Шарофиддин Тўлаганов: «Мажоро маркази яна Яқин Шарқдами?»

АҚШ Президенти Дональд Трамп 6 декабрь куни «Қуддусни Исроил пойтахти дея расман тан оладиган вақт етиб келди» дея баёнот берди. «Менинг фикримча, фурсат аллақачон етиб келган эди. Кўплаб президентлар бу ишни қилишлари борасида баёнот беришар эди-ю, аммо қилишмасди», – деди Трамп. У ўз нутқида шунингдек, АҚШнинг элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчириш масаласида тайёргарлик кўришга фармойиш берганини маълум қилди, кўчиш уч йилдан тўрт йилгача давом этиши мумкин.

Шу билан бирга Трамп исроилликлар учун ҳам, фаластинликлар учун ҳам маъқбул бўлган тинчлик битимига эришиш йўлида “қўлидан келган” барча ишларни қилиши борасида баёнот берди. Ташкилий ва техник сабабларга кўра, кўчиб ўтиш камида олти ойдан сўнг амалга ошади. Бу ҳақда баёнот беришдан аввал АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил, Фаластин мухторияти, Саудия Арабистони, Миср ва Иордания раҳбарлари билан телефон мулоқоти ўтказди ва бу масалани муҳокама қилди.

Жаҳон,жумладан араб давлатларининг етакчилари Дональд Трамп қарорини кескин танқид қилди. Германия канцлери Ангела Меркель Қуддус мақоми Исроил ва Фаластин ўртасидаги мулоқот доирасида ҳал этилиши кераклигини таъкидлади. Россия ва Туркия президентлари эса АҚШнинг бу қароридан ташвиш билдирди. Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон телефон орқали мулоқоти чоғида бундай қарор Яқин Шарқда кескинликни бартараф этиш истиқболларини пучга чиқаришини таъкидладилар. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар масалалари бўйича олий вакили Федерика Могерини баёнот бериб, фаластинликлар ва исроилликлар ўртасида эришилган тинчлик битимига раҳна солувчи ҳар қандай қадамлардан тийилиб туриш лозимлигини таъкидлади. У Қуддус ҳам Исроил, ҳам Фаластин давлати пойтахти бўлиши шартлигини айтди. БМТ Бош котиби Антониу Гуттериш, “Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги тинчлик истиқболларини барқарорлаштиришга таҳдид соладиган бир томонлама чораларга ҳамиша қарши чиқиб” келганини таъкидлади. Франция ташқи ишлар вазирлиги Қуддус мақоми Исроил-Фаластин музокорларида белгиланиши кераклигини таъкидлади. Туркия кескин баёнотлардан ташқари, Исроил давлати билан дипломатик алоқаларни тўхтатиш ва Америка — Туркия қўшма иқтисодий дастурларини вақтинча тўхтатиши борасида маълум қилди. Ўз номини ошкор қилишни истамаган Америка вакилларининг айтишича, президент Трамп бу қарор тинчлик жараёнлари тараққиётига ҳисса қўшади деб ҳисобламоқда.

Америка элчихонасининг Қуддусга кўчиб ўтиши ва бу шаҳарни Исроилнинг пойтахти дея тан олиниши ҳалқаро консенсусга мос келмайди. Ғарб мамлакатларнинг кўпчилиги Қуддусни Исроилнинг пойтахи сифатида тан олмайди. Фаластинликлар мусулмон, насроний ва яҳудийлар учун муқаддас бўлмиш Эски шаҳарни ўз ичига олган Шарқий Қуддус ўзларининг пойтахти дея эълон қилинишини талаб қилади.

Араб давлатлари лигаси мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг 10 декабрь — якшанба куни Миср пойтахтида бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишида баёнот қабул қилинди. Унда таъкидланишича, «АҚШнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш ҳақидаги қарори халқаро қонунчилик ва БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган резолюцияларни қўпол бузиш ҳисобланади». Араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари «БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига асосланиб Қуддуснинг халқаро тан олинган мақомини ўзгартиришга қаратилган ҳар қандай бир томонлама ҳаракатларни рад этади». Араб мамлакатлари АҚШ минтақадаги тинч йўл билан тартибга солиш жараёнида ҳомий ва воситачи сифатида ўзини яккалаб қўйди, деб ҳисоблайди. Араб Давлатилари Лигаси вазиятни баҳолаш ва навбатдаги ҳаракатлар масаласида келишиб олиш учун бир ойдан кейин яна учрашув ўтказишни режалаштирмоқда. Араб давлатлари Қуддус масаласида Иорданияда фавқулодда саммит ўтказишлари мумкин. 13 декабрь куни эса Истамбулда Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг фавқулодда саммити бўлиб ўтади. АҚШнинг Яқин Шарқдаги узоқ йиллик энг яқин ҳамкори Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр АҚШдан Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш қарорини қайта кўриб чиқишга чақирди. Араб давлатлари лигаси 1967 йил 4 июндаги чегараларга эга, пойтахти Қуддусда бўлган Фаластин давлатининг халқаро майдонда тан олинишига чақирди.

БМТ Бош котиби Антониу Гуттерешга Хавфсизлик Кенгашининг 15та аъзосидан 8 таси — Франция, Боливия, Миср, Италия, Сенегал, Швеция, Буюк Британия ва Уругвай илтимос билан чиққанидан сўнг бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулотда мажлисида барча 14 аъзо-давлат (БМТ ХКда АҚШни қўшиб ҳисоблананда 15та аъзо бор) АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олиши борасида Трампнинг бир томонлама қарорини танқид қилди. Мисрнинг БМТдаги вакили қарорни «хавфли намуна» деб атади. Буюк Британия, Италия, Швеция ва Германия дипломатлари қўшма танқидий баёнот билан чиқди. Европа давлатлари вакилларининг айтишича, мазкур қарор «БМТ резолюцияларига мувофиқ эмас» ва «минтақада тинчлик ўрнатилишига ҳеч қандай ёрдам бермайди». Бироқ АҚШнинг вето ҳуқуқини инобатга олган БМТ Хавфсизлик кенгаши бирор бир ҳужжат қабул қилмади.

Дональд Трампнинг бу қарори минтақадаги бир қатор мамлакат аҳолиси томондан оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Иордания, АҚШнинг Истамбулдаги консуллиги олдида ва Покистонда норозилик намойишлари бошланиб кетди. Минглаб тунисликлар бир неча шаҳарларда кўчага чиқди. Қуддусда АҚШнинг бу қарорига нисбатан фаластинликлар ўтказган намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди. Тўқнашувлар Хеврон, Байтлаҳм ва Иордан дарёсининг ғарбий қирғоқларидаги бошқа шаҳарларда ҳам бўлиб ўтди. Индонезия пойтахти Жакартада 6 мингга яқин киши Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олиш ҳақидаги қарорига норозилик билдириш учун АҚШ элчихонаси яқинида тўпланди.

Президент Дональд Трамп яқин орада вице-президент Майк Пенсни Яқин Шарққа терроризмга қарши кураш бўйича музокараларга юборишни режалаштирган эди. Бироқ, Фаластин раҳбарияти АҚШнинг ҳеч бир делегациясини, жумладан, вице-президент Майк Пенсни ҳам қабул қилмаслигини билдирди.

Қуддус шаҳри мақоми Исроил-Фаластин можаросининг энг нозик масалаларидан биридир. Фаластинликлар бу шаҳарни бўлғуси давлатларининг пойтахти деб билади. Исроил Шарқий Қуддусни босиб олган ва бутун шаҳарни ўзининг пойтахти деб эълон қилган эди, аммо унинг бу хатти-ҳаракатини жаҳон ҳамжамияти тан олгани йўқ. Кўпчилик мамлакатларнинг элчихоналари Тел-Авив шаҳридадир. Қуддуснинг мақоми 1947 йил ноябрида БМТ Бош Ассамблеясининг №181 резолюцияси томонидан белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра, шаҳар халқаро назоратда бўлиши керак эди. Шу пайтгача бирор бир мамлакат Қуддус шаҳрида элчихона очгани йўқ.

АҚШ Конгресси 1995 йилда элчихонани Тель-Авивдан Қуддусга кўчириш борасида қонун қабул қилинган эди. Бироқ, шаҳарнинг мақоми борасидаги баҳслар ва араб-исроил муносабатларини кескинлаштирмаслик мақсадида Американинг барча раҳбарлари ҳар ярим йилда бу қонун бажарилишини кейинга қолдиришга қаратилган ҳужжатни имзолаб турарди.

Қуддус ҳақида қисчқача маълумот. Шаҳарнинг қадимий қисмига одамлар эрамиздан аввалги 4 минг йилликда келиб жойлашгани тарихдан маълум. Бу Қуддус энг қадимий шаҳарлардан бири эканлигидан далолат беради. Шу давр мобайнида Қуддус камида икки марта бузиб ташланган, 23 марта қамал қилинган, 52 марта ҳужумга учраган, 44 марта забт қилинган ва қайта эгаллаб олинган. Асрлар давомида турли буюк империялар хукмронлиги остида бўлган. Шуни айтиш керакки, шаҳарда археологик тадқиқотлар 1864 йилда бошланган бўлиб, ҳамон давом этмоқда.

Биринчи жаҳон уруши натижаларига кўра, Буюк Британия Қуддусни ўз назоратига олади. Инглизларнинг генерал сэр Эдмунд Алленби қўмондонлигидаги Миср корпуси 1917 йилда Қуддусни эгаллаб олди. Генерал муқаддас шаҳарга ҳурмат бажо келтириш маъносида 11 декабрь куни пиёда Қуддусга киради. Британия ҳукмронлиги йилларида Фаластиннинг маъмурий маркази бўлмиш Қуддус ғарбида янги шаҳар пайдо бўлади.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Буюк Британиянинг Фаластиндаги ҳукмронлигига барҳам берилди. 1947 йилнинг 29 ноябрида БМТ Бош Ассамблеяси «Фаластиннинг бўлажак ҳукумати» («Фаластинни бўлиш тўғрисида» номи билан машҳур) № 181 резолюцияни қабул қилди. Унга кўра, Буюк Британия мандати остидаги Фаластинда иккита — араб ва яҳудий давлатлари ташкил этиш кўзда тутилган эди. Қуддус масаласида эса БМТ бошқарувида «махсус халқаро режим» тавсия қилинди. Махсус режим муддати 10 йилга мўлжалланган бўлиб, шундан сўнг референдум ўтказилиши, унинг натижасига кўра шаҳарликларнинг ўзлари Қуддус мақомини белгилашлари керак эди. Бироқ, бу режа ҳаётга татбиқ этилмади. Исроил бу режага рози бўлди, аммо Фаластин вакиллари бу резолюцияга боғланиб қолмасликларини айтишди.

1948 йилнинг май ойида Буюк Британия мандати тугаб, инглизлар минтақани тарк эта бошлашлари билан ўша йили Араб-Исроил уруши бошланиб кетди. 15 май куни Қуддус Иордания ҳарбийлари томонидан ҳужумга учради. Орадан бир неча кун ўтиб Миср ҳарбийлари ҳам шаҳарга кириб келди. Эндигина ташкил этилган Исроил қуролли кучлари ҳам қўл қовуштириб ўтирмади, улар Қуддуснинг янги шаҳар қисмини қўлга киритди. 1948 йилнинг 11 июнида томонлар ўртасида келишувга эришилди. БМТ элчиси Фольке Бернадот томонларга маъқул бўлган режани тақдим қилди. Унга кўра томонлар шаҳарни интернационализациядан воз кечишлари керак эди. Аммо ҳар икки томон бу режани қабул қилмади. Сентябрда граф Бернадот отиб ташланди. 1948 йилнинг 7 июлида яна тўқнашувлар бошланиб кетди. Қуролли тўқнашувлар тўхтаган 1948 йилнинг сўнгига бориб Қуддус амалда иккига бўлиниб қолган эди. Шарқий Қуддус ва Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили араблар назоратида бўлса, Ғарбий Қуддус яҳудийлар назоратига ўтди. 1949 йилнинг 3 апрелида Сулх имзоланди.

1949 йилнинг декабрида бош вазир Д. Бен-Гурион «Яҳудийлар Қуддуси»ни Исроил давлатининг таркибий қисми ва бўлинмас пойтахти дея эълон қилди ҳамда пойтахтни Тель-Авивдан Қуддусга кўчириш таклифини илгари сурди. 1949 йилнинг 26 декабрида Исроил Кнессет(парламенти)и ўз мажлисларини Қуддусда ўтказиши борасида қарор қабул қилди, 1950 йил 23 январида эса Қуддус Исроилнинг пойтахти дея эълон қилинди, «Қуддус тўғрисида» ва бу шаҳарда ҳукумат биноларини қуриш ҳақида резолюция қабул қилинди. Ўша йилнинг март ойида Қуддусда Кнессетнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

1967 йилда «Олти кунлик» уруш натижасида Исроил Шарқий Қуддусни эгаллаб олди ва Ғарбий Қуддус билан бирлаштирди. Бироқ БМТ бу қарорни тан олмади. Шундан бери Исроил Қуддус ўзининг ягона ва бўлинмас пойтахти эканини айтиб келади, бироқ Фаластин Шарқий Қуддус ўзининг пойтахти бўлиши кераклигини таъкидлайди. 1997 йили Фаластин Қонунчилик Кенгаши 2002 йилда Фаластин Миллий маъмурияти раиси Қуддус Фаластин давлатнинг пойтахти эканлиги борасидаги Қонунни имзолаши керак деган қарор қабул қилган эди. Бироқ, БМТга аъзо 100дан ортиқ мамлакат тан олган бўлишига қарамай, Фаластин Давлати ҳамон ташкил этилмаган.

2010 йилда Исроил Қуддусга олий миллий устиворлик берувчи қонун қабул қилди. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу қонун Қуддус бўлинмаслиги борасида аниқ таассавур уйғотади.

«HURRIYAT» газетасининг 2017 йил 13 декабрдаги сонидан олинди

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *