз кечганини айтди ва Россиядаги “чўрт”ларинга айтиб қўй нарсаларимни жойига қўйсин, бўлмаса уруғинг билан қуритаман, деб дўқ қилди. Лутфулло Олег Московскийга миннатдорлик билдириб, иш битганини, энди Гулноранинг нарсаларини қайтариб беришини айтди. Олег “Ховотир олма братва, айтганингни қиламан!” деди. Шундан кейин Лутфулло тепасидаги қора булутлар ариди.
Бироқ у барибир чучварани хом санаган экан. Лутфулло Тошкентдаги манмансираган, ўзини катта тутадиган кибор, янги бойларнинг ғашига тега бошлади. У анча бойиб қолиб, Тошкентдаги анҳорми, кичкина ариқми, қаерда сув кўрса, ўша сув бўйига кафе, ресторан очиб ташлай бошлади. Унинг яна бир ғалати “қилиғи” – ўта одмилиги эди. Лутфулло жуда оддий кийинар, кечқурун официантларни бир жойга йиғиб, меҳмонлардан қолган увоқ-ушоқ нонларни едирар, “Исрофдан қўрқинглар! Нонни уволи урмасин!” деб ўзи ҳам қўшилиб ерди. Унинг жуда одмилиги, хокисорлиги, ичмаслиги, чекмаслиги, оёғига “М” деб ёзилган “мардикорлар тапичкаси”ни кийиб юриши жиянига ёқмайди. Лекин жияни кариллаган, кибрли бўлса ҳам тоғаси Лутфуллодан ўтиб бир иш қилолмайди. Жиянига “Шаршара” ресторани қошида колбаса цехи очиб берди ва “Унақа кийинасиз-бунқа кийинасиз деб мани ғашимга теговурма! Мани ишимга вапше аралашма, лекин ман сани ишинга аралашаман!” деди.
Шундай кунларнинг бирида кечқурун нияти бузуқ икки кимса “Шаршара”да маишат қилди. Улар еб-ичиб туриб кетишар экан. “Шаршара” ёқасидаги зинадан кўтарилаётиб шаршара шовқинида маслаҳатлашишди.
— Нима қиламиз дейсан?
— Кеча бир оғейним Хоразмда эшей гўшти тарқаганини этти. Шуни шартта битта ариза билан Голд Преумми, номи нимейди, ишқилиб “Шаршара”га тўнкаб қўйсў бўлади.
— Бунга ким ишонади? Шу воқтгача ҳолол ишлабди-ю.
— Нима дивоссан? Ҳалол ишлаганни биттаси Тўхтаниёз отами?!.. Бошида ҳеч ким ишонмейди деб ўйлагандик. Ҳа одамла ишонди-ку. Тўхтаниёз ота колбасаси эсингда йўми? Шунда биров Тўхтаниёз ота намозхон бўлган, болалари тоқводор, ҳамма бу ишни қилсаям “Тўхтаниёз ота” бу ишни қимийди, деб биров чиқдими?! Чиқмийди одамлага парқи йўқ. Одамлага гап-сўз керей. Энг зўр мусурмонни копирга чиқарсенам воо шунақейкан деб қўшилиб кетовради. Айниқса гап тарқатишга интернет яхши… Прокуратурага ариза тушса бўлди, уже гап тарқийди… Нима бўсаям окахонлани буюртмасини бажаришимиз керей, унча-мунча соққали бўп қоламиз… То ҳололлигини исботлагунча биза Канада чегарасига етволамиза хи-хи-хи…
— Шовқинда эшитмавомман, юр нарроқда гаплашвуза.
Шу тариқа икки кимса ғўнғирлашиб, шаршарадан узоқлашиб, қоронғуликка сингиб кетди.
Эртаси кун уч нафар прокуратура ходими “Шаршара”га келди. Улардан бири Лутфуллога юзланиб “Биз прокуратураданмиз. Лутфулло Убаев сиз бўласизми?.. Биз билан юришингизга тўғри келади” деди…
Ҳар куни яхши –ёмон одамлар сўзига гувоҳ бўладиган шаршара эса ҳамон шовқин солиб оқарди…

4 комментария

  1. Лутфуллакани одми, камтарин инсонлигини купчилик яхши билади. Бу ерда купрок Эшак гушти мавзусига доир изох кутгандик. Дочка билан жанглари ва бошкаладан хабардормиз.
    Эшак гушти бир тарафга, Шаршара колбасалари орасида Чучка гуштидан тайёрлангани бор деб биламан.
    Ахолиси 96 фоиз Мусулмон буган юртда Чучка колбасаси чикариш нима деган гап? Шуларга изох берсин Лутфулла Братва!

  2. Shunaqa xam axmoqona post bóladimi. Buni kim yozgan ózi. Lutfillo akani laychasimi. Eshak góshtini nimaga qóshgani tógrisida gapir undan kóra. Ózi eskitdan odamlar orasida gap yurar edi sharsharaga chóchqa qóshiladi deb. Undan keyin Usha lutfillo aka restoran qurishni 90 yillarda boshlagan u payitda adashmasam G’ofir aka perashka sotmas edi

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *