Шарҳга аламзадалик қўшилганда ёҳуд Кореяда бор аламим маним

Футболга бегона эмасман. Ўз даврида Исҳоқ Тошмуҳаммедов қўл остида Владимир Фёдоров, Олим Ашуров ва Рустам Мирсодиқовлар билан спорт мактабида тўп сурганман. Азалдан Бразилия терма жамоасига мухлислик қиламан.
Куни кеча Жанубий Корея ва Мексика жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ўйинни кўпчилик даврасида томоша қилишга тўғри келди. Афсуски, мазкур ўйинни шарҳлаб борган Хайрулла Ҳамидов даврадаги ўнлаб ишқибозларнинг эътирозига нишон бўлганини кўриб, ич-ичимдан эзилдим.

Хайрулла кутилмаганда: “Эсингиздами, Жанубий Корея Ўзбекистон терма жамоасини Бунёдкор стадионида ютиб, жаҳон чемпионатига келишига тўсқинлик қилган эди. Бугун Мексика улардан манови Гейнрихнинг кўз ёшлари учун, манови Аҳмедовнинг изтироблари учун деб гол уришади ва аламимизни олишади”, деб қолди. Шарҳловчи укамиз бундан қаноатланмади чоғи, кейинроқ Ж.Кореяга қараб: “Ўрнингни Ўзбекистонга берганингда, ҳозир улар бошқача ўйин кўрсатишарди”, — деди. Шунда даврадагилардан бири: “Ишқилиб, оператор адашиб корейс онахонларини кўрсатиб қолмасин-да, бу кетишда манови шарҳловчимиз “Агар сизлар шу йигитларни туғмаганларингда эди, ҳозир Ўзбекистон терма жамоаси шу ерда ўйнаётган бўларди”, деб ташланиб қолиши ҳам мумкин”, деди киноя билан. Шунда яна кимдир “Тавба, буларга тушунмайсан. Ўзбекистон терма жамоаси ёнғоқ ўйнашга чиққан ёш бола бўлсаки, алдаб ютиб олишган бўлишса. Тўп тепишни уддасидан чиқишмагач, улар ютқазмасдан ким ютқазсин? Иннан кейин, нега энди Корея ўз ўрнини бировга бериши керак? Эсли-ҳушли, ўзини қадр-қимматини ва ҳурматини биладиган ҳар қандай футболчи, тўрт йилда бир бўладиган жаҳон чемпионатини, худди Ҳаж зиёратини кутгандек кутади. Инсон боласи Ҳажга қанча бормасин, тўймайди, яна ва яна боргиси келаверади. Шундай экан, миллати ва ирқидан қатъи назар, барча футболчилар, жаҳон чемпионатига Ҳажга интилган мусулмондек интилади. Ҳар ҳолда Корея аввал бошдан “ўрнимни кимгадир бераман”, деб майдонга тушмагандир? Аввал Бабаянни пўстагини қоқишди, энди эса ҳалол ютуқ эгаси Кореяга тош отишмоқда. Шунчалик куюнчак экансан, нега телевизорда миллатимиз фахри бўлган Равшан Эрматовга беҳурматлик қилган ҳамкасбинг Василий Уткинга бирон нима демайсан? Гапир, гапирсанг ҳозир айни вақти эмасми? Агар, сен фахр билан тилга олаётган ўша Гейнрих югуришдан эриниб, дарвозага яқин жойдан жарима тўпи ундириш мақсадида маккорлик қилиб, жўртага йиқилавермаганида, Аҳмедов ва бошқалар худди корейслардек миллат учун югуриб-елиб, керак бўлса ўлигини ташлаб ўйнаганда, албатта биз ҳам ҳозир кўкрак кериб ўтирган бўлардик. Қилар ишни қилиб қўйиб, ҳалол ютуқ соҳибларига бошқача қараб, қолаверса, кучли жамоа — Мексикани панасига ўтволиб, ”сенлардан энди аламимизни оламиз” дейишинг нафақат уят, балки бу гапинг, бировнинг таҳорати билан намоз ўқиш билан тенг-ку? Қолаверса, бу гапни ўзбекчага тушунадиган корейслар эшитса, нима деб ўйлашади? Э, буларнинг дили бошқа-ю, тили бошқа экан, деган хаёлга боришмайдими?” деди аламдан йиғлагудек бўлиб.

“Бир боланинг гапи билан бутун бошли шаҳар бузилибди” деган мақолни мағзини чақсам-да, даврада ортиқ ўтиролмадим. Асабим бузилиб, уйга кетиб қолдим. Қанча ётсам-да, кўзимга уйқу келмади.

Шарҳловчиларнинг энг олижаноби, энг куюнчаги ва диёнатлиси Хайрулла Ҳамидовга билдирилган салбий фикрлар бир томондан қийнаса, иккинчи томондан ҳақиқий футбол ишқибозларининг, қанчалик аччиқ бўлмасин, ҳақ гаплари юрагимга нинадек санчилаверди.
Афсуски, майдонга тушган футболчилар миллат обрўси учун жон куйдириб, ўша 90 минут ичида ҳамма нарсани ҳал этишмас экан, уларнинг тепасига дунёнинг энг машҳур мураббийни келтириб қўйган тақдирингизда ҳам, жаҳон чемпионатига олиб чиқолмайди. Яна кунимиз гина-қудратга, кимларнидир айблашга, ютган жамоани гўрига ғишт қалашга ва қайсидир жамоани ютиши ёки ютқизишига қараб қолаверади. Стадионлар зўр, ойлик эса отнинг калласидек, миниб юрган машиналарини кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз, ҳукуматни ғамхўрлигини чек чегараси йўқ. Қаерга боришмасин даврани тўри шуларники. Шундоқ экан, яна нима қилайлик, ё қўл етмас жойларини қашиб қўяйликми?

Ҳар қандай спортда ғолиб ва мағлуб томон бўлади. Спорт шуниси билан қизиқ. Ҳақиқатни айтмас эканмиз, футболчиларимизнинг ёнини олиб, айбини хаспўслаш мақсадида гоҳ ҳакамни, гоҳ ғолиб жамоани қоралашда давом этар эканмиз, жаҳон чемпионати биз учун орзу бўлиб қолаверади.

Биласиз, кўчада гап ётмайди. Гоҳида одамлардан қайсидир футболчини солаётган тўйхонасига бетон плита ахтариб юрганини ё бўлмаса яқиндагина ишга тушган ресторан ёки бензин заправкасига яхши мутахассис қидираётганини эшитиб қоламиз. Омадларини беришсин, мулкдор бўлиш айб эмас. Бироқ ўша кез хаёлингдан “Ўз манфаатингни салгина четга суриб, ҳеч бўлмаса шу югур-югурингни ва жон куйдуришингни миллат манфаати учун, қайсидир жамоани ютишга қаратганингда эди, деган ўй ўтади.
Боксчимиз Ҳасанбой Дўстматовнинг Қозоғистондаги мағлубиятини интернетда кўриб, аламдан бировга билдирмасдан йиғлаб ҳам олдик. Мабодо, Ҳасанбой ютганда, барча телеканаллар эртадан-кечгача мақтайвериб қулоқ-миянгни еб ташлар эди. Ютқазганда эса, улар жим. Нега шундай? Телеканалларнинг бу ҳаракатсизлиги ортида фойдадан кўра зиёни кўп эмасми? Ўзбек халқи фақат ютган спортчини суйиб, ютқазганни четга сурдиган халқ эмас. Спортчининг ютуғи ҳам, мағлубияти ҳам халқники. Шундоқ экан, спортнинг қайси тури бўлмасин, бой берилган барча ўйинлар телевизорда рўй-рост кўрсатилиб, чуқур тахлил этилиши керак. Шундай қилинса, спортчининг омма олдидаги масъулияти ошади. Ҳоҳлайсизми-йўқми, унинг хаёлидан “биринчиси майли, аммо яна ютқизиб қўйсам нима деган одам бўламан, қариндош-уруғни кўзига қандай қарайман?” деган ўзбекларга хос ўй ўтиб, мусобақага керагидан ортиқ тайёрланади, куйиб-пишади, елиб-югуради, керак бўлса ўлигини ташлаб бўлса-да ғалаба қозонишга ҳаракат қилади. Кам жойига дўст-биродарлари “Бу ерда хато қилдинг, у ерда ундоқ қилишинг керак эди” деб маслаҳат беришади.

Эсингиздами, бир йили Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони кўп тўп ўтказиб юборганда, машҳур ҳофизимиз Орол Мирзо “Мабодо дарвозага мен турганимда ҳам бунчалик кўп тўп ўтказмаган бўлардим” деб афсусланган эди. Яна бир Сувтилик ишқибоз “Бу терма жамоа эмас, аксинча бало, менга қолса ҳаммасини қишлоққа обкелиб, эртадан-кечгача пахта чоптириб, камига ғишт қуйдирардим” деган эди. Орол Мирзо ҳам, Сувтилик мухлис ҳам бу гапларни хурсандлигидан айтишгани йўқ. Аксинча, ачинганидан, алам қилганидан, миллатни севгани ва қадрлаганидан айтган улар. Афсуски, бу гап ҳам дайди ўқдек нишонга тегиб, наф бермади. Назаримда, футболчиларимиз эшитиб, эшитмаганга олишди.

Шарҳловчи укамиз Хайрулла Ҳамидовнинг асл миллат фидойиси эканини тан олган ҳолда (ахир у ҳам бекорга куюнмаяпти) эътироз билдираётган оммани тўғри тушунайлик. Спорт шарҳловчисини миллионлаб одам эшитади. Керак бўлса улар ичида шарҳловчилардан-да теранроқ фикрлайдиган, хулоса чиқарадиган, таҳлил қиладиган кўпдан-кўп ақлли ва донишманд юрт фидойилари турибди. Шарҳловчилар холис туришсин, ҳар бир гапига эътиборли бўлишсин. Ҳис-ҳаяжонга берилиб, бўлар-бўлмас гапларни айтиб, қовун тушириб қўйишмасин. Негаки, Ўзбек ўз айбини бировга юклайдиган, аламини эса зўрни ортида туриб, бировнинг қўли билан оладиган халқ эмас. Не иш бўлса, қўлидан келади. Керак бўлса, керак жойда аламини ҳам ўзи олади. Гап фидойиликда, Владимир Фёдоровдек миллат учун ҳаттоки жонини беришга тайёр ёшларни танлай билишда.

Ушбу мақолам билан кимнингдир кўнглини оғритган бўлсам, олдиндан узр сўрайман. Бор гапни, кўрган ва эшитганларимни ёздим холос. Ойни эса этак билан ёпиб бўлмайди…

 

Муҳаммаджон Соипов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *