Шифокор яна бола савдоси билан қўлга тушди

…Яна қиз туғилганидан Мафтунанинг қалби ўртанди. Турмуш ўртоғининг важоҳатидан қўрқиб, уни туғруқхонага қолдириб кетишга қарор қилди. У ўз фарзандидан воз кечар экан, туғруқхона бош шифокорига «қизимни болага зор оилага топширишингизни истардим», деди.+

Масаланинг ечимини қидира туриб бош шифокор олдин шу ерда ишлаб кетган аёлни эслади. У дарров етиб келди. Бола ҳақида эшитиб, ўн йилдан бери тирноққа зор оилани билишини айтди. Олдин бундай воқеага дуч келмагани учун бош шифокор собиқ ҳамкасбига ишониб, ҳужжатларни кейин расмийлаштирамиз, ҳозир қизалоқни уларга олиб боринг, деди.
Фуқаро Б.Ҳ. чақалоқни қўлга олгач, фикри ўзгарди. Уни олиб Шаҳрисабздан Тошкентга йўл олди. Бу ерга келиб, қизалоққа «харидор» қидира бошлади. Бир оила чақалоқни 1200 АҚШ долларига сотиб оладиган бўлди.
Кўрадиган фойдани ўйлаб «болафуруш»нинг дили чоғ эди. У бу қилмиши билан оналик номига доғ тушираётганини билиб турса-да, бунга қўл силтади.
Аммо «харидор» шундай пасткашлик эвазига фойда кўрмоқчи бўлган аёлни фош қилиш ниятида «келишув» ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар берди. Шу асосда тезкор тадбир ташкил этилди. Б.Ҳ. жиноят устида қўлга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида ушбу жиноятга оид иш кўриб чиқилди. Нафақат жиноятни ташкил этган, балки унга шароит яратиб берган, қонуний йўл тутмаган туғруқхона бош шифокори Д.Ҳ.га нисбатан ҳам Жиноят кодексининг одам савдосига оид моддаси қўлланилган ҳолда узоқ йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди.
Бир қарашда собиқ бош шифокорда айб йўқдек. Савоб қиламан, деб, яна бировга ишониб доғда қолган. Лекин ҳар бир ишнинг ўз қонун-қоидаси бор. Шунга амал қилинмагани уни жиноятга шерик қилди.
Лекин жиноятга жазо қўллашдан мақсад – жиноятчининг қилмишидан пушаймон бўлиши, хатосини тушуниши, уни қайта такрорламаслигидир. Қолаверса, собиқ бош шифокор 25 йил бир даргоҳда меҳнат қилиб, одамларга яхшилик қилиб, элда обрў орттирган аёл эди. Тўпланган ана шундай далиллар, ишнинг Д.Ҳ.га оид қисмини апелляция тартибида қайта кўриб чиқилишини сўраб қилинган мурожаат Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилди.
Суд жараёнида судланувчи доимий истиқомат қилиб келаётган маҳалла фуқаролар йиғини унга кафил бўлишни ўз бўйнига олди. Қонунчилигимиздаги бағрикенглик, судланувчининг қайта қонун бузмаслиги кафолатини жамоат ташкилоти зиммасига олгани каби омиллар инобатга олиниб, Д.Ҳ.га биринчи инстанция судида тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси 2 йил синов муддатига алмаштирилди. Бу шартли ҳукм ҳисобланиб, судланувчига маълум мажбуриятлар юклатилади. У ушбу мажбуриятларни бузса, аввал тайинланган 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташига тўғри келади.
ЎзА

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *