Шахсий тажриба: Таиландда иккита бизнес очганим ҳақида

“Сувга улоқтиришсин – сузишни ўрганиб оламан”,– Таиландда бизнес очиш қарорини ўзбекистонлик Владислав Лоренц мана шундай изоҳлайди. Паттаяда етти йиллик бизнес тажрибаси, сайёҳлик компанияси ва риэлторлик агентлиги ишини йўлга қўйган – ҳамюртимиз ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Сайёҳлик соҳасидаги инқирозлар ва хавфсизликка турли таҳдидлар бўлишига қарамай, 2016 йилда сайёҳлар 1,235 млрд марта халқаро сафарлар уюштирдилар, бу 2015 йилдагига қараганда 46 млн.га кўпдир (БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ҳисоботидан).

Жануби-шарқий Осиё мамлакатларига сайёҳлар қизиқишлари йил сайин ортиб бормоқда, бу минтақадаги энг машҳур йўналишлар – Бангкок, Самуй, Пхукет ва Паттайядир. Таиланддаги сайёҳлик, ҳаёт ва бизнес юритиш тўғрисида табассумлар ўлкасида етти йилдан зиёд истиқомат қилиб келаётган тошкентлик Владислав Лоренц сўзлаб берди.

– Таиландда иш юритишнинг ўзига хосликлари нимада?

–Таиландда бирорта чет эллик бизнесга 100% эгалик қила олмайди. Кўпи билан 49% улуш унга, қолгани маҳаллий аҳоли вакилиники бўлиши лозим. Лекин бу расмиятчиликка кўп ҳам риоя этилавермайди. Қолаверса, инновациявий ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, унга ўхшашлари Таиландда бўлмаса, чет эл фуқаросига 100% эгалик ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган. Солиқ имтиёзлари берилади, давлат айниқса фаол ривожлантираётган баъзи минтақаларда қўшимча имтиёзлар тақдим этилади.

Негадир, Таиландни учинчи дунё мамлакатлари қаторига қўшишади, аслида бундай эмас. Халқаро инқироз даврида тай валютаси атиги 1 батга қадрсизланди (1 доллар тахминан 33,3 бат турарди, инқироз даврида 35 батга кўтарилди). Ҳозирда курс 34 бат даражасига тушди ва барқарор сақланиб турибди, бу иқтисодиётнинг кучли эканлигини кўрсатади. Бу мамлакатнинг қишлоқ хўжалигига асосланганлиги билан ҳам боғлиқ – аҳолининг 59 фоизи аграр соҳада фаолият юритади.

Таиландда фремерлар учун фоизсиз кредитлар берилади, энг қиммат кредитлар автомобиль сотиб олиш учун тақдим этилади – йиллик 3%. Банклар ва давлат томонидан дотациялар анча кучли ривожланган. Бундан ташқари, электроника ишлаб чиқариш ривожланган. Кўпчилик Таиландни сайёҳлик мамлакати деб ҳисобласа-да, туризм ЯИМда катта улушга эга эмас.

Ўзбекистонда бизнес юритишга уриниб кўрган бўлсангиз, Таиландда бемалол иш оча оласиз. Бизнес учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ, солиқ сиёсати жуда юмшоқ. Агар бизнесни қонунан юритсангиз, давлат томонидан бирорта эътироз бўлмайди. Танишимда шундай воқеа бўлганди: солиқ инспекторлари унинг корхонасида норасмий ишлаётган бир ходимни аниқлашади. Улар-ку, бирор чора кўришга ҳақлари йўқ – бу уларнинг ваколат доирасига кирмайди, лекин миграция хизматига хабар беришларини айтишган. Дўстим ҳужжатларни очиб, давлатга тўлаган солиқларини кўрсатган. Шунда солиқчилар қонунбузарликка кўз юмиб, бу ходимни ё расмийлаштиринг, ёки ишдан бўшатинг, дея чиқиб кетишган. Тушуниш билан ёндашганларига (аслида Таиландда ҳам коррупция мавжуд) сабаб – корхона солиқларни оғишмай тўлаб бораётганлиги бўлган.

– Бизнесни рўйхатга олиш қандай кечади?

– Бу компания фаолиятига боғлиқ, умумлаштириб айтиб бўлмайди. Агар кимгадир бу масала қизиқ бўлса, менга ёзишсин – аниқ фактлар асосида тушунтириб бераман. Тадбиркор ҳужжатларни мустақил тайёрламайди, бу билан юристлар шуғулланади. Юрист суммани айтади ва расмийлаштириш жараёни бошланади. Ишчи виза, мисол учун, 2500 долларгача туради, бу ҳам юристга боғлиқ.

– Тошкентдан нега кетгандингиз? Ҳозир нима билан шуғулланасиз?

– Аслида сайёҳлик бизнеси билан шуғулланаман, кейинги икки йилда кўчмас мулк бозорида ҳам фаолият юритяпман. Pattaya Tours компанияси ички сайёҳлик (қабул) соҳасида ишлайди, Pattaya Elite эса, кўчмас мулк олди-сотдиси ва бошқарувига ихтисослашган. Бу – инвестициялар нуқтаи назаридан энг жозибали бизнес саналади. Унинг нозик томонларини ўрганиб олишда менга қурилиш компанияларидаги дўстлар ва танишлар ёрдам беришди.

Таиландга 2010 йилнинг январида келдим, ўшанда Тошкентда эришадиганимга эришиб бўлганимни ҳис қилгандим – Миллий университетнинг журналистика факультетини битиргач, саҳифаловчиликдан “Технологии и дизайн” журналининг бош муҳаррири лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтдим. Ўзим учун Тошкентда истиқбол кўрмадим, ҳатто, у ёғига нима билан шуғулланишни исташимни билмасдим… Ойлигим яхши эди, ҳаётим – қувноқ, лекин келажагим қандай? Кетишга астойдил аҳд қилдим. “Сувга улоқтиришса, сузиб кетаман” деган қарорга келдим.

Бошида бизнесим даромад келтирмади, фақат сайтдаги рекламадан пул тушарди. У пайтларда гид бўлиб ишлардим, экскурсиялар уюштирардим. Келишимдан олдин 45 нафар одам олдида туриб, микрофонда сўзлайсан, дейишса ишонмаган бўлардим. Ҳар қалай, кўпчиликнинг салобати босади… лекин ҳаёт мажбур қилгач, ишлай бошладим. Pattaya Tours дастлабки пичоққа илинадиган даромадни ярим йилдан кейин келтира бошлади. Pattaya Elite бу йил харажатларни тўлиқ қоплайди, деб умид қиламан.

– Таиландда сайёҳлик соҳасида янги бизнес очишдан маъно қолдими, кимларга мўлжал қилса бўлади?

– Ташиклотчи бўлсангиз, ютқазмайсиз. Масалан, бу ерга келиб, сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш мумкин – бир, икки, уч кунлик турлар. Сайёҳлик масканлари кўп, бу иш анча фойда келтиради. Тўғри, соҳада рақобат кучли, дастлабки ярим йил роса пул қилиб оласиз. Кейин эса, муаллифлик дастурингизни кимдир кўчириб олади ва сиз учун рақобатчи пайдо бўлади.

Сервисимизнинг ажралиб турувчи жиҳатини бугунги кунда барча рақобатчиларимиз ўзлаштириб олди. Буюртма масофадан туриб расмийлаштирилади, иш ҳақи экскурсия пайтида тўланади. Агар агар сайёҳлар бирор дастурга келишмаса, пул йўқотмайдилар (гидлардан экскурсия харид қилганда шундай бўлади). Шиоримиз: “Арзонроғини топсангиз – ўша нархда хизмат кўрсатамиз”. Турларимизнинг нархи 10 доллар (350 бат)дан 700 долларгача бўлиши мумкин, лекин улар қўшни мамлакатларга чиқиш ёки индивидуал дастурлар бўлади.

– Аудиторияни жалб қилиш учун нималардан фойдаланасиз?

– Компанияларимнинг сайтлари, мазмунан боғланган бўлмаса ҳам, мантиқан ёндош ҳисобланади – мустақил сафарга отланган сайёҳ ижарага турар жой қидиради, кейин сайёҳлик фирмалари хизматларидан фойдаланади. Лекин, энг кўп мурожаатлар Facebook ва қидирув сайтларидаги реклама орқали келиб тушади.

– Таиланднинг сизга ёққан ва ёқмаган жиҳатлари? У ердаги ҳаёт тарзи қандай?

– Таиландга келган кўпгина сайёҳлар бу ердаги ўзгача ҳид ва санитарияга зид ҳолатлар ҳақида гапирадилар… Менга қолса, гўзаллик боқувчининг нигоҳларидадир, дейман.

Ёқмаган жиҳатлари… балки бу тайларнинг ишга муносабатидир. Таиландликлар жуда секин ишлашади. Уларга нисбатан олганда, биз анчайин меҳнатсевар ва тезкормиз, ишдан қочмаймиз. Тайларда “сабай” деган тушунча бор, у динга боғлиқ атама. Таржимаси “бахтли” бўлади, лекин “тиним”, “осудалик” сўзларига яқинроқ маънога эга – тайлар учун бахт – бу “қайғу”нинг тескариси эмас, балки осудаликдир. Бадавлат ҳаёт кечириш – бу сабай эмас. Денгизни томоша қилиб ўтириш, ёқимли шабададан лаззатланиш – мана шу ҳақиқий сабай. Ҳаммаси тинч, яхши, осуда бўлса, “сабай-сабай” дейдилар. Мисол учун, таксичига пакетни бирор жойга етказиб беришни сўраб, бунинг учун 10 доллар беришингизни айтсангиз, 10 дақиқагина вақти кетадиган бўлса ҳам, у кўнмайди. “Йўқ, кун иссиқ, истамайман”,– дея пальма остида ёнбошлайди. Лекин унга: “Кетдик, бирга ташлаб келайлик”,– десангиз, у боради. Нарх ўша-ўша, лекин у кўнади. Таиландлик учун сабай – мана шу.

 

– Таиландга келадиган сайёҳларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

– Энг асосийси – табассум қилинг, овозингизни баландлатманг ва алдамчиликни кутманг. Савдолашиш мумкин – бу сайёҳлик мамлакати, лекин алдаш… Таиланда бу қабул қилинмаган (лекин ўта ишонувчанлик ҳам кетмайди). Сафардан олдин маҳаллий таомлар ҳақида маълумотга эга бўлинг, кичкинагина сўзлашгич оволсангиз ҳам бўлади.

Таиландликлар жуда меҳмоннавоз, доим жилмайиб турадилар – сайёҳларга бу жуда маъқул келади. Муаммолар туғилмайди, чунки аҳоли жуда одамшаванда, сайёҳларга муносабат жуда юқори даражада. Етти йилдан зиёд шу ерда бўлган бўлсам, маҳаллий аҳоли билан бирор марта можароли вазият рўй бермади. Таиландликнинг жаҳлини чиқариш жуда қийин, лекин овозни баландлатиш ҳақорат саналади. Тайлар бақирадиган одам акиллаётган ит кабидир, дейдилар. Дарвоқе, Таиландларда итларни ҳайдашмайди, улар йўл ўртасида ҳам ётаверадилар, айланиб ўтишингизга тўғри келади.

Қуёшдан эҳтиёт бўлиш керак, айниқса 12:00дан 15:00гача чорак соатдаёқ жизғинак бўлиб қолиш мумкин. Келган куниёқ қисқичбақадек қип-қизил бўлиб қоладиган сайёҳлар таиландликларни ҳайратга солади.

Шундай маданий хусусият бор: агар терингиз оқиш бўлса, сизга гўзаллик намунасидек қарашади (айниқса сайёҳлик йўналишлари ўтмаган қишлоқларда), бўйингиз ёки белингиз айланаси мутлақо аҳамиятсиз. Бунинг сабаби шундаки, қадимда подшоҳ оиласи саройларда яшаган ва бот-бот оппоқ териларидан “нур таратиб”, ўз фуқаролари олдига чиқишган. Терисининг оқлиги туфайли чет элликлар анъанавий равишда ижтимоий жиҳатдан юқори мартабали деб саналган. Тўғри, охирги пайтларга келиб бу қарашлар ўзгармоқда, чунки сайёҳлар унчалик ҳам “олий инсон” эмасликларини кўрсатиб қўймоқдалар.

– Кўчиб борганингизда мослашиш қийин кечмадими?

– Тил билишда қийналдим. Тай тили – бутунлай бошқача тил гуруҳига оид. Таиланд инглиз тилисини тушуниш учун уч ой кетди. Мени тайлар Влас деб чақиришади, Владислав дейиш улар учун талаффуз қилиб бўлмас даража мураккаб исм саналади, худди уларнинг исмларини айтишда биз қийналганимиз каби.

– Фикрингизча, Ўзбекистонда шунга ўхшаш лойиҳаларни ишга тушириш осонроқ бўлармиди ёки қийинроқми?

– Бу саволга кейинги йил, Ватанимизда сайёҳлик соҳасида ўзимни синаб кўрганимдан кейин жавоб бера оламан. Ўзбекистонда сайёҳликни ривожлантириш қизиқроқ. Бизда кўплаб диққатга сазовор жойлар ва истиқболли йўналишлар мавжуд. Бу борада мен бир қанча ғояларни пишитиб қўйганман.

“Kommersant.uz”.

3 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *