Шуҳрат Маткарим: «Шундай кун кечиради фикрсиз одам»

ГАПИРИШГА ҚЎРҚАДИГАН ОДАМ

(ҲИКОЯ)

– Не бало бу боланг гунгми? – Халфа кампир Пошшо момонинг олдида ўтирган невараси, уч-тўрт ёшлардаги Дарвешбойни ҳассаси билан туртди.
Дарвеш тўла тўқ, ғўдолоққина бола, таёқ тегиб оғриган ерини сийпалади. Оқиб кетган бурнини тортди. Энасининг қўлтиғига кўпроқ сингди. Халфа кампирга ақалли не айб қилибманки, мени туртасиз, деб қараб ҳам қўймади. Бу Халфа кампирга баттар нашъа қилди.
– Пешиндан бери шу ерда ўтирибмиз, миқ этиб оғиз очмийди! Тили забони борми мунинг?
Пошшо момо бир оқтиғига, бир чиқонига қаради. Дарвешнинг бошини меҳр билан силади.
– Бор, – деди Пошшо момо. Оқтиғининг бошидан меҳр билан ўпиб қўйди. – Дим ақлли бу. Буваси билан гаплашади. Бошқа билан гаплашмайди. Не мен билан, не ота-онаси билан. Куни бўйи миқ этмайди. Бир нарса берсанг ейди. Бермасанг ўтиради-қўяди ўйнаб.
– Ҳай бола, гапла! – Халфа момо Дарвешни яна туртди. – Тилинг томоғинга кетганма?
– Қўрқаман…
Пошшо момонинг юраги “шув” этди. Неварасининг чаккаларини силади.
– Недан қўрқасан, жоним болам?
Дарвеш индамади.
– Ҳа-а, бор экан-ку тили! – Халфа момо киссасидан бир сиқим унаби жийда чиқарди. – Ма болам, муни есанг жонли-жонли гаплийдиган бўласан!
Дарвеш ўша вақтда момо берган чилонжийдани гарчи кўп эланишлардан кейин олган бўлса ҳам, кампирларнинг зўрлашларига қарамасдан емади.
Халфа момо “Оқтиғинг мен берган жийдани емади, тилсиз қолди”, деб ўла-ўлгунча чиқонига таъна қилиб ўтди.
Ҳақиқатан ҳам Дарвеш камгап, одамови бўлиб ўсди. Бунда ўша қадим замонда ейилмаган жийданинг қанчалик зарари-ю фойдаси борлиги бизга қоронғи. Аммо у бугун эллигидан ошиб олтмишига яқинлашиб қолганида ҳам камгап.
– Эй, гап-сўзга бир аралашиб ўтирсанг-а! – дейишади жўра-ёронлари йиғилишиб қолганида.
– Қўрқаман, – дейди Дарвеш ва бошини ерга солиб ўтираверади.
– Бутун умр гаплашдан қўрқиб ўтдинг! – таъна қилади унга баъзилар.
– Ҳе, тўғри қилади, – дейди бошқа бировлари. – Гапламасин бу! Бу гапласа бир бало қўпади! Гапининг чуки бор бунинг!
Ҳақиқатан ҳам Дарвеш умр бўйи гапиришдан қўрқади. Чунки, юқорида таъкидланганидай, гапирса, албатта, охирида бир ишкал чиқади. Гапларини эшитганлар бу не дегани бўлди экан деб, ё беш-ўн кун бош қотириб юради, ё бўлмаса гапининг ўта жўнлигидан етти яшар бола ҳам кулади. Шунинг учун жону жаҳонини суғуриб оладиган зарурат бўлмаса Дарвеш гапирмайди. Қаерда, қай даврада бўлса ҳам ерга қараб ўтиргани ўтирган. Ахир гапирса бир бало топади.
Мана яқиндагина бўлиб ўтган бир воқеа.
Наврўз арафасида унинг уйига қишлоқ шўросида ишлайдиган Соли созчининг ули Мамат ҳокимликдан деб узун бўйли, ниҳоятда ориқ бир йигитни эргаштириб келди. Йигит оқ кўйлак, қора костюм-шимда эди. Галстук ҳам тақиб олган. Аммо ўзиники қолиб укасиникини кийиб олгандай костюми зўрға киндигини ёпар, енги ҳам панжа бўғинидан тўрт бармоқ юқори, шимининг балоғи тўпиғига етар-етмас эди. Бу кўриниш Дарвешни танг қолдирди. “Нима бу, масхарабозми?”
Хуллас, нон-туз, ҳол-аҳвол сўрашилганидан кейин ҳалиги йигит гап бошлади.
– Энди-и, ёшулли, биласиз, яқинда Наврўз келади-и-и…
Йигитнинг овози ниҳоятда дўрилдоқ эди. Қилтириқ бўлгани учун салобатли чиқсин, деб йигит гулдурак гапиряптими ё ўзи шунақами, Дарвеш билмади. У эса гапида давом этди.
– Шунинг учун биз ҳокимият, – у Маматни ияк қоқиб кўрсатди. – Мана маҳалла вакиллари билан бирга…
– Биламиз бу кишини,– деди Дарвеш. – Соли созчининг ули… Мамат. Шўро аъзомиз…
– Э-ээ… – бу гап негадир йигитга ёқмай тушди. – Шўро замонининг ўтиб кетгани қаччо-о-он! Сиз ҳалиям шўро деб юрибсиз… Булар маҳалла, ҳокимият вакили!
– Хўп, хўп, узр! – деди Дарвеш бу қотма билан айтишиб ўтирмай. Аммо ўз фик­рида қолди. “Барибир шўро аъзо-да!”
– Наврўз жуда қадимий байрам, – гапида давом этди қилтириқ. – Тушунчангиз борми Наврўз ҳақида ўзи?
– Энциклопедист Берунийнинг ёзишича, қадимда Наврўзни Хоразмда Навсаржи деганлар. Бу эски хоразмий тилида айнан “янги йил куни” деган маънони билдиради…
Қилтириқ Дарвешдан бунақа гап кутмаган эди.
– Новви жи?
– Навсаржи. Буни Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” деган китобида ёзиб қолдирган, – такрорлади Дарвеш.
– Хў-ўп, – деди қилтириқ. – Бўлмаса гапни эшитинг! Наврўз, меҳр-муҳаббат байрами. Шунинг учун яқинларнинг, қари-қартанг, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиш керак.
– Бечора, чорасиз дегани, – деди Дарвеш. – Хў-ўш…
– Шунинг учун оғзибирчилик қилиб ким кўмакка муҳтож бўлса бориб кўриш керак…
– Кимникида кўмак экан? – гапга аралашди чой келтирган Дарвешнинг хотини.
Қилтириқ унга чақчайиб қаради.
– Хотин-халаж деган ўзини билса, гапга аралашмаса! – деди қилтириқнинг қарашини тушунган Мамат.
Дарвеш Маматга чақчайди.
– Хотин деган ҳам ёмон жонивор эмас, сени туққан, мени туққан, сут эмизган.
– Яхши бўлса уларга хотин деб қўймас эди, – билганидан қолмади Мамат.
– Хотин суғд тилида малика дегани бўлади, – деди Дарвеш. – Энди халажга келсак, халаж қабиласининг аёллари ниҳоятда чиройли бўлгани учун ўтганларимиз аёлларимизни “халаж хотин” яъни “гўзал малика” деб улуғлашган.
– Э, хотин дегани барибир қўйдай юввош бўлиши керак, – деди Қилтириқ.
– Қўй дегани ҳам ёмон гап эмас, – ўрлиги тутди Дарвешнинг. – Қўй дегани туркий қўйин деган сўздан. Яъни қўйнимдаги, ўзимники, қадрдоним дегани. Бекорга Эронда қўйни гўсфанд – “муқаддас мол” демайди. Шунинг учун хотин қўй бўлса ҳам ёмон эмас. Муқаддас нарса экан.
Қилтириқ томоқ қириб бир-икки иягини чўзди-ю, аммо бирор сўз айта олмади. Ҳамроҳини туртди.
– А?! – чўчиб тушди Соли созчининг ули.
– Айтинг! – деди қилтириқ.
– Бўлмаса гап мундай-й-й, – оғзи бурнини кафтининг орқаси билан артди “шўро аъзо”. – Шу-у, Наврўзни ўтказиш учун одамлардан пул йиғнаб юрибмиз. Мана, ҳокимиятдан келган одамнинг гапларини эшитдингиз. Шунга қўлингиздан келганича…
Дарвеш бир Соли созчининг улига, бир қилтириққа қаради.
– Тушунмадим, – деди кейин.
– Несини тушунмайсиз?! – Мамат овозини бир парда баландлатди.– Наврўз ўтказиш учун беш-олти танга пул беринг!
Дарвеш ерга боқиб бир зум жим қолди. Кейин бошини кўтариб “шўро аъзо”га қаради.
– Мен ҳали шу вақтгача ҳокимият бизга ёрдам беради-ии, деб юрсам… ҳокимият биздан кўмак сўраб келдими?
Ўртага ноқулай жимлик чўкди. Қилтириқ Маматга, Мамат қилтириққа қаради. Дарвеш жавоб кутарди.
– Туринг! – деди бир пайт қилтириқ. – Кетдик бу ердан!
Икколови хонадан узун-қисқа бўлиб кўчага чиқишди.
– Иштон бити экан-ку бу?! – фиғони фалакка чиқди қилтириқнинг. – Ҳар гапга ёпишиб ётибди.
– Девона! – деди Мамат. – Дали! Шунинг учун ҳеч қаерда ишлатмай кетига тепиб қўйибдилар! Ҳеч қачон эл бўлмаган бу бизга!
Дарвеш эса ҳамон ўтирган жойида эди.
– Не гап? – сўради хонага кириб келган хотини. – Меҳмонлар сал норозига ўхшаб чиқиб кетдилар.
Дарвеш эгнини қисди.
Не гаплиги эртаси куни маълум бўлди. Аввалига Дарвешни участкавой сўроқлаб келди. Индамай-нетмай тўғри боғ томонга ўтди. Молхонадаги йирик-майда туёқнинг барини эринмай кўздан кечирди. Товуқхонага ҳам бош суқди. Товуқлар ҳуркиб қоқоғлашиб у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа учишди. Бадбўй чанг кўтарилди. Бироқ милиса бола бунга парво қилмади. Қоронғи-қоронғи бурчакларга ўтиб лой деворнинг катта-кичик тирқишларининг ҳаммасини бирин-бирин қўл фанори билан ёритди. Томорқага экилган экин челларини қистанмай элади. Айниқса, пиёз, саримсоқ, гул экилган кулчаларни қаричма-қарич кўздан кечирди.
Дарвеш унинг ёнига ҳам бормади, не гап, деб ҳам сўрамади. У ҳам ҳеч гап айтмади. Отиздан чиқиб уст-бошини ҳафсала билан қоқди-да, қандай кириб келган бўлса шундай гап-сўзсиз чиқиб кетди.
– Хотин, бир чой қўй, – деди Дарвеш. Кейин узумзор ўртасига ўрнатилган сўрига чиқиб ўтирди.
Хотини дастурхон кўтариб келди.
– Бу-уу бизларнинг узумларни кўрмади, – деди Дарвеш хотинига. – Қара, ранги кўзни олади. Ҳали шу вақтгача бу йилгидай узум қила олмаган эдик. Килосини уч мингдан оламиз, деб турибди. Бу занғар бўлса узумга бир қайрилиб ҳам қарамади.
– Бу боланинг бошқа дарди борга ўхшайди, – деди хотини дастурхон ёзар экан эрини ҳушёрроқ бўлишга чақириб.
– Ҳай, не дарди бўлса ҳам шундай узумларга бир қараши керак эди, – деди Дарвеш. – Бу Худонинг неъмати-ку ахир.
Хотини Дарвешга “гапимни уқмадингиз”, деган маънода кўз ташлади, аммо индамай нари кетди.
Дарвеш катга чўзилиб осмонга қаради. Тубсиз осмон. Кўм-кўк. Мовий. Зангори.
– Ҳа-а, мана ётибди-ку минг қўйли бойдай чўзилиб…
Дарвеш бошини кўтариб тепасида қўшниси Болта ҳовлиқма билан Яхшим жингилани кўрди.
– Келинг, Болтабой ота! – ўрнидан қўзғалди Дарвеш. – Қани бу ёққа, тўрга ўтинг!
– Ҳа, ҳа, ўтинг тўрга, – Дарвешни қўллади Яхшим.
– Сени отанг би-ир уламо одам эди, – соқолини сийпалаб гурунг бошлади Болта ота. – Элга-юртга ақл берар эди.
– Ҳавво, ҳавво, – унинг гапини қўллади Яхшим. – Шундай эди!
– Сен бола билмадим, кимга ўхшадинг! – гапида давом этди Болтабой ота.
– Ҳавво, кимга ўхшадинг! – гапга суқулишди яна Яхшим.
– Не гап эди? – узоқларга тикилаётгандай кўзини қисиб уларга тикилди Дарвеш.
– Ҳавво, ҳавво тушунтиринг! – энди Яхшим Дарвеш томонга ўтди.
– Несини тушунтираман! – асабийлашди Болтабой ота Яхшимнинг керак-нокерак жойда гапга аралашаверганидан асаби ўйнаб. – Не гаплигини ўзи яхши билади!
– Ҳавво, билади, – деди энди Яхшим.
– Билмайман, – деди босиқлиқ билан Дарвеш. – Боягина анаву питта милиса, питта хулиган бола келиб қўлтиғимизнинг тагигача қараб кетди. Не қидирди, топдими, топмадими, билмадик. Энди сизлар келиб… не гап ўзи?
– Ҳов бола! Отанг яхши одам эди…
– Буни биламан, – деди Дарвеш.
– Шуни билсанг, отангнинг юзини ерга қаратма!
– Ҳавво, ҳавво, қаратма!
– Ме-ен, – деди чўзиб Дарвеш. – Отамнинг юзини ҳеч қачон ерга қаратмаганман. Қайтиш бўлганида ҳам, мен сендан мингдан-минг розиман, деган.
– Ҳавво, ҳавво шундай деган лекин. Мен ҳам эшитганман.
– Билмаган-да отаси бечора мунинг олтмишга чиққанида айниб қолишини! – қизишди Болтабой ота.
– Туври, туври, билмаган! – қистаниб гап қистирди Яхшим бир гапдан қолса уни бу ердан ҳайдаб юборадигандай.
– Аммо лекиги-ин одам экансан-да! – жеркди уни Болтабой ота. – Бир гапдан қол-да сенам!
– Э-э! – қўлини икки томонга ёйди Яхшим. – Бўлди, энди аралашмайман.
Дарвеш бу “ташриф”ларнинг маъносини тушунтириб беришларни кутиб Болтабой отага тикилиб ўтирарди.
– Соли созчининг ули келдими ҳокимиятдаги одам билан?
Дарвеш бошини ирғаб қўйди. “Келди”.
– У бола пақирни шаҳардаги ёшуллилари иш-пишини ташлатиб бу ёққа пул йиғнаб келишга юборибдилар. Наврўзда ҳамма бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олинсин, деб. Ҳар ким қўлидан келганини бериб турибди. Сен бўлса у болага ҳақорат берибсан!
– Туври! – жим ўтиролмади Яхшим.
Болтабой ота унга ўқрайиб қаради. Бироқ сўз демади.
– Ана Пинни кўрнинг ули Боққи фалонча сўм берди. Яна бир халта бурунч ҳам ваъда этибди. Обедда уйида буларга зиёфат ҳам ташкил этибди. Ана муни ота боласи, деса бўлади.
– Пинни кўрнинг топгани етти пуштина етади. Боққи боласи ҳам юрган бир мошенник. Неча одамни куйдириб қўйибди. Зиёфат бергунча қарзини берсин.
– Бу сенинг ишинг эмас, – бироз бўшашди Болта ота. – Қарзи бўлса ўзи жавобини беради. Сен… садақа ҳисобида бўлса ҳам беришинг керак эди. Садақа радди бало, деганлар.
– Садақани яқинларингдан бошла-а, деган ҳадис бор, – деди Дарвеш. – Яқинларимдан ортадиган пулим йўқ. Кейин шу бола менга унчалик ёқмади.
– Аммо одам экансан, лекин! – Болтабой ота яна бирдан қизиди, шитоб билан ўрнидан турди. – Ёқди, ёқмади! Не сенга ёқаман деб қошини териб, лабини бўяб келсинми?
– Ҳавво, эркак одам лабини бўяйдими? – Болтабой отанинг гапини маъқуллади Яхшим ҳам шоша-пиша ковушини кияр экан. – Аммо-лекин одам экансиз!
Болтабой ота Яхшимнинг биқинига нуқди:
– Тўтиқушдай қайталайверма бир гапни!
– Невчун келибдилар? – Ҳалима эрининг олдидаги дастурхонни йиғиштирар экан ҳайрон бўлди. – Не Худой урди буларни бугун?
Аммо кейинги воқеалар ривожидан Дарвишни урганга ўхшаб турарди.
– Устингдан ариза тушибди, – деди кечқурун келган шўро бува.
– Ариза? – ҳайрон бўлди Дарвеш. – Устимдан ариза тушиб мен не, колхознинг раиси ё ҳокимманми?
– Улардан ҳам баттарсан! – деди шўро бува. – Боланг икки йилдан бери элда йўқ. Не ерда юрибди?
– Иби, билмайсизми не ерда юрганини?
– Билмайман!
– Сиззи бола билан чет элда юрибди-ку ишлаб.
– Мен сендан болангни сўраётирман.
– Қизиқмисиз шўро бува? Ахир ўзингиз келиб эланиб ўтирдингиз-ку, биззи болаларни ҳам олиб кетсин боланг деб икки йил бурун. Шундан бери келмади.
– Келди, ана юрибди қоровул бўлиб ишлаб. Боланг кимлар билан юрибди у ёқда?
– Мен қайдан биламан кимлар билан юрганини.
– Билмайсанми?
– Билмайман.
– Билмасанг, боланг у ёқда анавиларга қўшилиб кетибди!
– Ё тавба! – деди Дарвеш. – Ўзинг сақла!
– Жўгичилик этма! Ўзинг ҳам бу гаплардан хабардорга ўхшайсан.
– Қайси гаплардан?
– Анави… қадимги замонларни қайтарамиз, деган гаплардан.
Дарвеш шўро бувага ҳайрон бўлиб тикилиб қолди. “Бу одамни биров алмаштириб қўйганми?”
– Ана гаплай олмай ҳам қолдинг. Ҳокимиятдан келганларга ҳам эски замонларни гаплабсан…
Дарвеш қаршисидаги одамга ҳозир гап уқтириб бўлмаслигини англади. “Топшириқ олган, шуни бажариши керак,” ўйлади Дарвеш. “Ё анави бола дим катта одаммикан?”
– У бечора сенга юрагидан чиқариб шунча гап айтган. Юракдан чиқариб айтилган гапни эса қабул қилиш керак, ундан бир хулоса чиқариш керак.
– Агар юрак пок бўлса… – деди Дарвеш. – Агар нопок бўлса ундан Худо сақласин.
– Сендан Худо сақласин, – деди шўро бува. – Болангдан Худо сақласин!
– Жонини сақлайман, деб имонини сотадиганлардан Худо сақласин!
Уч кундан кейин шўро бува яна келди. Болта бува ҳам, Яхшим ҳам, питта хулиган, питта милиса бола ҳам келди. Ҳаммаси бирга келди. Улар билан бирга баланд бўйли, полвонкелбат бир йигит ҳам бор эди. Мўйлаби ўзига ярашиб турибди.
Дарвеш узум узиб юрган эди.
– Э-ээ, келинглар! – деди Дарвеш. Ҳосилни йиғаётган, вақти хуш эди. Сўнг қўлидаги бир сўлқим узумни кўз-кўзлади. – Муни қаранг, ранги кўзинг олин дейди.
Кейин шўро бувага қараб гап бошлади:
– Мен бола билан гаплашдим. Ойдий ишлаб юрган экан. Ишонмаган эдим заводининг директори билан ҳам гаплаштирди. Раҳмат, деди у. Шундай меҳнаткаш, оқкўнгил, тоза болани тарбиялаганингиз учун, деди, – Дарвеш келганларга бир-бир қараб чиқди. – Ҳеч кимга қўшилмабди болам. Қайт десангиз, қайтаман дейди.
– Энди-и, Дарвешбой, – чўзиб гап бошлади шўро бува. – Бизлар сеннан кечирим сўрамоққа келдик…
Дарвеш йиғилганларга бир-бир қараб чиқди.
– У бола бир апирис экан. Ҳокимиятданман деб бир ойдан бери қишлоқма-қишлоқ пул йиғиб юрган экан. Бизлардай… соддаларни топиб. Раҳмат сенга… пул бермаганинг учун.
Келганларнинг ҳаммаси қилган ишларига яраша кечирим сўрашди. Фақат боя­ги нотаниш полвон йигит ҳеч нарса демади. Улар кетгач жуда чарчаганини ҳис қилди. Сўридаги кўрпачага чўзилди. Бирдан бўшашди. Кўзларига ёш қалқди негадир. Осмонга тикилди. “Тавба-аа! Осмон нега кўм-кўк кўринар экан-а?” ўйлади у кўзларини сидириб. “Ахир ҳаво рангсиз-ку! Ҳа-ҳа, тўхта-аа. Ахир осмон тубсиз, зимистон. Осмон тубсиз бўлгани учун қоп-қора. Кўзимиз илғаган ердаги булутлар қават-қават, уларнинг сояси рангсизлик билан қўшилиб, кўзимиз илғаган жойларга мовий тус беради. Ҳаёт ҳам шундай-да. Оқ билан қоранинг қоришиғи. Ичига кирмай четдан қарасанг мовий, зангор, кўм-кўк кўринади. Аммо ичига кирсанг…”
Дарвеш энди мутлақо гапирмасликка аҳд қилди.

 

Фикрсиз одам (ҳикоя)

Бу одамнинг юзи йўқ. Демак кўзи йўқ, қоши йўқ. Умуман боши йўқ.
Унинг силлиқ таралган сочи бор, холос. Яна оғзи ҳам. Лекин лаблари йўқ. Чунки, лаблар қимтилиши ё кулиши муқаррар. Шунинг билан бирор кайфият ифода этилиши мумкин. Бу эса хавфли. Сабабики, бу одамнинг ўз фикри йўқ, демак ўз кайфияти йўқ. Шунинг учун унинг юзи йўқ, кўзи йўқ, қоши йўқ, боши йўқ.
Ялтираган сочлари орасида эса худди ақчадондаги каби тирқиш бор. Ақчадонга танга ташланса, бу тирқишга ундан юқорироқда турган одамлар фикр ташлайдилар. Ва бу одамнинг юзида, айтайлик, кўз пайдо бўлади жилмайган ёки қош пайдо бўлади чимирилган.
Хуллас, мен шу одамни танийман. Унга ишим ҳам тушиб туради. Яқинда қабулида бўлдим.
– Ассалому алайкум!
– Келинг, келинг! – деди у курсисидан туриб мени кутиб олар экан меҳр билан. – Биз ёқларга ҳам келар экансиз-ку!
Унинг юзида лаблар пайдо бўлган, улар кулар, кўзлар пайдо бўлган, улар табассумдан қисилган эди. Ишим битишига дарров ишондим. Ва яна билдимки, юқоридагиларнинг мен тўғримдаги фикрлари яхши. Бундан қониқиш туйдим. Ҳаммамиз ҳам худбинмиз-да оз-моз!
Лекин кутилмаганда ўша ишим битмади. Қўнғироқ қилдим хавотирланиб. Ўзимни танитдим. У эса узоқ вақт эслолмай турди. Бўш келмадим. Ён бермади. Эзмалик қилиб ёпишиб олдим. Қайириб ташлади. Овозида қаҳр бор эди унинг .
Демак, ўйладим мен, юқорироқдаги кимгадир ёқмайман. Ахир ҳаммага ҳам бирдай ёқиш мушкул-да! Қолаверса, шу арзимаган ишимнинг битиши учун нега бунча хор бўлишим керак?! Тутоқиб кетдим. Отландим. Юзига туфурмоққа. Бордим. Хонасида ўтирган экан. Оқ куйлак , қора костюм – шим кийган, галстук таққан бир махлуқ. Қўли бор, оёғи бор, қулоғи, сочи бор. Лекин юзи йўқ. Туфирдим! Сочидан пастга, галстугидан юқорироққа. У қилт этмади. Бир сўз ҳам айтмади. На раҳмат ва на лаънат. Чунки унинг юзи йўқ, кўзи йўқ, қоши йўқ, боши йўқ. Унга барибир.
Шундай кун кечиради фикрсиз одам.

 

Муаллиф ҳақида

Шуҳрат Маткарим 1960 йилда Туркманистоннинг Тошҳовуз районида туғилган. 1985 йилда Хоразм Давлат педагогика институтининг филология факультетини инглиз тили ўқитувчиси ихтисослиги бўйича тамомлаган. Ҳикоялари “Ёш куч”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, журналлари, “ЎзАС”, “Туркистон” каби газеталарда, коллектив тўпламларда чоп этилган. Эрнест Хэменгуэйнинг қатор ҳикояларини инглиз тилидан таржима қилган.
Таниқли ўзбек шоири Матназар Абдулҳаким ҳақидаги “Устоз ҳақида сўз” хотира – эссеси алоҳида рисола шаклида нашр этилган. Кўп йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида ишлаган. 

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *