Шахснинг учта қоранғи жиҳати: аблаҳларнинг башараси

Психологлар инсоннинг салбий жиҳатларини ўрганар экан, умумий қилиб уларни учта гуруҳга ажратадилар: нарциссизм, макиавеллизм ва психопатлик. Шу учтаси бирга шахснинг қоранғи учлиги ҳисобланади. Мазкур учта жиҳатга эга одамлар оилаларини, бутун бошли давлатларга ўз зулмини ўтказади, турмаларни ва директорлар кенгашини тўлдиради. Хуллас, уларнинг ким эканини билиб қўйиш фойдадан ҳоли эмас.

Нарциссизм (худбинлик)

Худбинлар ҳақида кўп ёзилган. Нима деб ёзилган бўлса ҳам бу бошқа жиҳатлар олдида анча енгили ҳисобланади. Уларнинг баъзилари атрофдагиларга қараганда ўзларига кўпроқ зарар қилишади. Бошқаларда таассурот қолдириш ниятида улар ўқиш ва қандайдир юқори мавқени эгаллаш учун анча муваффақият қозонади. Ташқаридан қараганда худбинларга “ҳавас” қилса бўлади. Аммо, яқинидан назар солсангиз, ундан тезроқ қочиш пайида бўласиз. У бошқаларга доим “ўз жойи”ни кўрсатиб туради. Ҳеч қачон ўз хатоларини, айбларини тан олмайди. Ҳамма айбларни атрофидагиларга тўнкайди. Ва у ўзига ҳамма нарса мумкин қилиб олади, ҳамма унга қарздордек ўзини тутади. У чегара нималигини билмайди ва унинг наздида ҳамма одамлар ярамас ёки унинг душманидир. Бунга сабаб у муҳаббат нима эканини билмаганидандир. Худбин кимса саҳна юлдузидир, ичиб олиб авто уловни бошқариб кимнидир босиб кетса ҳам, ҳаммадан ўзига ачинишни талаб қилади. Худбин ўзига бино қўйганидан ўзига меҳр қўйганларни ғаразли мақсадлари йўлида бемалол қурбон қилиб юборади. Ачиниб ҳам ўтирмайди. Унга ўзи бўлса бўлди.

Макиавеллизм

Макиавеллизм сифатларига эга одам сурбет, режали ва эҳтиёткор бўлади. Одамлардан унга меҳр-муҳаббат керак эмас, балки одамлардан ўзи учун қандайдир фойда олиш илинжида бўлади. Шунинг учун ҳам ундай одамлар фойдаси тегадиган одамлар эътиборини қозониш илинжида бўлади. У худбинлардан фарқли ўлароқ ёқимтой бўлмаса ҳам, одатда керакли одамга ёқиш ҳаракатида бўлади. “Мақсад учун барча восита ўзини оқлайди”, деган нарса унинг шиоридир. Кўнгилхушлик учун ёмонлик қилмайди, бироқ ваъдасини бузиш эвазига қандайдир манфаат тегадиган бўлса, шартта ваъдасини бузиб кетаверади. Озгина мансаб тегиб қолса, ўзига тўлиқ итоат қилишни талаб қилади ва бошқарув, раҳбарликка етиш учун барча имкониятларини ишга солади. “Макиавелли” чапдаст раҳбар бўлса ҳам, ёмон дўстдир. У диктатор бўладими ёки кираверишдаги вахтерми у доим фитна қўзғаб юради. Одамларни, партияларни бир-бирига қарши қилади, керакли пайтда фойдаланиш учун ҳаммага компромат йиғиб юради. Исталган вақтда сотиб кетади.

Психопатлик

Психопатларда ҳамма нарса афсусланарли ҳолатда. Уларда одамларга нисбатан ачиниш ҳисси йўқ, эмпатия уларга бегона. Улар учун одамлар бир буюм холос. Шунинг учун ҳам ўзига барча нарсани жоиз деб билади. Албатта, психопатлар ақлли бўлишади ва узоқ вақт ўзларининг салбий жиҳатларини яшириб келади. Телбалари эса, тезроқ турмаларга тушади ёки эрта ўлиб кетади. Одатда улар ўзларига юқори баҳо беришади ҳамда ташқи таъсирларга берилувчан ҳамда ўзларини хоҳиш ва истакларини назорат қила олмайди ва жуда ҳам шафқатсиз бўладилар. Психопатликнинг энг юқори чўққиси маняк бўлиш ёки ёвуз қотилга айланишдир. Уларнинг ижтимоийлашган турлари эса раҳбарлар ёки ўқитувчилар орасида кўп учрайди. Уларнинг олдига киришнинг ўзи бир азоб, олдидан чиқсангиз эса, “қутилганимга шукр” деб чиқасиз.

Ушбу учта жиҳат жамланган одамларнинг бири Тед Бандидир. Худбинлик унга муносиб кўриниш ва одамларнинг у ҳақида илиқ фикрлар туғилишида ёрдам берди. Макиавеллизм эса, унга жамиятда юқори мавқени эгаллашига қўл келди. Психопатлиги эса, уни завқ билан юздан ошиқ аёлларнинг қотили бўлишига сабаб бўлди.

 

Тест

Ўзингизда ёки бошқа бировда шундай салбий жиҳатларни аниқлашда ёрдам берадиган осон тест. Ўзингизда бор жиҳатларни белгилаб чиқинг:

1. Бошқаларни манипуляция қилиш;

2. Тавба ёки афсусланиш нималигини билмаслик;

3. Атрофдагиларнинг диққатига сазовор бўлишга ҳаракат қилиш;

4. Қилаётган қилмишларининг маънавий тарафига эътибор қилмаслик;

5. Мақсадларига етиш учун ёлғонни кўп ишлатишлик;

6. Шафқатсиз ва тошбағир бўлиш;

7. Одамлардан фойдаланиш учун уларга маддоҳлик қилиш;

8. Нуфуз, эътибор ёки обрў учун ҳаракат қилиш;

9. Сурбетлик;

10. Одамларни ўзига ишлаташ;

11. Ўзига нисбатан қандайдир алоҳида муносабат бўлишини исташ;

12. Атрофдагиларнинг диққат марказида бўлишни хоҳлаш.

Натижалар аниқ бўлиши учун, ҳар бир жавобга 1 дан 7 гача бўлган кўрсаткичлар билан баҳо қўйиш керак. 1 баҳо мутлоқ қўшилмайман бўлса, 7 тўлиқ қўшиламан деганидир. Оддий одам учун ўртача баҳо 36 дир. Баҳолар 45 дан ошса ўзиингиз ҳақингизда ўйлаб кўришингиз ёки мутахассисга мурожаат қилишингиз керак бўлади. Агар танишларингиздан кимдир 45 дан ошиқ баҳо олса, ундан эҳтиёт бўлинг.

Абу Муслим таржимаси

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *