Сайлов 2019: нималар қилиш керак, қачон ва қандай? (Батафсил маълумот)

Хабарингиз бор, шу йилнинг охирги ойида Парламент сайловлари бўлиб ўтади. Янгича қараш, янгича пиарлар-у тақдимотлар билан бошланган сайлов кампаниясидан кейин, сайлов муҳити ҳaм ўзгача бўлиши — олдингиларидек «галочка учун» бўлмаслиги табиий.

Хўш, сиз яқинлашиб келаётган сайлов ҳақида нималарни билишингиз керак?

Қуйида Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» телеграм-каналида эълон қилинган постни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

#Сайлов_2019

САЙЛОВЛАРДА ОВОЗ БЕРИШ ТАРТИБИНИ БИЛАСИЗМИ?

1. Овоз бериш вақти ва жойини қаердан билса бўлади?

Бу ҳақда участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида 10 кун олдин хабардор қилади (http://lex.uz/docs/4386846).

2. Овоз бериш қачон ўтказилади?

Сайлов куни (22 декабрь) соат 8.00 дан 20.00 гача овоз бериш мумкин.

3. Овоз бериш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат шартми?

Ҳа, шарт. Сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиб, сайловчилар рўйхатига имзо қўйгандан сўнг унга сайлов бюллетени берилади.

4. Фуқаронинг фамилияси сайловчилар рўйхатида бўлмаса, нима бўлади?

Бундай ҳолда сайловчи шахси, фуқаролиги ва яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжати асосида сайловчилар рўйхатининг иловасига киритилади ва унга сайлов бюллетени берилади.

5. Овоз бериш вақтида сайлов бюллетени бузиб қўйилса-чи?

Сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин.

6. Овоз бериш хонасига яқин қариндошлар бирга кирса бўладими?

Овоз бериш хонасида сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг бўлиши тақиқланади.

7. Сайловчи бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаса-чи?

Бундай ҳолда сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли. Сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари бундан мустасно.

8. Вақтинча яшаш жойи бўйича ҳам сайловда иштирок этиш мумкинми?

Ҳа мумкин. Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган фуқаролар доимий ёки вақтинча яшаш жойларидаги сайлов участкасида овоз бериши мумкин.

9. Касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз беришга кела олмаган сайловчилар нима қилади?

Тегишли комиссиянинг камида 2 нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига боради.

10. Кимлар овоз бериш ҳуқуқига эга эмас?
👉 суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган;
👉 оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар.

11. Муддатидан олдин овоз бериш мумкинми?

Ҳа мумкин, сайлов кунида яшаш жойида бўла олмайдиган фуқаролар тегишли участка сайлов комиссиясига ариза асосида мурожаат қилади.

Аризада, сайлов кунида яшаш жойида бўла олмаслик сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳ.к.) кўрсатилади.

12. Муддатидан олдин овоз бериш қачон ўтказилади?

Сайловга 10 кун қолганида бошланади ва сайловга 3 кун қолганида тугалланади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.