Сардор Салим: ҚАЁҚҚА КЕТЯПМИЗ?!

Ҳайдовчисига пойафзалини тозалаттираётган Сурхондарёдаги зодагон ҳақида ўқиб, одамлар нега СССРни қўмсаётганини англагандек бўлдим.

Одамлар ўз қадрига йиғлаяпти. Ўзбеклар аслида Советни эмас,  инсон қадри оз бўлса ҳам, қандайдир қийматга эга бўлган, ижтимоий келиб чиқиши ва мавқеидан қатъий назар, инсон бўлгани учунгина инсон эъзозланган даврни қўмсаяпти.

Биз, тарихимизда, минг таассуфки, инсоний қадр-қиймат, ижтимоий тенглик ва адолат, тенг имкониятлардан фақатгина шу совет даврда озгина бўлса ҳам баҳраманд бўлганмиз. Амалдорлар ҳеч кимни сўкишга, ёш боладек турғизиб таҳқирлашга, шапалоқ уришга журъат этмас эди. Пулдор ҳам ҳар доим ҳақ бўлиб чиқавермас эди. Шикоятингиз устидан шикоят қилинган шахсга кўриб чиқишга қайтарилмас эди. Силовикларнинг қудрати ҳам озмунча чекланган эди, камида оддийроқ, «сиёсий» бўлмаган масалаларда. Оддий халқни даромад манбаига айлантирган,  тор  гуруҳларнинг  манфаатига хизмат қилувчи  қонунлар ҳам чиқмас эди.  Бу давр СССРни ўзида ҳам унча кўп чўзилмаган бўлсада, лекин умум онгида ҳозир қўмсаб эслашга арзигули из қолдирди. Оддий ўзбек на бу даврдан олдин, на ундан кейин муносиб яшади.

Совет лойиҳаси ҳам қолоқ жамиятни (тезда) модернизация қилиш ҳаракати эди. Лекин бу советча модернлашиш (замонга мос яшаш) ҳаракатининг фундаменти нотўгри заминга қўйилган экан-ки, СССР тугаши билан биз яна бир зумда ўша эски ҳолатимиз, бошланғич позициямизга, яни 1917 йилдан олдин ҳукрмрон бўлган феодал муносабатларга қайтдик. Эшак аравадан Нексияга ўтирдик,  лекин онгимиз ва дунёни англашимиз ўша ўша, феодал даврнинг маҳсули. Яъни, биздаги совет модернизацияси юзаки бўлган, моҳиятан биз ўзгармадик. Гўёки Совет эксперименти ҳеч бўлмагандек, большевиклар сингдирмоқчи бўлган барча юқорида айтиб ўтилган ижобий ютуқлар ҳам саробга айланди. Фақат миллий интеллектуал элитани қирғин қилганлиги, пахта деб қуриган Орол каби Советнинг салбий асорати қолди, холос.

Жамият яна архаикага қайтаётганини, демодернизация жараёнлари кетаётганини, масалан, бутун дунё шаҳарлашаётган (урбанлашаётган) бир пайтда, биз қишлоқлашаётганимиздан англаса ҳам бўлади. Шаҳар аҳолиси Совет давридаги 40%дан 2017 йилга келиб 36%га тушди. Шу рақамни ўзи бизда замонавийлашиш эмас, аксинча, ортга қайтиш жараёнлари кетаётганидан далолат беради.

Бу қадимчилашиш жараённи фақатгина янги, бу гал ўз миллий қадриятларимиз ва тарихимиз, ҳусусан, Ислом динига асосланган модернизация лойиҳаси билангина тўхтатиш мумкин. Бу лойиҳани ҳукумат эплай олмайди, жамиятни ўзи туғиши керак. Токи шундай лойиҳа пайдо бўлмас экан, инсон инсонга ем бўлиб қолаверади.

ИМҲО.

Сардор Салим

5 комментариев

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *