Шавкат Мирзиёев тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларни афв этиш бўйича материаллар тайёрлашга фармойиш берди

Ўзбекистон Республикасаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида” фармойиш имзолади.

Фармойишга кўра, жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш бўйича махсус комиссия ва ишчи гуруҳлар  жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумлар (кейинчалик — маҳкумлар) шахсини ва уларга оид материалларни жойларда синчиковлик билан, шу жумладан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш йўли билан ўрганилишини ташкил қилади. Амалга оширилган ишлар натижаси бўйича 2017 йил 10 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича комиссияга кўриб чиқиш учун тегишли таклифлар ва материалларни, шу жумладан маҳкумларни афв этиш ҳақидаги илтимосномаларни тақдим этади.

Ишчи гуруҳлар 2017 йил 30 октябрга қадар Жазони ижро этиш бош бошқармасининг муассасаларига бориб, маҳкумларга оид шахсий жилдларни, материалларни ва уларнинг шахсини синчиковлик билан, шу жумладан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали ўрганади. Бунда:

содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига, шу жумладан маҳкумнинг жиноят содир этилишидаги иштироки даражасига;

маҳкумнинг қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлигига;

жиноят натижасида етказилган моддий зарарнинг қопланишига, бошқа оқибатларнинг бартараф қилинишига, шунингдек айбни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи бошқа ҳолатларнинг мавжудлигига;

судланганлик ҳолатининг мавжудлигига, шу жумладан судланганликнинг тугалланганлиги ёки олиб ташланганлигига;

маҳкумнинг шахсини тавсифловчи маълумотларга, унинг ёши, соғлигининг ҳолати, оилавий аҳволига (қарамоғида вояга етмаган фарзандлар, меҳнатга қобилиятсиз эр (хотин) ва (ёки) кекса ёшдаги ота-онаси мавжудлигига);

жазонинг содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мутаносиблигига алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича комиссия 2017 йил 20 ноябрга қадар Махсус комиссия томонидан афв этиш ҳақидаги илтимосномалар билан тақдим этилган материалларни кўриб чиқади ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларни афв этиш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда таклифлар киритади.

Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклатилди.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *