Самарқандда шубҳали қурилиш амалга оширилмоқда… Ҳукумат қаёққа қараяпти?

Самарқанд шаҳри марказида жойлашган 9-қаватли Университет биноси икки йил ўтар-ўтмас яна янгитдан капитал таъмирланмоқда. Совет Иттифоқи пайтида қурилган бино икки йил олдин давлат бюджетининг 6 млрд сўмлик маблағи ҳисобидан тўлиқ таъмирланган эди. Бу сафар бинони капитал таъмирлаш учун бюджетдан яна 9,9 млрд сўм ажратиш белгиланган. Ачинарлиси, 9,9 млрд сўмлик бюджет маблағнинг батафсил сарфланиши ва қурилишнинг бошқа тафсилотлари буюртмачи — Самарқанд вилоят Капитал қурилиш бошқармаси (УКС) томонидан жамоатчиликдан яширилмоқда.

Икки йил олдин бюджет ҳисобидан капитал таъмирланган бинони яна қайтадан капитал таъмирлаш қонунийми?

Қурилиш талаб ва меъёрлари бўйича бирон бинони капитал таъмирлаш учун етарли асос бўлиши шарт. Бунинг учун биринчи навбатда бино авария ҳолатида бўлиши ва идоралараро қурилиш комиссиясининг расмий нуқсонлар далолатномаси (дефектный акт) расмийлаштирилиши шарт. СамДУнинг бу биноси эса икки йил олдин замонавий дераза ромлар, МДФ эшиклар, алюмин радиаторлар, ламинатли пол ва бошқалар билан тулиқ жиҳозланган эди. Бу эса бинонинг авария ҳолатидалигига асосли равишда шубҳа уйғотмоқда.

Бугунга келиб, бинонинг олд қисми тўла равишда бузилган. Қурилиш майдонида на лойиҳа муддати ва на қурувчи ташкилот тўғрисида маълумот бор.

Қурилиш бўйича Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (НАПУ)нинг ҳам хулосаси йўқ. НАПУнинг хулосасисиз давлат бюджети ҳисобидан қурилиш ишларини олиб бориш қатъиян тақиқланганлигини ҳам алоҳида айтиб ўтиш керак.

Давлат бюджетининг мақсадли сарфланишига ҳар бир фуқаро маъсул ва бюджет маблағларини асоссиз сарфлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шуларни инобатга олиб, бу шубҳали капитал қурилишни қайтадан кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқдир.

Кўрсатиб ўтилган қонун бузилишларига тегишли давлат ташкилотлари ҳамда алоҳида, Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (НАПУ)нинг мунасобат билдиришини жуда ва жуда истаймиз.

Мирзо Субханов

Биринчи изоҳ

  1. Балки бинонинг баъзи кисмларида радиация микдори юкорилиги аникланган булса, албатта зудлик билан вахимасиз бартараф этилиши шарт.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *