Сайловчига 7 тавсия

«Сайловлар тугаб, халқ вакиллари ваъдаларни унутадилар, халқ эса алданиб қолаверади». Таниш сўзлар-а? Билиб қўйинг, буни нафақат Ўзбекистонда, балки манаман деган энг демократик давлатларда эшитиш мумкин. Уларнинг биздан фарқи шуки, уларда халқ барибир сайловга чиқиб, овоз берадилар ва тўғридан тўғри ёки ахборот воситалари орқали вакилларини ҳол-жонларига қўймай, ваъдаларини бажаришга мажбурлайдилар. Бир сўз билан айтганда, сайловчилар аввал ўз бурчларини адо этгач, буни вакиллардан талаб қиладилар.

Биз-чи? Ўзимиз бирор ҳаракат қилмай, бошқанинг айбдорлигини эълон қилиб қўйяпмиз. Келинг, ҳеч бўлмаса ўз вазифамизни виждонимиз олдида ўтаб қўяйлик, қолганини вақт кўрсатади. Вакил депутатлар ўзларини олиб қочсалар, мана, ижтимоий тармоқларга олиб чиқиб, шармандасини чиқараверасиз. Замон ўзгарди, жимжитлик салтанати қулади. Наҳот пайқамадингиз?

Тўғри, бу партияларнинг нўноқ фаолияти демократик андозалардан анча йироқда. Лекин бир нимадан бошлаш керак-ку! Сайловчи сифатида бироз фаолроқ бўлсак, янги сиёсий анъанага биринчи ғишт қўйган бўламиз. Яхши ва ёмон анъаналар кўникмалардан иборат, кўникмалар эса муайян амаллардан ташкил топади. Келинг, келажак учун биринчи ҳаракатимизни бошлайлик ёки авлодларимизга эски, тутуриқсиз анъаналарни эстафета қилиб топширамизми? Ахир биздан кўп нарса кетмайди, атиги етти қадам холос:

1. Даставвал бироз изланиш қилайлик. Сайланаётган партиялар йўналишларини аниқлаш зарур. Умуман олганда, сиёсий партия уч йўналишдан бирида бўлади: ўнгчилар, сўлчилар ва марказчилар.

Ўнгчиларга хос бўлган ғоялар қуйидаги қарашга асосланган: ҳар бир инсон ўз иқтидори ва меҳнатини намоён қилишга тўла ҳақли, унинг меҳнат ва ижод самараси буткул дахлсиз бўлиши керак, бой бой бўлса, камбағалга осон бўлади, жамият бой қатламни чекламаслиги керак. Ўнгчиларга миллиятчилик ва анъанавий қадриятларни илгари суриш хос бўлади.

Сўлчиларга келсак, улар турли кўринишдаги социалистлар бўлиб, заифроқ қатламларнинг ижтимоий муҳофазасига кўп эътибор берадилар, бойларнинг ўз қудратларини сақлаш йўлида зўравонлик қилишларини тўсишга уринадилар, катта мулкдорларни иложи борича кўпроқ солиқ тўлатишга ундайдилар.

Марказчилар (центристлар) ўнгчи ва сўлчи ғоялар ўртасида мувозанатли ечимларни топганликка даъво қилиб, кучли давлат тизимини олий мақсад деб белгилайдилар. Яхшилаб қаралса, соф марказчи бўлмайди, у, албатта, кўпроқ ўнг ёки сўлга мойилроқ бўлади. Шу билан бирга, кўпинча сўлчи ёки ўнгчи давлат тепасига чиқиб қолса, бирданига марказчига тусланиб олади.

Сиёсатчиларнинг яна либерал турини ажратиш мумкин. Улар инсон эркинликларини энг биринчи ўринга қўядилар. Аммо либералларни ўнгчи, сўлчи ва марказчилар сафида ҳам учратиш мумкин ва бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ.

Ультрамиллатчи, фашистлар, ультра-сўлчилар (масалан троцкистлар, чегеварачилар ва ҳ.к.) ва экстремист диний-сиёсий оқимлар ҳам йўқ эмас, лекин улар ноқонуний ва шунинг учун ҳам сайловларга киритилмаган ва бу – тўғри.

Яшил экологик партиялар ҳам мавжуд. Уларни кўпроқ табиат муҳофазаси қизиқтиради. Жамият муаммоларини ҳал қилувчи ечимларни экологик масалаларга боғлаб берадилар. Улар баъзи масалаларда ўнгчи, баъзида сўлчи мавқеини ушлашлари кузатилади.

Ўз номзодларини қўйган партия вакилларини қайси тоифадан эканлигини аниқлашга урининг. Шиорларига, дастурларига эътибор беринг. Ҳеч тортинмай ўзларидан сўранг.

Яна бир нарса. Дейлик, ижтимоий муҳофаза, яъни сўлчилик ғоялари сизга яқин, аммо жорий сўлчилар таклифлари ўта қониқарсиз, аксинча ўнгчиларда ўртаҳол қатламларни қўллаш билан бирга, ишчи деҳқонлар учун манфаатли қонунларни таклиф қилишяпти. Сўлчи сайловчи ўнгчи ёки марказчига овоз беришида ғайритабиийлик йўқ. Шунинг учун ҳам ҳозирги замон сиёсатчиларида қарама-қарши қатлам учун ҳам қизиқ бўлган ечимлар билан сайловга чиқишлари кузатилади.

Партиялар ўз «эътиқод»ларига даъват қилиш билан эмас, балки ҳамма учун фойдали реал ечимларга эга эканликлари билан баҳоланадилар.

2. Номзод партияларга бериладиган савол: Ўзбекистон учун бугунги кунда энг долзарб, энг оғриқли, энг-энг-энг асосий муаммо нима(лар)? Келажак учун муҳим масалалар нима ва қандай қилиб уларни ҳал қилмоқчи? Қандай ечим таклиф қиляптилар? Уларнинг жавоблари тушунарсиз бўлса, демак ўзлари нима деяётганларини билмайдилар. Тўхтамай ойдинлаштиришни сўрайверинг, токи ўзлари ўтириб фикрлашни бошласинлар. Ойдин фикрлар аниқ сўзлар билан ифодаланади.

3. Партиялар жорий даврда Олий мажлисда ўз ўринларига эга бўлганлар. Хўш, шу вақтгача қандай фойдали қонунлар чиқардилар? Қайси қонун лойиҳалари ўтмади? Нима сабаб билан? Қандай хатоларга йўл қўйилди? Қандай хулосалар чиқарилди? Энг фаол депутлар ким? Энг бўшлари ким? Улардан кимларнинг номзоди илгари суриляпти? Қайси «кароматлари» учун? Мана шу саволларга жавобни партиялар сўрамасалар ҳам ўзлари айтишлари кутилади. Агар бехабар қолаётган бўлсангиз, сўранг, сўранг ва яна сўранг.

4. Партиялар сайловолди дастурларини ўқиб чиқишга ҳаракат қилинг. Эксперт, мутахассисларни бу ишни қилишга унданг ва уларнинг фикр-муносабатларини билиб олинг. Ўзингиз ҳам ўйланг ва, энг муҳими, бошқалар билан муҳока қилинг. Фаол мулоқот сермаҳсул тафаккурни келтириб чиқаради. Дастурлардаги кўринган зиддиятларни, нотўғри нарсаларни бемалол очиқ танқид қилинг, партиялардан муносабат сўранг. Тушунарсиз, мавҳум матнда ёзилган дастурлар хўжакўрсинликдан далолат қилади. Шунинг ўзи керакли хулосага етаклайди. Тушунарли, ақл ва қалбга мос келувчи дастурлар ҳамдард онг билан ёзилган бўлади. Айнан шундай партияларга ишонч ортади ва сайловдан кейин ҳам уларнинг ваъдаларини эслатиш осон кечади.

5. Номзод сиёсатчи ҳақида жанжал янгиликларни аниқ фактлар билан текширишга урининг. Сайловолди курашларда кўпинча тарафлар бир-бирлари билан ахборот урушини олиб борадилар, ўзаро репутацияларини қулатишга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун холис кузатувчилик позициясини сақлаш сайловчининг фойдасига бўлади. Албатта, номзод ҳақида жамоатчилик учун муҳим бўлган, яхшилаб текширилган хабар билан сайловчилар орасида бўлишиш керак, чунки ўта ахлоқсиз, коррупционер, уюшган жиноятларга алоқадор шахсларни парламентга яқинлаштирмаслик керак.

6. Партияларнинг сайловолди учрашувлари ва дебатларига боринг. Уларни диққат билан эшитинг. Саволларни бериб ташланг. Бошқалар берган саволларга берган жавобларини ҳам аҳамият билан эшитинг. Дебатларда номзодларнинг нафақат нима деяётганларига, балки қандай гапираётганларига эътибор беринг. Эмоцияларини кузатинг, қўл ҳаракатлари, қизариб ё оқариб кетишлари, овоз тембрлари ва нимага кўз қисиб қўйишларини қайд қилиб қўйинг.

7. Яхшилаб ўйлаб, ўлчаб, кимни танлаш ҳақида бир қарорга келиб, сайловга чиқиб овозингизни беринг. Ўйлаганингизда нафақат бугунги кун муаммолари, балки фарзандларингиз, набираларингиз келажаги ҳақида ўйланг. Партиялар берган ваъдаларни бир жойга сақлаб қўйинг. Сайловлардан сўнг халқ вакиллари билан ишлашдан тўхтаманг.

Агар ватандошлар омматан сайловолди ва сайловдан кейин фаол бўлсалар, ҳеч бўлмаса берилган ваъдаларнинг юздан бири, албатта, амалга ошади. Ана шу «бир»нинг ўзи катта нарса. Чунки «нол» ва «бир» ўртасидаги масофа чексиздир. Буни оддий мактаб ўқувчиси ҳам билади.

Жамшид Муслимов

Ўхшаш мақола: Партияга номзод депутатга етти тавсия

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.