Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев Антониу Гутерриш билан мамлакатимиз ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, минтақавиий масалалар бўйича фикр алмашди. «Марказий Осиё минтақаси – ташқи сиёсатимизнинг бош устувор йўналиши», деб алоҳида таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон Президенти БМТ Бош котибини 2017 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиш режалаштирилган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг долзарб масалалари бўйича халқаро анжуманда шахсан иштирок этишга таклиф қилди.

БМТ Бош котиби Ўзбекистон Президентининг Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги нутқи ниҳоятда мазмундор бўлганини таъкидлади. Антониу Гутерришнинг фикрича, давлатимиз раҳбари БМТнинг юксак минбаридан туриб билдирган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга ва ўз вақтида илгари сурилди. Бош котиб ушбу ташаббусларни халқаро майдонда илгари суришга кўмаклашишга тайёрлигини қайд этди.

БМТ раҳбари мамлакатимиз томонидан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳолади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидани фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни илгари суриш, Орол денгизи билан боғлиқ экологик фалокат оқибатларини юмшатишга халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини қаратиш учун барча имкониятларини ишга солишини билдирди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашилди.

Манба: UZ24

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *