«Шаблон» иборалар

Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи бор: бир фил оёғида занжир, темир қозиқ атрофида банди бўлиб, 100 йил айланибди. Занжирни олишибди. Темир қозиқни суғуриб ташлашибди. Шундаям фил ўша доирадан чиқолмай яна 100 йил айланган экан.

Бугунги матбуотимизни ушбу филга ўхшатаман. Эътироз билдиришга шошилманг. Ҳозир фикримни батафсил тушунтиришга ҳаракат қилиб кўраман.

Бугун ОАВ сайтларининг бирига янгилик ўқишга киргандим (сайт номини ёзмай қўяқолай). Унда ёзилган бир хабарга кўзим тушди. Ўзимга қизиқ бўлганлиги учун ҳам уни очиб кўрдим. Матн катта бўлса-да, ҳаммасини бошдан охиригача шошмасдан ўқиб чиқдим. Сабаби, унда келтирилган бир маълумот менга керак эди.

«…Таъкидлаб ўтиш жоизки, республикада хорижга чиқиш паспортини жорий этиш бўйича ижобий қарор қабул қилинадиган бўлса, ушбу ҳужжатни 2019 йилдан бошлаб, босқичма-босқич бериш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, амалдаги биометрик паспорт Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжат бўлиб қолади.»

Мана шу маълумотни олиш учун бутун бошли икки бет сафсаталарга тўла мақолани ўқиб чиқдим. Тасаввур қиляпсизми? Матбуотимиз, негадир, ҳали-ҳамон ўша эски иллатлардан халос бўлмагандек туюляпти. Президентимиз минбарга чиқиб, журналистика ислоҳоти бизга зарур эканлигини бот-бот такрорлаётган эса-да, нимагадир оммавий ахборот вакилларимиз мудраб ётишибди. Тўғри, беш қўл баробар эмас. Бизга керак бўлган мавзуларни ёритадиган, тўғри таҳлил қиладиган, айрим амалдорларни танқид қиладиган довюрак журналист ва блогерларимиз ҳам йўқ эмас. Шундайларнинг боши омон бўлсин ҳар доим! Лекин, нима учун замонавий ОАВ бугунги кунда ҳам бир қатор «шаблон» сўзлардан иборат бўлган иборалардан тўлиқ халос бўлолмаяпти? Менга ўхшаган қанчадан-қанча оддий инсонлар ҳар куни турли сайтларга кириб, янги маълумот олиш илинжида шундай янгиликларни мутолаа қилиб чиқишади. Бунинг учун эса, бир «абзац»га ҳам тортмайдиган шу кичиккина маълумотни олиш учун бутун бошли бир-хил, сийқаси чиққан «шаблон» сўзларга тўла мақолаларни ўқиб чиқишлари шарт бўляпти. Одамнинг ғашига тегади-да, рости.

Илгари, ёдингизда бўлса, давлатимиз расмий ОАВ ташкилотлари томонидан берилган маълумотлар ҳаммамизга ёд бўлиб кетган ўша «машҳур» матнлар билан тўларди: «…Мамлакатимизда рўй бераётган демократик ислоҳотлар натижасида…», «…Мустақиллик шарофати билан…», «…Барча шароитлар мужассам…» ва хоказо, ва ҳоказо.

Бугунга келиб, шунга амин бўляпманки, айрим сайтларимиз бу каби иллатлардан ҳеч қутула олишмаяпти. Хабарлардаги сўзларнинг мазмун ва моҳияти ўша-ўша, фақат бизга таниш бўлган юқоридаги иборалар бошқа бир қатор «шаблон» сўзлар билан тўлган. Мисол учун: «…2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурига мувофиқ…», «…“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да керакли ишлар амалга оширилди…», «…Ушбу масалани ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида айни дамда махсус идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этилди…» Шу ва бошқа сўзларга кўзимиз тушмаса, кўнглимиз жойига тушмайди. Мени тушундингиз, хуллас.

25 йилдан буён «занжирбанд» бўлган «филлар»нинг уйғониши учун яна қанча кутишимиз керак экан, билмайман…


Темур МАЛИК

Биринчи изоҳ

  1. Мавзуга унча якин булмаган бир нарса эсимга тушиб кетти шу маъколани ўқиб, асли Қирғизистонликмиз. Ҳар сафар акам ҳориждан тел.килиб ҳол-аҳвол сўрасалар «ҳаммаси яхши», «ҳамма нарса бор», «камимиз йўқ», каби ибораларни қўлласам «Ҳа, Ўзбекистонча гапирма» деб хазил қилардилар. Ҳақиқатан бу каби шаблон сўзлар ҳаммани онгига сингиб кетган ..

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *