Роддомда нима гаплар?Самарқанд вилоят перенотал маркази (собиқ 4-роддом)да бўлаётган қинғирликлар ҳақида биласизми?

Бу перенотал марказга 2014 йилдан бошлаб Жуманов Бахтиёр Абдураззоқович бош врач қилиб тайинланди. Ўшандан бери марказда порахўрлик, ходимлар иш ҳақига кўз олайтириш, уларнинг номига мукофот пулларини ёзиб, ўзлаштириш, бу шартларга кўнмаган врач ва ҳамшираларни ноқонуний ишдан бўшатиш каби ҳолатлар кундалик ишга айланиб қолди.
Бош врач Жуманов ҳисобчилар билан тил бириктириб, ходимларга бериладиган мукофот пуллари миқдорини қўли билан бекитиб, бу пулни олгани тўғрисида имзо қўйдириб олади. Аммо бу мукофот пуллари ҳеч қачон ҳеч кимга берилмайди. Бунга кўнмаган ходим бирор баҳона билан ишдан четлатилади.
Бундан ташқари тунги навбатчиликларга пул тўламаслик мақсадида бош врач Жуманов врач ва ҳамшираларга “Тунги навбатчиликда ҳақ олмасдан ишлашга розиман”, деган тилхатларни ёздириб олган. Аммо тунги навбатчиликлар учун қўшимча ҳақ ёзилади ва бу пуллар қаерга кетишини бош врач ҳамда ҳисобчилардан ташқари ҳеч ким билмайди.
Ҳақини талаб қилган врач ёки ҳамшираларни бош врач Жуманов ОДАМ ЁЛЛАБ ҳақорат қилдириб, урдириб, таҳдид ва тажовуз қилдирмоқда. Масалан, ўз маошини тўлиқ талаб қилган гинеколог врач Обиджон Темировни бош врачнинг таниши бўлган, Пастдарғом туманида яшовчи Эшонқул исмли шахс 2018 йил 2-май куни перенотал марказга бемалол кириб келиб, врачни алоҳида хонага олиб кириб, “Мен Жумановнинг одамиман, унга қарши чиқаяпсан экан, қадамингни билиб бос, оилангни, фарзандларингини ўйла, шу бебошлигинг давом этса, ўзингга ёмон бўлади”, деб пўписа қилди. Аммо врач қатъийлик билан ўз ҳақини талаб қилишда давом этгач, 3-июль куни яна марказга кириб келиб, бош ҳисобчининг хонасига бошлаб келган врач Темировни аямай дўппослади.
Марказдан қочиб чиққан Темиров ички ишлар ходимларини ёрдамга чақирди. Улар врачдан тушунтириш хатини ёздириб олиб, дарҳол тиббий экспертизага юборишди. Экспертиза хулосасида врач Темировнинг кўкрак қафаси қисмида ўтмас, қаттиқ жисмлар таъсирида етказилган шилинмалар борлиги, унга енгил тан жароҳати етказилганлиги қайд қилиган.
Врач Темиров тушдан кейин яна ўз иш жойига қайтиб, фаолиятини давом эттирган. Аммо кўп ўтмай, тахминан соат 15.00 ларда Эшонқул деган шахснинг қизи Эъзоза деган аёл Темиров ишлайдиган бўлимга бостириб кириб, “Сенми отамни шантаж қиладиган”, дея қўлидаги темир жисм билан ура кетди ва врачнинг ўнг кўзига жиддий жароҳат етказди. Қонига ботган Темиров яна ички ишларга шикоят қилди ва яна тиббий экспертизага юборилди.
Тиббий экспертиза бу сафар врач Темировнинг кўзига оғир жароҳат етказилганини қайд қилди ва врачнинг жароҳати вилоят кўз касалликлари шифохонасида даволаниб, уч жойидан тикилди.
Врач Темиров бўлиб ўтган ишлар юзасидан вилоят прокуратурасига мурожаат қилди.
Аммо вилоят перенотал марказида порахўрлик, ходимлар ҳақини жиғилдонга уриш, кўзбўямачилик ишлари ҳамон авжида давом этаяпти.
Перенотал марказни ўз мулки қилиб олган бош врач Жуманов шифохона ҳудудидан қонунга хилоф равишда шахсий ошхоналар ва савдо дўконларини очиб олган. Энг қизиғи, шифохона ҳудудида ҳеч ақлга сиғмайдиган иш – фотосалон очиб қўйган.
Перенотал маркази бош врачи Бахтиёр Жумановнинг мушугини пишт дейдиган одам Самарқандда топилармикан?

Номи сир сақланишини сўраган перенотал маркази ходими

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *