Ривожиддин АБДУМАЛИКОВ: “Тўрт йилдан сўнг, мендек яроқсиз кадр бўлиб чиқишингизни истамайман!..”

Сессия деса бундан беш йил олдинги “Қўлтиғимдан тушган тарвуз” ёдимга тушади. Ўшанда роса алам қилганди. “Тушган тарвуз” га афсуслангандим. Мен учун ўша 1 сессия билан биргаликда олдинда кутиб турган яна 7 та сессия ҳам ёпилганди. Ёпиб ташлагандим бирваракайига. Мен ўша пайтда деканнинг хонасидан “Ҳали ҳаммаси олдинда”, деб эмас, балки: “Сессиянггаям, ўқишинггаям, бешга қўйган лимитинггаям…”, деб чиққан эдим. Лекин биринчи сессиядан тегишли сабоқ чиқарганман. Ўша сессия мени кейинчалик ҳар бир сессияда такрорланадиган асаббузарлигу сиқилишлардан, ортиқча ҳаражатлардан (бу – энг муҳими) ва яна кимларгадир бош эгишу тур хил кўринишдаги илтимосномалардан қутқариб қолди.

Ҳа, демак: “Шундан кейин янада кучли ўқигандурсан?”, дейсиз-да… Йўқ ундай эмас – мен бургага аччиқ қилиб… Индаллоси, ана шундан кейин ўзимга ўзим сўз бердим: минбаъд ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган беш ёки тўрт баҳо учун ўқимай қўйдим.

Хўш, натижа нима бўлди, деярсиз?..

Ҳаммаси оддий. Адашмасам, битта ёки иккита фандан – «4», қолган ҳамма фанлардан семизгина – «3». Тан олиб айтишим керакки, орада сессиядан ўтолмай йиқилган пайтларим ҳам бўлган. Йиқилишим ҳам табиий эди, чунки ўзига ўзи сўз берган талаба бир-бирига боғлиқ бўлмаган ўнлаб фанларни қандай қилиб бирданига ўзлаштира олсин? Бир “Жиноят ҳуқуқи” кирса, бир “Маънавият асослари”, бирида “Экология” бўлса, кейинги сафар “Тиббий тайёрлов”дан оппоқ ҳалатли опа келиб: “Ўтган сафар қандай мавзуда дарс ўтгандик?”, деб туради.

Ўзингиз холис айтинг, сиз ҳам бу фанларнинг барчасидан ростмана “4” ёки “5” баҳога ўқий олармидингиз? Ана кўрдингизми, сиз ҳам ўйланиб қолдингиз, бироз бўлсада ҳайратландингиз, айримларингиз эса “Бу қанақа жиннилик?”, дея кулиб юборган бўлсангиз ҳам ажабланмайман. Хулласи калом, беш йил олдинги сессиядан кейин қип-қизил “иккичи” талабага айландим қолдим.

Бу орада айримларнинг: “Сессияни уч баҳога ёпгани уялмайсанми?”, деган маломатларини эшитишга мажбур бўлдим. Уларнинг маломатларига ғинг демасдан, сен хақсан, дейишимга тўғри келди. Ростдан ҳам “3” баҳога ўқиш уят, лекин бунинг сабабини юқорида тушунтириб ўтдим. Мен ҳамма фанларни “4” баҳога лойиқ ўқишнинг уддасидан чиқа олмадим. Бунга салоҳиятим етмасди. Баъзида хориж университетларидаги дарслар, уларда фақат мутахассислик фанлари ўқитилиши, ортиқча фанлар йўқлиги ҳақидаги гапларни эшитиб, ҳавас қилардим…

Ора-орада бизда ҳам жуда кўп фанлар ортиқча, нима керак менга “Экология”, нима учун “Тиббий тайёрлов”ни ўрганишим керак, ахир шифокорлар етарли-ку, фавқулодда вазиятларда нима қилиш кераклиги ҳақидаги билимлар ҳам ортиқча, чунки бизда, айтайлик,  Япониядаги каби ўта даҳшатли табиий офатлар содир бўлмайдику, дея унсиз исён қилиб қўярдим.

4 йил давомида ҳисоблаб кўрсам 50 дан ортиқ фанни ўзлаштирибман. Уларнинг айримлари бир сместргина (ҳаттоки ярим семестрлик дарслар ҳам бўлганди, адашмасам) ўтилганини инобатга олиб фикр билдирсам, жуда кўп курсдошларимиз университетни “чала мулла” бўлиб битирибмиз. Фанларнинг кўплигидан, на асосий мутахассислик фанларини, на қўшимча фанларни нисбатан тўлиқ ўзлаштира олдик. Бунинг сабаби – сессия эди. Курсдошларим сессия ва ундаги баҳога қараб белгиланадиган стипендияни иложи борича кўпроқ олишга умид қилиб қўшимча фанларни ҳам ўзлаштиришга ҳаракат қилардилар. Натижада ўтилган фанларнинг ҳеч бирини айтарли яхши ўзлаштира олмай сессияда бор “ҳунар”ни ишга солардилар. Мени эса, юқорида айтганимдек, парвойим фалак…

Йўқ, талабаларга белгиланган ортиқча фанлар кўп, у фанларни олиб ташлаш керак, деб Олий таълим вазирлигини танқид қилиш фикридан йироқман. Фаннинг, билимнинг ортиқчаси бўлмайди. Лекин, талабаларнинг ўзлаштириш салоҳиятини ҳам инобатга олиш керак-да. Бинобарин, бу – аслида энг муҳими. Ўнта фанни ўртача билгандан кўра битта фанни зўр билса, шу яхши эмасми?! Ахир, ҳеч бўлмаса, битта фаннинг устаси бўлади-ку, а?!

Ана, мавзудан ҳам четга чиқиб кетдим. Аслида мен ўзимни қай тарзда ўқиганимни ҳикоя қилмоқчи эдим…

Шундай қилиб, бир амаллаб ўқимасдан ўқишни ҳам битириб, дипломли бўлганман. Шунга қарамай, ҳозир менинг олий малумотли, зиёли деган номим бор. Айтганча, нега буларни ёздинг ўзи, дейсизми? Йўқ, йўқ, яна бир-бор такрорлайман, мен буларни, сиз ўйлаганингиздек, таълим тизимизни танқид қилиш учун ёзмадим, асло. Бундайин бетайин фикр миянгизда бўлса, уни дарҳол чиқариб ташланг. Мендек “иккичи”, университетни зўрға битирган, қўшимча фанлар тугул, ўзининг мутаҳасислик фанларини ҳам билмайдиган талабага танқидни ким қўйибди?..

Мен буларни умрида биринчи марта талаба бўлиш остонасида турган укаларим ёки сингилларим учун ёздим. Уларга “Қўлтиқдаги тарвузи” га эҳтиёт бўлишлари ҳақида айтиб қўймоқчиман, холос.

Ҳурматли ука-сингиллар ёки опа-акалар, сессиядан эҳтиёт бўлинг, менинг ҳолимга тушиб қолманг. Бургага аччиқ қилиб сизлар ҳам кўрпангизни ёқиб юборманг. Бунинг бадали қиммат бўлар экан. Агар кўрпани ёқишга журат қилгудек бўлсангиз, 4 йил давомида худди мендек арзимаган учлик стипендияни олиб, ўқияпманку дея бехуда вақтингизни сарфлаб юраверасиз. Жуда бўлмаса, қўшимча (кераксиз дея олмадим) фанларни бир четга улоқтириб, мутахассислик фанларинигина қаттиқ ўқинг! Баҳонинг бетига қарамай ўқинг! Бу ҳолда фақат юқорида айтганимдек, стипендиянинг тоши енгил бўлади. Мақсадингиз яхши билим олиб, сифатли кадр бўлиш бўлса, наилож нимадандир воз кечишингизга тўғри келади. Тўрт йилдан сўнг сиз ҳам мендек яроқсиз кадр бўлиб чиқишингизни истамас эдим! Келажакда сизни кутиб турган тўрт йилликда омад ва тоғдек сабр тилайман. Унутманг – билим олиш осон эмас!

7 комментариев

  1. Экология ва тиббиёт факат сизгамас хаммага кк. Бу фанларни бахо учунмас узимизни якинларимизни хаётини саклаб колишимиз учун, атроф мухитимизни келажак авлодга тоза озода етказиш ун кк. Сизга ухшаган иккичи иш ёкмас талабалар эртага тегишли кадир чикканда хам инсонларнинг соглигини инобатга олмасдан ёки табиатдаги мувозанатни хисобга олмасдан канчадан канча экологик фожияларга сабаб булмокда. Умуман таълим сохасига алокангиз булмаса акиллилик килманг…

  2. Talabaning o’ziga juda ko’p narsa bog’liq. Menimcha, har qanday holatda ham insonning orzulari va maqsadlari tos’iqlardan sakrab o’tishiga yordam bera oladi.

  3. Maqoladagi barcha fikrlar bir yoqlama va o’ta pessimizm ruhida yozilgan. Odam ham shunchalik tez yengiluvchan va maqsaddan oson voz kechuvchan bo’ladimi? Fanlarni o’zlashtirishga salohiyatingiz bolmasa universitetga kitish ham shunga yarasha bolgan ekanda, a labbay?! Bunaqa bema’ni maqolalar bilan yoshlarning ongini zaharlashdan tiyiling, vaqtingizni va kuchingizni boshqa narsalarga sarflang. Odam harakat qilsa universitetdagi barcha fanlarni bemalol o’zlashtira oladi. Faqat sizga o’xshagan dangasa, aybni birovdan qidiradigan talabalar podani buzadi.

  4. Baxtiyor Sheraliyev:
    Maqoladagi barcha fikrlar bir yoqlama va o’ta pessimizm ruhida yozilgan. Odam ham shunchalik tez yengiluvchan va maqsaddan oson voz kechuvchan bo’ladimi? Fanlarni o’zlashtirishga salohiyatingiz bolmasa universitetga kitish ham shunga yarasha bolgan ekanda, a labbay?! Bunaqa bema’ni maqolalar bilan yoshlarning ongini zaharlashdan tiyiling, vaqtingizni va kuchingizni boshqa narsalarga sarflang. Odam harakat qilsa universitetdagi barcha fanlarni bemalol o’zlashtira oladi. Faqat sizga o’xshagan dangasa, aybni birovdan qidiradigan talabalar podani buzadi.
    Deb yozibsiz. Baxtiyor o’zi siz talaba bo’lganmisiz. Masalan siz tatuda o’qiyapsiz sizga pedagogika niamaga kerak siz dasturchisiz? Siyosatshunoslik nimaga kerak siz dasturchisiz? Hayot va uning faoliyati nimaga kerak siz dasturchisiz? Javob bormi asosli? Har qanday loyiha ustida ish boshlaganda u har taraflama o’rganiladi shuni hisobga olish kerak talabani chalasavod va ko’rsavod qilmasdan o’z mutaxassisligi bo’yicha darslarni ko’paytirish kerak? Bu meni fikrim.

  5. Хамма фан керак, экология хам маънавият хам бокаси хам.
    Аммо битта таклиф бор: ижтимоий жихатдан мухимлигига карап номутахассис предмедлардан имтихон олмасдан шунчаки билим куникма пайдо килиш максадида дарс утилса. Имтихон булмаса. Талабалардан факат дарсга катнашиш талаб килинса.
    Чет эл тажрибаларидан келиб чикиб айтаяпман буни.

  6. Мақола муаллифи жуда тўғри ва айни долзарб масалани кўтарган. Мақолага фикр билдиришдан олдин Ўзбекистондаги ҳозирги ботқоққа ботган таълим тизими билан, нафақат олий таълим, умуман, таълимнинг барча босқичлари билан яқиндан таниш бўлиш керак. Бизда таълим шундай абгор, фалокатли аҳволга тушганки, уни ичига кирганлар тушунади. Агар бу таълим тизимини, давлат стандартини таг-тубидан тузатилмаса, совет давридан қолиб кетган сарқит тушунчалардан тозаланмаса, билингки, Ўзбекистон ҳали-бери ривожланган давлатга АЙЛАНОЛМАЙДИ! Буни шу таълимда қарийб 25 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. Бир неча хориж мамлакатларида шахсан бўлиб, қиёслаб аниқ билганимга асосланиб айтяпман. Бу ерда юртимиздаги таълимнинг камчиликлари нималар эканини санаб бўлмайди. Бу катта бир диссертция мавзуси. Лекин шундай бўлсада, минглаб мисоллардан биттаси билан чекланаман: шу йил Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буйруғига кўра, ҳафталик дарс юкламаси 30 соат бўлиши керак. Ўқитиладиган фанлар сони ўртача 12-15 та (Хорижда ҳам, ўзимиздаги хорижий унив. филиаллларида ҳам 5-6 тадан кўп эмас, энг кўпи 8 тага рухсат). Бу фанларнинг асосий қисми бир семестрлик. Бир семестрда 18 ҳафта бор. Бу ҳолатда 12 та фанни ҳафтасига бир мартадан ортиқ сиғдириш деярли имконсиз. 18 та дарсдан тахминан ярми маъруза, ярми амалиёт. Бир фанни ўзлаштириш учун 9 марта ўқитувчи дарс ўтади. Энди шу ҳолатни 4 йил тасаввур қилиб кўринг. ҳар семестрда янги-янги, бир-бирига боғланмаган, кўпчилиги эски маълумотларда иборат, ҳаётда деярли ишламайдиган фанлар билан мутахассис бўлиш мумкинми?? Мумкин эмас. Бу фақат битта мисол. Таълимга масъул мутасаддиларга мурожаатим, агар халқ олдида, келажак олдида жавобгарлик сизнинг бўйнингизда, бу фалокатдан халқни тезроқ қутқариш чорасини кўринглар!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.