Санжар Саид: Субмаданиятлар ҳақида.

Ўтган асрда йирик империяларнинг таназзулга учраши дунё миқёсида мультикултиризм — маданиятлар хилма-хиллигини кескин авж олдириб юборди. Бир вақтлар фақатгина бир миллат ва элат истиқомат қилган ҳудудларга империя қўл остида бўлган давлатлардан мухожирларнинг оқиб келиши кучайди. Бугун биргина Британия пойтахти Лондон шаҳрининг 40 фоиз аҳолиси ўзга миллат вакиллари авлодларидан ташкил топмоқда. Маданиялар аралашуви жараёни турли гуруҳ ва эътиқод вакиллари томонидан ижобий баҳоланаётган бўлса, кимлардир бунга бутунлай қарши чиқмоқда.

Бугунги дунё ижтимоий қиёфасига назар ташлар экансиз, маданиятлар хилма-хиллашувчи жараёнида яна бир ўзига хос янги ички маданиятларнинг шаклланаётганига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Азалдан шаклланган, миллат ва элатлар тарихининг ажралмас қисми сифатида қадрлаб келинган маданиятлардан буткул ўзгача қиёфага эга бўлган ва ўзига хос янгича маданий белгиларни ўзлаштирган бундай гуруҳларни бир сўз билан субмаданиятлар деб аташ мумкин.

Википедия электрон қомусида келтирилишича, субмаданият сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, (лот. sub — ости ва cultura — маданият; маданият ости маданият) социология, антропология ва маданиятшунослик соҳаларида жамият маданиятининг бир бўлаги сифатида ўрганилади. У ўзининг бир қатор салбий ва ижобий томонлари билан ажралиб туради. Муайян субмаданиятга мансуб гуруҳлар ўзларининг сўзлашув тили, ташқи кўриниши, кийиниши ва бошқа жиҳатлари билан бошқалардан тубдан фарқ қилади. Улар миллий, демографик, географик ва бошқа хусусиятларга кўра турли гуруҳларга бўлинади. Айрим субмаданият вакиллари этник жиҳатдан асосий кўпчиликдан тил қоидаларига киритилган ўзгаришлар билангина фарқланиши мумкин. Янги ташкил топган бундай гуруҳ аъзолари асосини асосан ёшлар ташкил этади.

1950 йилда америкалик социолог Дэвид Рисмен субмаданиятларни ўзига хос услуб ва қадриятларни танлаб олган камсонли кишилар гуруҳи сифатида эътироф этган. Уларни янада аниқроқ ўрганиш борасида британиялик социолог олим Дик Хэбдиж ўзининг «Субмаданият: услубни англаш» асарида бу ҳақда батафсил ёритади. Унинг фикрига кўра, субмаданиятлар умумқабул қилинган меъёр ва қадриятларни тан олмайдиган ҳамфикр кишиларни ўзида бирлаштиради. Шунингдек, турли йилларда олим ва тадқиқотчилар томонидан субмаданиятларга «шаҳарлик қабилалар», «парчалар», «ноформал ёшлар уюшмаси», «қулоқсиз болалар биосфераси» сингари изоҳлар берилган.

Субмаданиятларнинг  фанатизм,  яъни  ишқибозликдан  бирмунча  фарқли   жиҳатлари мавжуд. Фэндомлар — (инг. fandom — фанатизм) муайян объект — ёзувчилар, ижрочи ёки усулларнинг мухлислари, ихлосмандлари гуруҳи. Фанатизм ва хобби ўртасида, масалан, панк-рок, готик мусиқа сингари соҳалардаги қизиқишларда ўхшашлик ва умумийлик мавжуд бўлса ҳам, улар субмаданиятларга мансуб эмас.

Субмаданиятлар ҳам ўзларида турли қизиқишларни акс эттириши мумкин: мусиқий услубдан тортиб, шахсий муносабатларгача. Ёшлар вакилларидан ташкил топган айрим субмаданиятлар эса айнан фэндомлар таъсирида вужудга келган.

Аксарият субмаданиятлар кўпчилик учун буткул нотаниш ва ёпиқ характерга эга бўлгани боис омма томонидан кескин қаршиликларга дуч келади. Бу кўпроқ субмаданиятларнинг (қизиқишларга қараб) келиб чиқиш илдизларига ҳамда асосий маданиятларга қарама-қарши қўйилувчи мақсад ва йўналишлари билан боғлиқ. Натижада субмаданият вакиллари ўртасида баъзи ҳолларда турли конфликтлар келиб чиқиши ҳам мумкин. Бундай вазиятда асосий маданиятлар қадриятларига қарши чиқиш контрмаданият деб аталади.

Ёшлар  иштирокидаги  субмаданиятлар  асосан  жамиятга  нисбатан  норозилик  ҳамда эскапизм, яъни ўз-ўзини англашнинг бир даври ҳисобланган реалликдан қочиш билан характерланади.

Субмаданият  вакиллари  учун ташқи кўриниш (visual kei) энг муҳим омил ҳисобланади. Уларда кийиниш, тил (жаргон, сленг — мавжуд сўзлардан шакллантирилган янги маъноли тушунчалар жамланмаси), атрибутлар (рамзий белгилар), шунингдек, муайян гуруҳ аъзолари учун умумий дунёқарашнинг ягона услуби вужудга келган. Характерли ташқи кўриниш ва хатти-ҳаракатлар «ўз» аъзолари (субмаданият вакиллари)ни бошқалар орасидан осонгина ажратиб олиш имконини беради.

Ташқи қиёфа нафақат кийимлар, балки субмаданиятларни тарғиб қилувчи турли қимматликлар билан ҳам намоён бўлади. Масалан, XIX асрда вужудга келган дендилар кийинишдаги алоҳида элементлар ва буткул янгича услуб анъанавий маданият вакиллари эътиборини ўзига тортиб келади. Жумладан, баланд пошнали «Dr. Martens» оёқ кийимлари дастлаб субмаданият вакиллари, кейинчалик эса жамиятнинг бошқа аъзолари ўртасида ҳам оммалашди. Готик лолита ва готик аристократларнинг кийиниш услублари эса айрим ривожланган мамлакатлар модаларидан ўрин олди.

Субмаданият вакилларида вақт ўтиши билан ўзига хос тил, сўзлашув усули ҳам шаклланиб бормоқда. Тил элементларининг айримлари навбатдаги авлод вакилларига мерос бўлиб ўтаётган бўлса, баъзилари мустақил равишда вужудга келмоқда. Уларнинг кўпчилиги сленг — неологизм элементларидан ташкил топган.

Субмаданиятларнинг рамзий белгилари уларни бир-биридан фарқлаш воситаси бўлиш билан бирга, улар ўтмиш маданиятлари белгиларининг қайта жонланишини ҳам ифодалайди. Масалан, гот субмаданиятига оид «анкх» рамзий белгиси қадимги Миср маданиятига хос саналади.

Энг дастлабки ёшлар мусиқий субмаданияти — хиппилар пацифистлар ҳаракати (тинчлик учун курашувчи гуруҳ) вакиллари ҳамда рок-мусиқа ишқибозларидан ташкил топган эди. Ушбу маданият вакилларининг кўпчилиги узун соч ўстиришади ва бошқа субмаданиятлар билан умумий дунёқарашга эга. Хиппиларнинг кийиниш услуби ўзига замонавий либос дизайнига ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмади. Интернетнинг ривожланиши эса киберхиппи тушунчасини вужудга келтирди. Айни дамда дунёнинг турли минтақаларида истиқомат қилаётган ушбу субмаданият вакиллари виртуал олам орқали ҳам ўзаро мулоқотга кириши, ахборот алмашишни йўлга қўйган.

Ямайкада вужудга келган Растафарлар (растаманлар) диний-мусиқий ҳаракати рэгги мусиқаси, ўзига хос имиж ҳамда муайян ғояга эгалиги билан ажралиб туради. Растаманларнинг аксарият вакиллари турли уруш ва низоларга қарши эканини даъво қилсалар ҳам, дунёнинг турли мамлакатларида ёшлар ўртасида гиёҳванд моддаларни тарқатиш билан шуғуллангани боис жиноят олами билан алоқадор ҳисобланади. Уларни ола-була бо кийимларидан осонгина ажратиб олиш мумкин. Масалан, машҳур «Такси» бадиий фильмидаги ўзига хос бош кийимли гиёҳванд полициячи айнан ушбу субмаданият вакилидир.

1970-80 йилларда рок-мусиқаси таъсирида вужудга келган янги жанр металлистлар ва панкларнинг пайдо бўлиши билан якунланди. 1980 йилларда готик-рок жанрининг пайдо бўлиши эса готлар субмаданиятининг оммалашувига олиб келди. Уларнинг характерли белгилари — ғамғинлик, меланхолик (дилгирликка мойил хулқ-атвор) тарғиботи, қўрқинчли фильмлар ва готик романлар эстетикасидан иборат. Нью-Йоркда Ямайкалик эммигрантлар таъсирида эса хип-хоп маданияти пайдо бўлди. Улар ўз мусиқаси, имижи ва ҳаёт тарзи билан ажралиб туради.

90- йилларга келиб эса ёшлар орасида эмо-кидлар ва киберпанк субмаданиятлари кескин оммалашди. Эмо субмаданияти вакилларининг асосий қисми вояга етмаганлардан ташкил топиб, ёрқин, очиқ ва ошкора ҳиссиётлар, ғайриоддий ахлоқ белгиларини намойиш қилишни тарғиб қилар эди. Киберлар эса индастриал-рок субмаданиятининг бир тармоғи сифатида яқинлашиб келаётган техноген қиёмат ва технократия босқини ғояларини тарғиб қилиши билан ажралиб туради.

Арт-субмаданиятлар

Айрим субмаданиятлар мусиқа жанрлари билан алоқадор бўлмасдан, муайян санъат турлари ва хобби(қизиқиш)лар таъсирида вужудга келган. Ўтган асрнинг ўрталарида дунёга келган ролли ҳаракатларга асосланган субмаданият фантастика ва фэнтези таъсирида пайдо бўлган эди.

Япон анимация санъатига бўлган ишқибозлик аниме фэндомини, бу эса, ўз навбатида, отаку субмаданиятини вужудга келтирди. Ушбу субмаданият япон поп-мусиқаси, аниме, дорамо ва косплей (япон сериаллари, мультфильмлар, аниме, видеўйинлар, фильмлар, комикслар, миф ва асотирлар қаҳрамонларига тақлид қилиш) билан характерланади.

Интернет-жамият ва интернет-субмаданиятлари

Ўтган асрнинг 90-йилларида интернет технологияларининг кенг оммалашуви интерактив субмаданиятларнинг вужудга келишига замин яратди. Уларнинг энг биринчиси сифатида фидо-жамиятини айтиш мумкин. Айрим интернет-хакерлари ўзларини айни шу маданиятга мансуб санайдилар.

Индустриал ва спорт субмаданиятлари эса XX асрда шаҳар ҳаётининг тарғиб қилиниши ҳамда ёшлардаги унчалик тараққий этмаган қишлоқ ҳудудларида яшаш истагининг йўқолиб бориши натижасида пайдо бўлди. Уларнинг баъзилари мусиқа фанатлари ичидан чиқиб келган бўлса, айримлари компьютер ўйинлари таъсирида (масалан, «Fallout») мазкур субмаданиятларга аъзо бўлишган. Спорт субмаданиятлари эса асосан футбол фанатларидан ташкил топган.

Субмаданиятлар ичида барча маданиятларга қарши, жиноят олами вакилларидан иборат контрмаданиятлар ҳам мавжуд бўлиб, улар дастлаб мусиқий субмаданият сифатида шаклланиб, кейинчалик радикал кайфиятдаги оқимларни вужудга келтирган. Скинхедлар, антикомунистлар сингари сиёсий жараёнларга қарши чиқувчи субмаданиятлар жамият ҳаётида салбий ўрин тутади.

Саноат ёки урбанизация субмаданиятлари умумий дунёқарашга эга ёшлар гуруҳи  томонидан тузилган бўлиб, уларнинг асосий ғояси инсониятга қарши туриш, кишилар ҳаётининг технологиялашувини қоралашдан иборат. Бу каби субмаданиятлар шаҳар ва инсон ўртасидаги кураш (конфликтлар), шаҳарларни тошли ўрмон тарзида ифодалаш, келажакка оид салбий бўёққа эга қарашлар, қиёматдан кейинги ҳаётни тасвирлайди. Бундай субмаданиятларга руферлар, риведхедлар, кибер-готлар, дарк-киберлар, диггерлар, безориларни киритиш мумкин.

Ижобий ёки салбий?

Кўпчилик субмаданиятлар шахсий эркинлик, туйғулар, уруш ёки зўравонликларга қарши ўзига хос муносабат сифатида майдонга чиққан. Масалан, хиппиларнинг асосий шиори туйғулар эркинлиги, зўравонликка қарши эътирозлар шаклида намоён бўлади. Бироқ риветхед сингари субмаданият вакиллари ички ва ташқи қиёфасидаги тажовузкорлиги билан ажралиб туради.

Уларнинг асосий манзилгоҳлари ташландиқ завод бинолари, вайроналар ва кисасиз манзилгоҳлар саналади. Риветхедлар соғлом фикрли кишилар томонидан салбий маънода қўлланилувчи тушунчаларни инкор этиб, вайронагарчилик, беҳёлик, ўлим ва ғам-қайғудан ижобий туйғулар, гўзаллик излашади. Мазкур субмаданиятни яхшироқ тушуниш учун дадаизм, сюрреализм ва футуризм каби тушунчалар моҳиятини кенгроқ ўрганиб чиқиш зарур.

Риветхедларни кўпроқ технологиялар, уларнинг инсониятни бошқариши қизиқтиради. Уларнинг кўпчилиги киберпанк ва антиутопик йўналишдаги адабиётлар ихлосманди бўлиб, бундай гуруҳ аъзоларида келажакни фақатгина салбий тасаввур қилиш кучли. Либослари эса гуруҳ логотипи, қора чарм куртка ва «бомбер»лардан иборат. Барчасида ноодатий пирсинг ва татиуровкаларни учратиш мумкин. Соч турмаклари эса қадимги ирокез ва дред қабилалари вакилларини эслатади. Пайвандалашда қўлланилувчи кўзойнак, газдан заҳарланишга қарши воситалар (противогаз), респираторлар, турли саноат элементлари, михпарчинлар, компьютер эҳтиёт қисмлари, замонавий электрон қурилмалар ва уларнинг аксессуарлари ҳамда робот-киборг қиёфасини шакллантирувчи бошқа жисмлар билан ўз ташқи қиёфаларини шакллантирадилар.

sanjarsaid.uz сайтидан олинди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.