Рўмол ўраган қизимни қаерда ўқитай?!

Қизим Шайхонтоҳур туманидаги 324-мактабда биринчи синфда таълим олади. Аллоҳга шукур, хулқи ёмонлиги тўғрисида ҳеч ким эътироз билдирмаган. Мактабдаги барча фанларни қунт билан ўрганади. Ҳафтасига 30 тадан 50 тагача 5 баҳо олади (ўзим санаб чиқдим).

Биргина “айби” бор. У ҳам бўлса момолари йўлидан юриб, миллий кийимимиз бўлган рўмол ўраши. Шу биргина «айби» учун жорий йилнинг 2 февраль куни мактаб маъмурияти, ИИБ ходими, Ёшлар Иттифоқи етакчиси билан биргаликда мени 5-6 киши ўртага олиб, фарзандимнинг яхши ўқиётгани учун ташаккурнома бериш ўрнига яна ўша эски гап – қизим рўмолини ечишини ва рўмолсиз мактабга боришини талаб қилишди.

Эски гап дейишимнинг сабаби бор. Қизимни биринчи синфга ҳужжат топшириш учун олиб борганимда, мактаб директори бу ерга диний либос бўлган рўмолда келмасин, деб қизимнинг олдида ўшқиргани ҳамон эсимда. Энг ажабланарлиси, аёл киши бўлган бу директор хонимга рўмолни диний либос эмас, балки миллий кийимлигини ҳеч тушунтира олмадим. Унинг фикрича, рўмол ўраб юрган аёллар фоҳишалик қилиб юрган эмиш. Охири мен ҳақимда керакли ташкилотларга хабар беришини айтди. Шу билан бироз бўлса-да бу мавзу ёпилди.

Энди яна мавзуга қайтсам. 2 февраль куни Ёшлар Иттифоқи етакчиси роса жонкуярлик кўрсатдики, ҳатто сўроқсиз мени расмга олиб, нималардир қилишини, қилаётган ишим нотўғрилигини, “қизим рўмол ўраса, қолганлар ҳам шуни талаб қилишини ва бу яхши бўлмаслигини” тушунтирмоқчи бўлди. Аллоҳга шукр, уларнинг уринишлари зое кетди, мендан қатъий ва рад қилиб бўлмас жавобни олишди.

Ёшлар Иттифоқи ходимининг иддаосича, мактабда миллий кийим ҳисобланган рўмол ўраб юриш тақиқланган. У менга “Умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари»нинг 3-боби “Жамоа аъзоларининг одоб-ахлоқига оид қоидалар”нинг 7-бандини кўрсатди. Унда “Жамоа аъзолари умумий ўрта таълим мактабига муассаса Уставида белгиланган кийимда келиши лозим” деб қайд этилган экан.

Аммо бу гап билан ҳаракатларини оқлашнинг иложи йўқ. Конституциямизнинг 15- ва 16-моддаларига биноан Ўзбекистон Республикасининг барча қонунлари ва давлат органларининг бошқа ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида ва унга мувофиқ қабул қилинади. Конституцияга зид бўлган қонунлар ва қонуности ҳужжатлари (шу жумладан идоравий ҳужжатлар) юридик кучга эга бўлмайди. Аниқроқ айтганда, конституциявий қоидаларга, қонун нормаларига зид идоравий ҳужжатлар (буйруқлар, йўриқномалар, низом ва бошқалар)ни қабул қилиш қонунийликни бузишга киради. Шу сабабли барча давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти Конституцияга мувофиқ бўлиши лозим. Барча мансабдор шахслар, уларнинг даражаси ва мавқеидан қатъи назар, Конституция принциплари ва нормаларини бузганлик учун жавобгар бўладилар” (А.А.Азизхўжаев. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига шарҳ. 70-бет. «Ўзбекистон» НМИУ, 2008).

Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонуннинг еттинчи моддасига асосан “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар бир бирига тўғри келмаган ҳолларда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади”.

Хўп, шундай экан менинг Халқ таълими вазирлигига саволим бор. Нима учун вазирликнинг улар кўрсатган “Умумий ўрта таълим мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларининг одоб – ахлоқ қоидалари” 3-боб 7-банди Конституция ва норматив ҳуқуқий меъёрларга зид келмоқда? Президентимиз ҳам бир чиқишларида “Ўз болангни ўзинг асра” деяпти. Ҳозирги вақтда мактаб ва коллеж ўқувчилари ўртасида жиноятлар содир бўлаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди-ку? Ёки қизимнинг рўмол ўраши унинг таълим олишига халақит қиладими? Бағрикенглик қилайлик деб бонг ураётганларга саволим бор. Менинг қизимга ҳам бағрикенглик қилинглар ахир!?

Қизимнинг ўқитувчилари “Илтимос бизни тўғри тушунинг, биз ҳам нима қилишни билмай турибмиз, кўпчилик шу буйруқларни кўр-кўрона бажаряпти ва биздан ҳам талаб қилишяпти” деб, менга уялганларини изҳор қилди. Уларнинг ҳолатини ҳам тушунаман, албатта.

Лекин мактаб раҳбариятининг ноҳақ эканликларини тўлиқ далиллар билан исботладим. Улар ҳеч қандай далилни менга кўрсата олишмади. Шунчаки қуруқ гап ва талаб билан чегараланишди.

Аммо у талаб менга кор қилмаслигини англаб етгач, ҳеч бўлмаса оқ рўмол ўрашини ва ҳеч бўлмаса ёқаси кўриниб туришини мендан илтимос қилишди.

Мени бир савол қийнайди. Рўмолга нисбатан бундай адоват қаердан пайдо бўлди? Наҳот ўзлигимизни шунчалар унутган бўлсак? Ана сизга исломофобия руҳида олинган киноларнинг таъсири. Рўмолни ёмонотлиқ қилиб кўрсатган ҳам ўша исломофобия руҳидаги кинолар бўлди. Қаерда рўмол ўраган аёл бўлса террорчи бўлди. Мана унинг оқибатлари. Момоларимиз кийган кийим энди террорчининг кийими бўлиб қолдими? Афсусдаман…

Шу ўринда Хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилмоқчиман. Бундай муаммо фақат менинг қизимда эмас деб ўйлайман. Қани бу ерда Хотин-қизлар қўмитасининг роли? Хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилмайдими?

Мен шу юрт фуқароси ва ота сифатида Халқ таълими вазирилигидан қонунга зид тарзда ишлаб чиқилган ўқувчиларнинг одоб-ахлоқ нормаларини қайтадан ишлаб чиқишини сўрайман.

Сўнгги сўз ўрнида бир нарсани айтишим керак. Ҳой депутатлар, халқ вакиллари, бошимизни қай деворга урайлик? Нима қилайлик, айтинг? Қонун ҳимояси учун, оддий фуқароларнинг дарди учун ким курашади? Фақат ўзимизми? Қачонгача…

Далер ЗИКИРОВ

azon.uz

5 комментариев

  1. Ёшлар иттифоқи деган халқнинг лаънатига қолаётган ташкилотни тарқатиб юбориш керак! Қаёқдаги шалтоқилар йиғилиб олган ташкилот эканини минг марталаб намойиш этишаябди лекин ҳукуматгаям шунақалар керак шекилли. Президентимизни кўтарилган мавзудан хабари бўлса керак лекин муслима опа сингилларимни рўмолига осилма,деб айтолмаябди.Аллоҳ ўша шармандаларни икки дунёдаям хор қилсин,юзини,сир пардаларини очиб ташласин

  2. Yahshi masala kotarilibti lekin hozir hamma Kurtlar vodiysi bn Rayhon uzbekcha gapirishini hal qilyapti. Televizorda ham artistlardan boshqasi yoq.Vali bachkana Rayhon otarchi lik lik lak lak. Tadbirkorlar exporterlar bisness goyalar ?

  3. Azizlar! Masalaga bunday qo‘pol ravishda yondashish holatlari har hil g‘alayon larni keltirib chiqarishi mumkin. Shukur qilaylikki hozirgi O‘zbekistonimizda har tamonlama o’ylangan katta idlohotlar amalga oshmoqda.

    Biz yetti uhlab tushimizga kirmagan «Quron Musobaqalari» «Maschid» larimizning ochilish marosimlariga Hattoki Hokimlarning kelishi, Bemalol Diniy talim olishning yo’lga qo‘shilishlari…. Bu kabi misollar ko’p agar sanab o’tsam.

    Aziz yurtdoshlar sizlardan iltimos Noshukur Bo’lmaylik. Va bo’layotgan bunday ijobiy o’zgarishlarda Prezidentimizga minnatdorlik bildiraylik va qo’llab quvvatlaylik.

    1. Тушунмадим, сизи ёзганларизи румол ураш урамасликка нима алокаси бор? Маколада 25 йилдан бери энг долзарб булган мавзу аёлларимизни химоя килишимиз лозимми ёки йукми деган конкрет савол куйиляпти! Сиз булса, шукур килайлик унде килайлик бундай килайлик деб аравани курук обкочяпсиз. Шцу масалага сизни аник фикриз кандай? румол ураб мактабга борса киргизмаслиги тугрими ёки нотугрими? Мана шу оддий саволга Куръон мусобакаси-ю унга келган хокимларни калаштириб атала хамир килиб юборибсиз. Дилингизни огритган булсам узр. Лекин 25 йилдан бери мусулмонларни кийнаб келаётган муаммога бундай бефаросат ёндашувни куриб хар кандай одам тутакиб кетади! Сизнинг мужмал фикрингизча, агар ман мисол кизимни мактабга румол уратиб жунатсам демак мен галаёнга сабабчи буламан шундайми? балким мен келажакда кизимни хар хил ёмон йулларга киришидан ва ёмон кузлардан химоя килиш учун шу ишга кул ураётгандирман? Очик сочик калта юбка кийиб мактабга бориб йигитларни хирсини уйготиб кимларгадир маъшука булиб худо курсатмасин ёш кунгил хирсни жиловлай олмай гунох ишларни килиб куяётганлардан сизга нечталаб мисол келтирай? Уша очик сочик юрган кизни икки йигит севиб колиб бир бирларини улдиришгача боришларидан хабардор булганмисиз? Уша очик сочик юриши туафйли йигити билан севишиб ахдлашиб, кизни ота онасини бермаса узини бир нималар килган ёки кизни шаънини булгаган ёки ота оналарини буйинларини бир умрга эгиб киз иккиси бирор жойга кочиб кетган вокеалардан нечта мисол келтирай сизга? Уша очик сочиклар туфайли йигитларни хаёли булиниб укишга эмас хар хил ярамас киноларга кунгил куйиб келажакларига уз куллари билан болта ураётган йигитлардан нечтаси керак сизга? буларчи булар одамлар уртасида сиз айтган ГАЛАЁННИ келтириб чикармайдими?! Бир томонда Куръондан мусобака килиб иккинчи томондан кайси каналага олсез улдим кетдим ярим ялангоч артистларни куриб томоша килиб огзидан суви келиб вояга етаёган ёшларимизга кайси бирини таъсири кучлирок? Араб тилида укилган Куръони каримдан бирор сузни тушунмай буйнини эгиб эшитиб беш дакикадан сунг сериалга югурган ёшларга бундай мусобакани кандай таъсири булиши мумкин? Куръони каримни тафсирини таржимасини айтиб гапирадигонлар нима учун Сокл ва румол хакида мик этмайдилар?! Нима учун имомларимиз румол ураганларни бирор марта химояисига бир огиз суз айтишга ярамайдилар?! Нима энди машхур имомизни отинча оналаримизни мухокама килишдан телевизорга чикиб уларни шаънига ёмон сузлардан айтишдан бошка ишлари йукми? Качон АРОСАТликдан кутуламиз? Ёшларимизни мана шу аросат гоялар орасида ковурилаётганларига качонгача бефарк буламиз?!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *