Рўйхатни бошқатдан ўқинг!

Бугун, сал ўзимга келгандай бўлиб, фожеа қурбонларининг рўйхатини диққат билан ўқиб чиқдим. Ўқидим-у…

Э, воҳ, мана бунга қаранг:

Мадраҳимов Ҳамидуллоҳ Мирзаабдуллоҳ ўғли – 1986 й.т;
Мадраҳимов Ҳабибуллоҳ Мирзаабдуллоҳ ўғли – 1991 й.т…

Мирзаабдуллоҳнинг уйи куйди. Аёлининг вужуди ёнди. Оҳ, булар менинг Россияда ишлаб юрган икки ўғлимнинг тенгдошлари экан! Бу бўй етган ўғлонларнинг жудолигини энди уларнинг ота-онаси кўтара олармикан? Қўш кабутардек учиб кетган икки ўғилнинг ўрнига куйиб, кўмирга айланган икки жасадни қучоқлаган отанинг, онанинг бағри умрларининг охиригача жудолик оташининг тафтидан совурмикан? Мен шу икки ўғлонга аза очдим!

Энди мана бунисини қаранг:
Маърифжонов Адҳамжон Акбар ўғли – 1970 й.т;
Маърифжонов Авазбек Адҳамжон ўғли – 1997 й.т…

Тахминимча, 45 ёшлардаги бир аёл ҳам эридан, ҳам 20 ёшли ўғлидан бир кунда айрилиб, уйи куйди. Жинни бўлиб қолмаса эди…

Аллоҳим ўшаларга сабр бергин! Ўшаларни асрагин! Қўш ўғилдан айрилган ота-онага раҳм қил, сабот бер! Бошидаги қўш посбонидан, боқувчисидан бирданига айрилган шўрпешона Аёлга раҳм қил, уни мен овутолмайман, Сен овут! Унга сабр бер, бардош бер! Қолган умрини фарёд билан ўтказмасин!

Энди мен шу Аёлнинг акасиман, у билан қўшилиб, мотам тутдим! Мен 52 кун мотам тутишга аҳд қилдим!

Олис юртга учган қўша кабутарларим,
Тириклайин ёниб кетган самандарларим,
Укаларим, ўғилларим, жон-жигарларим,
Мен сизларга аза очдим, мен мотам тутдим.

Жисмингиз-ла тўсдингизми “Вой, болам!” дебон,
“Отам қолсин!” дея ўғил бўлдими қалқон?
Чиқмадингиз биронтангиз оловдан омон –
Мен сизларга аза очдим, мен мотам тутдим.

Ёниб кетган эллик икки азамат ўғлон,
Бугун сизга аза тутар юрт – Ўзбекистон.
Сизлар менинг қалбимдаги ўчмас бир армон –
Мен сизларга аза очдим, мен мотам тутдим.

Тўра Мурод

5 комментариев

  1. Men ham azadaman. Kupi 1997-98yil bir bola 1999 yil ekan. Dod deb yiğlab uqidim ruyxatni. Bolasi ulgan ona uzoq yaşamaydi. Yaşagan onaga ham yaşayapti deb uylamang. Uzi biladi allah biladi. Enamni voy bolam degan faryodi quloğimdan ketmay umrum utayapti

  2. Мотам тутгандан кайтиб келса экан хаммамиз тутсак. Хушнудбек деган йигит яхши уйлабди -хисоб раками очиб пул йигиб азадор оилаларга ёрдам бериб .сабр тилашдан бошкасига ярамаймиз.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *