Шарофиддин Тўлаганов: “Ўзбекона таъм”ни соғинмадингизми?

“Америкача таъм”. Мана шу ёзуви бор маҳсулотлар катта шаҳарлардан тортиб чекка қишлоқларгача етиб борди.
Нима учун Америкача таъм? Шу саволни ўзингизга бериб кўрганмисиз?. Яқин-яқингача ўзбекча таъм ҳамма нарсадан устун эмасмиди?. Нима учун энди Америкача таъмга қизиқиб қолдик. “Ўзбекона таъм” яна машҳур бўлармикан?!
Бундан бир неча йил аввал Польшанинг Ўзбекистондаги элчисининг иқтисод масалалари бўйича маслаҳатчиси журналистлар учун матбуот анжумани ўтказар экан, бизга бир савол билан мурожаат қилган эди:
-Биласизми, Ўзбекистонга келган польшалик амалдорлар ўзлари билан юртингиздан нимани олиб кетади?
Ўшанда биз журналистлар ўз фикримизни айтган,Ўзбекистоннинг энг машҳур брендларини санаб ўтган эдик. Элчи маслаҳатчиси бирортамизнинг ҳам фикримиз тўғри эмаслигини айтар экан:
-Польшадан келган амалдорлар, вазирлар Ўзбекистондан помидор олиб кетишади. Ўзбекистонда етиштирилган помидор дунёнинг бирор бир ерида учрамайди, деган эди.
Қаранг, биз ўзимизнинг қимматбахо маҳсулотларимизни четга чиқариб, ўзимиз хориждан олиб келинган нотабиий томатларни истеъмол қилар эканмиз.
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, болаларимиз нима тез-тез учун касал бўлади? Ана ўша Америкача таъмли маҳсулотни истеъмол қилгани учун эмасмикан, деган саволни ўзингизга берганмисиз?
Айниқса, қиш фаслида Америкача таъмли ичимликни ичгандан кўра, бозордан ўрик туршаги, олма қоқини сотиб олиб шарбат тайёрлаб болаларимизга берсак яхши эмасми?!
Ёшлигимизда туршак, шафтоли, олма қоқилар уйимизда қоплаб турарди. Қиш ойини мана шулардан тайёрланган шарбат ичиб ўтказардик. Нотабиий ичимликлардан кўра табиий ичимликлар иммунитетимизни мустаҳкамларди, касал бўлмасдик.
Ҳозир қишлоқларда шафтoли қоқи, олма қоқи, ўрик туршаги қилинадими, ёки йўқми, билмадим. Қилишса яхши бўларди. Шу тариқа ўзбек таъми деган брендни оламга олиб чиқардик.
Бизни уйда помидор қоқи ҳам қилишарди. Қишда мазза қилардик. Сувга ивитиб бешмармоққа солсангиз, жонни роҳати эди.
Қишда касал бўлмайин десангиз ўзимизнинг ўзбекча таъмли шарбатларга ўтинг. Уларга шакар солмасангиз ҳам бўлаверади. Ахир қайнатилган сувни ҳам ичасизку. Қайнатилган иссиқ сувга қуритилган меваларни ташлаб қўйиб, совиганидан кейин бир ичиб кўринг. Худди шундай — жийдаларни ҳам қайнатилган сувга ёки чойга солиб сал совигунча кутинг, сўнг чойни ичиб, жийдани ейиш мумкин. Ёшлигимизда шундай қилардик.
Ҳам соғлом бўласиз, ҳам руҳингиз тетик бўлади. Шу тажрибани қўллаб бўлганингиздан кейин, жавобини кейин ёзарсиз.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *