«Рўмолингни еч!» билан «иштонингни еч!»нинг ўртасида қандай фарқ бор эди?

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири худди шундай савол берибди. Албатта, бир қарашда жуда ҳам оддий савол. Лекин шу биргина савол ҳозирги аҳволимизга кўзгу тутиб бергандек гўё. Аслида мусулмон одам учун бу саволлар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Аммо ким учундир ор-номус масаласи рўмолдан, ким учундир иштондан бошланадиган кўринади.

Мен қуйида Самарқанд воқеасининг айбдорлари, берилиши зарур бўлган жазо ва ҳоказолар ҳақида айтиб ўтиришни маъқул топмадим. Сабаби, бундай акс-садо берувчи воқеа-ҳодисалар жазосиз қолмаслигига ишонаман. Айниқса ҳозирги доруломон замонда юзи кўринмаган видео қаҳрамони намойишкорона жазоланса ҳам, телевидениега олиб чиқиб сазойи қилинса ҳам ҳайрон бўлмайман.

Жиноят содир этилди ва у албатта жазоланажак. Лекин ҳозир эътиборимни энг кўп тортаётган нарса бу – фуқароларнинг воқеага билдираётган муносабати ва ундан олиш мумкин бўлган хулосалар.

Видеолавҳани кўриб фиғони фалакка чиқаётган юртдошларимизни кузатар экансиз, бир тарафдан қувонасиз – ахир бу мавзуда ҳамма бир елкадан бош чиқарди. Камдан-кам учрайдиган ҳолат, шундай эмасми? Чунки бу ерда гап фақат қонубузарлик ҳақида эмас, балки аёл кишининг, бир аёл тимсолида бутун миллатнинг ор-номуси ҳақида кетяпти. “Восток – дело тонькое” деганларидек, биз учун қонунларда ёзилмаган номус масаласи жуда ҳам муҳимлиги ҳеч бир ўзбек хонадони учун сир эмас.

Бироқ одамлар орасидаги икки хил стандард ҳар қандай зийрак одамни махзун қилмай қолмаса керак. Ўзингиз айтинг, ҳақиқатан, иштонни мажбурлаб ечтираётган милиция ходими билан ҳижоб(рўмолнинг бўйин қисми тўсиб ўраладиган кўриниши)ни мажбурлаб ечтираётган мактаб директори ўртасида қандай фарқ бор? Ваҳоланки, ҳижоби ечилган ҳам шу юртнинг фарзанди, иштони ечилган ҳам. Иккиси ҳам тўлақонли ҳуқуқларга эга бўлган фуқаролар. Иккиси ҳам аёл, иккиси ҳам она, иккиси ҳам шу миллатнинг ор-номуси.

Аммо негадир «ҳижобим — номусим» дегувчи ожизаларнинг бошига ёпишган қўл албатта «адолат» қўлидир!

Эмишки, «биласизми, ҳижобнинг ичида нималар қилиб юришибди?». Ийяя, кечириб қўйсинлар. Мен ҳам ҳижобсиз нелар қилиб юрганлардан мисол келтирай унда?! Мантиқсизликнинг энг тубан кўриниши қайси десалар, бехижолат шу қўштирноқ ичидаги саволни ўқиб беринг.

Воқеалар ривожидаги энг қизиқ нуқталардан бири бошқа бир милиция ходими берган интервью. Ватанимиз посбони айтмишлар: «Битта милиция ходимининг иши учун ҳамма милиция ходимларини айблаш тўғри эмас!» Тўппа-тўғри, милициячи ака. Нуқтасига урдингиз. Биргина ходимнинг иши учун ҳаммани ёмонотлиқ қилиш соғлом ақл тақозо қилувчи ҳақиқат эмас.

Амммоооо… Нега битта ҳижоблик аёлнинг қилиғи учун ҳамма ўранган аёлларнинг ҳижобига осиламизу, лекин битта милициячи акамизнинг иши учун ҳамма милициячилардан уст-кийимини ечиб олмаймиз? Жавоб оддий. Чунки, сизнинг гапингиз рост! Ҳамма бир киши учун жавобгар эмас.

Азиз юртдошим, шу ўринда юзингизга аччиқ бир ҳақиқатни айтсам, кўнглингизга оғир ботмайдими? Кимки, хоҳ мутасадди бўлсин, хоҳ оддий фуқаро, ҳижобга осилиб, у аёлдан «эскилик сарқитини» ташлашни, «дунёвий-замонавий» кийиниб юришни талаб қилган бўлса, сиз у тараф бўлдингиз! Ожизаларнинг «ҳижобим — номусим» дейишига қарамадингиз. Ўзингизга ўхшаб кийинмагани учун маломат тошини ёғдирдингиз, кўз ёшларига сабаб бўлдингиз, унинг қонуний ҳуқуқлари ҳақида эсламадингиз, аксинча ёзилмаган қонунлар ортига беркиндингиз ва энг ачинарлиси у бечора аёлларнинг камчилик эканидан фойдаланиб, кўпчилик сафида эканингизни суиистеъмол қилдингиз.

Энди эса худди шу ишнинг бошқача кўринишини қилган милиция ходимини номуссизликда айбламоқдасиз. Қойил қолмадим. Ҳамманинг ўз «номус» тушунчаси бор экан, бўлаётган воқеалардан буни яхши тушуниб олдик, лекин менга инсоф билан айтингчи, ўз ориятини ҳижоб тимсолида кўрувчи муслималарнинг ана шу видеолавҳадаги аёлчалик қадри йўқми? Бу саволни виждонингизга бериб кўринг.

Хулласи калом, менинг саволларим тугамайди. Баъзи «ҳушёрлар» мени ниманидир тарғиб қилаётганликда айблашга шошилмасинлар. Бу фикрларим мендек мустақиллик фарзанди кўча-кўйда ҳаргиз кўриб улғайган «огоҳлик – давр талаби

» шиорининг маҳсули, холос. Сизнинг қизингиз, синглингиз ёхуд онангиз эл қатори умргузаронлик қилиб юрган қувончли паллада юртимизнинг қайсидир бурчакларида аёллар мана шундай кўйларга солинаётир. Огоҳ бўлинг.

Ҳурмат билан,
Мустақил демократик Ўзбекистонда бошидаги икки парча рўмоли учун кўп ноҳақликлар кўрган ожизанинг акаси.

Жавоҳир Иззатуллаев

3 комментария

  1. мақоладаги мактаб директорини ўқиб беихтиёр Тошкент шахри Алмазор тумани 298-мактаб директори Тошхўжаева Наргиза кимса хаёлимга келди , У хам хижобли ўқитувчи аёлларни ва айниқса ўқувчи қизларимизни бошидаги рўмолига хужум қилиб , шайтонга малайли қилишдан иш бошлади , аввал бошқа мактабда директор бўлиб ишлаган экан у мактабда хам асосий иши хижобдагилар билан курашиш бўлган экан эштидик . каникул тугаб ўқиш бошланса , зора шу каби мақолалардан ўзига хулоса чиқариб , шайтонга эмас Оллоҳга қўллик қилиб иш бошласа,,,

  2. Юртимизда инсонларни хокимлар, милициялар ва бошқа амалдорлар тарафидан тинмай тахқирланишига биринчи ўринда сенаторларни, иккинчи ўринда прокуратурани учинчи ўринда вазирлар ва уларнинг ўринбосарларини айбдор деб хисоблашимиз керак. Исботлайман: Халқ вакили бўлган сенатор ва депутатлар фақат ўзини тинчлиги билан манфаатини ўйлаб иш юритишади. Прокуратура мансабдор шахсларнинг хақоратли мажлисларида бевосита иштирок этиб, бепарволик қилишади. Вазир ва уларнинг ўринбосарлари эса селектор мажлисларида хокимларга топширик бераётиб; «Нима қилиб бўлса хам бажаришасан хамма имкониятингни ишга солишасан, мен бахонангларни билмайман» деб зулмга йўл очиб беришади. Албатта хокимлар бундай топширикдан сўнг жуда қутуриб кетишади. УНДАН ХАМ ДАХШАТЛИСИ, БИЗ ДўСТИМИЗНИ, ХАМКАСБИМИЗНИ, ҚАРИНДОШИМИЗНИ, ҚУШНИМИЗНИ ШАЪНИНИ ХИМОЯ ҚИЛИШГА АСЛО ҚУШИЛМАЙМИЗ. МАНА ШУ БИЗНИНГ ОФАТИМИЗ!

  3. мақоладаги мактаб директорини ўқиб беихтиёр Тошкент шахри Алмазор тумани 298-мактаб директори Тошхўжаева Наргиза исмли кимса хаёлимга келди , У хам хижобли ўқитувчи аёлларни ва айниқса ўқувчи қизларимизни бошидаги рўмолига хужум қилиб , шайтонга малайли қилишдан иш бошлади , аввал бошқа мактабда директор бўлиб ишлаган экан у мактабда хам асосий иши хижобдагилар билан курашиш бўлган экан эштидик . каникул тугаб ўқиш бошланса , зора шу каби мақолалардан ўзига хулоса чиқариб , шайтонга эмас Оллоҳга қўллик қилиб иш бошласа,,,

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *