Самарқанд шаҳрида икки киши ИИБ томонидан асоссиз калтакланди

Самарқанд марказидаги Регистон майдони олдида фуқаро Ж.Қувватов ва З.Усмоновлар Самарқанд ИИБ ходимлари томонидан асоссиз калтакланганликлари маълум бўлди.

Ҳолат жорий йилнинг 21 апрел куни содир бўлган. Ички ишлар ходимлари кўпчилик одамлар ва хорижий сайёҳлар олдида икки йигитни калтаклашган ва қўлларига кишан солган ҳолда 10-15 киши ўртага олиб таҳқирлашган. Шундан сўнг, фуқароларни 7-сонли шаҳар ички ишлар бўлимига олиб боришган ва яқинлари келгунича ҳеч қандай тушунтиришларсиз ушлаб туришган.

Фуқароларнинг нима сабабдан ИИБ ходимлари томонидан калтакланганликлари номаълум.

Самарқанд ИИБ ходимларининг калтаклашлари натижасида Қувватов ва Усмоновларнинг жағлари лат еган ва юзлари шишиб кетган. Етқазилган тан жароҳатлари тиббий хулосалар билан ҳам тасдиқланган:

 

Воқеанинг ачинарли томони шундаки, беайб фуқароларнинг ИИБ ходимлари томонидан калтакланганликлари ва уларга нисбатан қўрқитиш ва рухий босим ўтқазганлик бўйича шикоят аризалари Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан объектив кўриб чиқилмаган.

Ҳолат юзасидан бир нечта гувоҳлар ҳамда тиббий хулосалар мавжудлигига қарамасдан, Самарқанд шаҳар прокуратураси ИИБ ходимларининг ҳаракатида ҳуқуқбузарлик аломатларини топмаган ва фуқаролар калтаклаганликларини қонуний деб баҳолаган. Бу ҳакда фуқароларга прокуратуранинг 22.05.2018йил №15/219-18 – сонли жавоб хати билан маълум қилинган.

Самарқандда ИИБ ходимларининг фуқароларни калтаклаши ва уларга қўпол муносабатда бўлиши одатий ҳолга айланмаслиги учун ва Ўзбекистон бўйлаб қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида бу вокеага юқорида турувчи тегишли ташкилот ходимлари эътибор қаратишини хоҳлаймиз.

Мақола якунида Самарқанд ИИБ ходимлари калтаклаган фуқаронинг бўлиб ўтган воқеа юзасидан тушунтириш хатларини тўлиқ равишда, таҳрирсиз чоп этамиз:

«Мен, Қувватов Жафар, жорий йил 21 апрел куни кечқурун ўртоқларим билан Регистон майдонидаги 3D томошаларга борган эдим. Томошадан уйга қайтаётган пайтда ўртоқларимдан бири биздан ортда қолиб кетганини кўрдим ва уни баланд овоз билан чақирдим. Буни эшитиб олдимизга бир неча ППХчилар (пост-патрул хизмати) келиб менга жамоат жойида баланд овозда гапириш мумкин эмаслигини айтишди. Мен ортда қолган дўстимни чақираётганимни айтдим ва қўлим билан дўстим томон ишора қилдим. Шунда милисалардан бири қўлимни пастга тушуриб гапиришни талаб қилди ва мендан каерлик эканимни сўради. Мен Ресгистон яқинида туришимни айтдим. Шунда милиса: «Шаҳардан бўлсанг ўзингга» — деб кўкрагимдан ушлаб мени ерга йиқитди ва оёғи билан юзимга бир неча бор урди. Бу ҳолатни видеога туширмоқчи бўлган уртоғим Зафарни ҳам шу заҳотаи кўлларига кишан солиб калтаклай бошлашди.

Бу ҳолатларга мен билан бирга келган ўртоқларим ҳамда Регистонга келган бир канча сайёҳлар ҳам гувоҳ бўлишди.

Калтаклаб бўлгач, милисалар бизни давра қилиб олишди. У ерда тахминан 10-15 милиса бор эди.

Бизни урган милисалардан бири: «Ҳозир сизларни отделениега обориб бўйинларингга бир-икки модда қўйиб 15 суткага қаматворамиз. Отделениега ота-оналаринг келиб панжара ортидан сизларни томоша қилади» — деб бизнинг устимиздан кулишди.  

Бизни 7-сонли шаҳар милиция бўлимига олиб боришди. Бўлимда ҳамма биз билан ёмон муносабатда бўлди. Яқинларимизни телефон қилиб чақирдик ва шундан сўнг ҳеч нарса бўлмагандек бизни қўйиб юборишди».

Мирзо Субханов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *