Шахсий фикр ва жамият

Мен шуни биламанки, ким ўзини холис деб атаса, у ёлғончидир. Ҳар бир инсоннинг ўз тарафи бўлади, бундан қочиб қутулиш имконсиздир. Инсондан кутишингиз мумкин бўлган нарса фақат адолатдир.
(Девид Пул)

Соф, холис кузатув — афсонадир. (Петр Медавар)

Жамият ҳам, давлат ҳам холис бўлмаслиги одатий ҳол. Шу сабабдан ҳам сиёсий партиялар, бирлашмалар ва уюшмалар ташкил этилади. Улар жамиятнинг бир қатламининг манфаатларини ҳимоя қилади, уларнинг ўлчови билан воқеликка баҳо берилади. Сайловларда ғолиб келган сиёсий кучлар ўз дунёқараши ва мақсадлари асосида сиёсат юритади. Бу нормал ҳолат. Улардан холисликни талаб қилиш, уларнинг ўз мақсадларидан кечишга мажбурлашдек гап. Шу сабабдан, ҳар қандай сиёсий кучдан, партиялардан, ҳукуматдан фақатгина адолатли бўлиш талаб қилинади.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий телеграм каналида сиёсатшунос Азизбек Мақсудовнинг “Андишанинг отини қўркоқ қўйманг!” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Мақола муаллифи “холис фикр” сарлавҳаси остида диний ва дунёвий давлат тушунчалари ҳақида ўзининг шахсий фикрларини берган. Мен мазкур фикрлар ҳақида ўзимнинг холис фикримни билдиришни лозим топдим.

Дунёвий vs демократик давлат

А.Мақсудов Ўзбекистоннинг “дунёвий давлат” эканлигини таъкидлайди. Аммо, Ўзбекистон Конституциясида ҳам, бошқа қонунларда ҳам Ўзбекистоннинг дунёвий давлат эканлиги қайд этилмаган, шунингдек, дунёвий давлат тушунчаси қонунан шарҳланмаган. Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон суверен демократик давлат этиб белгиланган. Мана шу модданинг ўзи А.Мақсудовнинг дунёвийлик тушунчасини изоҳлаган ҳолда, Ўзбекистоннинг бошқарув тизимини дунёвийликка боғлашга бўлган уринишлари холис эмас, балки унинг шахсий фикрлари эканлигини билдиради.

Халқ vs давлат

А.Мақсудов мақоласида давлатнинг диний соҳасидаги фаолияти ҳақида фикрини берар экан, “Давлат органлари барча диний ташкилотлар томонидан қонунга риоя этилишини назорат қилади”, дейди. Шунингдек, “таълим муассасалари тартиб-қоидаларига риоя қилиш тўғрисидаги ҳукумат қарори ёки вазирлик буйруғи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади”, деган фикрни илгари суриб, “ўқувчилар ёки уларнинг ота-оналари … диний эътиқодига қарамасдан, мазкур қарор ва буйруққа қатъий риоя қилинишини таъминлайди”, деган хулосани беради. А.Мақсудов бу ерда ҳар бир фуқаро, у ким бўлишидан қатъи назар, ҳатто диний эътиқодига ва ижтимоий ҳолатига зид бўлса ҳам, давлатнинг чиқарган қарорларига қатъий риоя қилиши кераклигини, жумладан, мактаб ҳудудига бош кийимсиз кириш кераклиги ҳақидаги қарорга сўзсиз итоат қилиш кераклигини билдиради. Шу ўринда, биз Конституцияга юзланган ҳолда, давлат халқдан ажраб қолган алоҳида элита ёки табақа эмас, балки халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи эканлигини, Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатини кўзлаб фаолиятини амалга оширилишини (7-модда) эслатиб ўтамиз.

Ўзбекистон дунёвий эмас, балки демократик давлат. Демократик давлат эса озчиликнинг ҳуқуқлари пой-мол қилинмаган ҳолда, кўпчиликнинг фикрлари асосида бошқарилишини инобатга олиши керак. Бунда давлат органларининг халқ манфаатларини кўзламасдан, ёки озчиликнинг ҳуқуқлари ва диний эътиқодларига зид қарор чиқаришлари Конституция томонидан уларга берилган ваколатга зид ҳисобланишини А.Мақсудов ўрганиши керак бўлади. Ўшандагина “холис” фикри адолатли бўлади.

Жамият номидан билдирилган шахсий фикр

А. Мақсудов ўз мақоласида, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида “Диний соҳадаги Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш белгиланганлигини айтар экан, жамият номидан: “Бугун жамият, чиндан ҳам, ана шундай концепцияга эҳтиёж сезяпти” — деган шахсий фикрини билдиради. Шунингдек, сиёсатшунос, Концепция қандай бўлиши ҳақида ўзининг шахсий фикрларини шундай изоҳлайди: “Концепцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда, биринчи навбатда, давлат манфаатларидан келиб чиқиш, шу билан бирга, жамиятнинг барча қатлами ва гуруҳлари манфаатларини ҳисобга олиш лозим.”

Бу ўринда сиёсатшунос иккита катта хатога йўл қўйди. Биринчидан, давлат манфаатлари билан жамият манфаатларини иккига айирди. Иккинчидан, давлат манфаатларини халқ манфаатларидан устун қўйди. А. Мақсудовнинг шахсий фикрларини қуйидаги ҳавола орқали ўқиб, шундай хулосага келиш мумкинки сиёсатшунос, ишлаб чиқилаётган “Диний соҳадаги Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси» халқ манфаатларига зид келса ҳам, биринчи навбатда давлат органларининг манфаатларини ўйлаб тузилмоқда. Бу ерда А.Мақсудов “Холис фикр” деган сарлавҳа остида, ўзининг шахсий фикрига зид бўлган ҳар қандай фикрларни нохолисликка, тарафкашликка ва фанатизмга чиқаришга уринмоқда.

П.С.: Мен бу мақолам орқали жамият фикри хилма хилликни касб этишини, ҳар бир фуқаро ўз позицияси, ўз шахсий дунёқарашига эга эканлигини ва ҳаммани бир қолипга солиб бўлмаслигини билдириб ўтдим. Нотиқ амалдорлардан ҳам, улар нутқ сўзлаган вақтда, шуни инобатга олишларини илтимос қиламан.

Темур Малик

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.