Рекорчи ош ортидаги бекорчи гаплар

Кўз тегмасин, юртимизнинг бирор ҳафтаси шов шувларсиз ўтмаяпти. Минг шукрки, янгиликларнинг аксарияти позитив, яъни бошқа давлатларнинг хабарлари каби довул, зилзила ва урушлар билан боғлиқ эмас. Ўтган ҳафта ватанимиз гигант қозонда тайёрланган палов билан ҳам дунё эътиборига тушди.

Ош тайёрланди, рекорд ўрнатилди, таом тарқатилди, байрам, фестивал жуда чиройли ўтди. Аммо якунига етар-етмас шундай байрамдан ҳам қора бўёқ қидирганлар топилди. Эмишки ўзбек ош деса ўзини томдан ташлармиш, рекорд ош қилганини уялмай дунёга кўз-кўз қилганмиш, унинг ўрнига фойдалироқ иш билан шуғулланса дуруст бўлармиш. Шундай фикр юритганларга айрим саволлар бор:

  1. Фойдалироқ иш деганда нимани тушунасиз? Ҳамма фақат кетмон чопиши ёки кўмир қазиши керакми?
  2. Сиз ўзингиз, ҳа, шахсан сиз паловни ёмон кўрасизми?
  3. Туризмни ривожлантириш бўйича ҳаракат қилиш шартлигини инкор қилмасангиз керак, хўш, шу ва шу каби тадбирлар орқали сайёҳлар жалб қилинмаса, пахта терим кампаниясини кўрсатиб турист чақирамизми?
  4. Немис пиво фестивалини ўтказади, бразилияликлар юмшоқ жойларини ўйнатиб карнавал қилишади, ҳаттоки тараққиёти юксак япон ҳам қорни осилиб кетган полвонининг сумоси билан мақтанади. Сизнинг мантиғингиздан келиб чиқилса, айни шу тадбирлардан қандай наф бор? Ўзбек ўзининг суюкли таомини дунё назари тушгудек катта миқдорда тайёрлаб, хайрия мақсадида сарфлашида сиз қандай ёмон жиҳатни кўрдингиз?
  5. Энг қизиғи, сарф харажатлар сизнинг чўнтагингиздан кетаётирмидики, бунчалар кир қидирасиз?

Фестивалнинг кўнгилни хира қиладиган биргина жиҳати — айрим ҳамюртларимизнинг егуликларга чанг солгани бўлдики, бу борада ҳам ёзмасак бўлмас.

Очмидинг Ўзбегим?!

Бу сўзлар фақат айримларга, жуда оз сонли қатнашчиларга тегишли. Лекин ёмон жиҳати шундаки, бу сўзлар уларга етиб бормайди. Чунки нимадир ўқиб юрадиган одам ўзини бундай тутмайди.

Аёлларнинг меваларни чангаллаб олаётгани, гўштларни қашқирлардек титкилаб ташлаганини нима деб атайлик? Албатта, текин нарса одамни ҳар кўйга солиши мумкиндир. Лекин барибир очарчилик замонида яшаётганимиз, гуманитар ёрдам олаётганимиз йўқ эдику. Дарвоқе, ўша уруш, қурғоқчилик ёки очарчилик бўлаётган ҳудудларда ҳам пакетларда егулик тарқатилаётганда одамлар ҳар қанча оч бўлишсада, қўл чўзиб кутиб туришади, чанг солишмайди, юлқилаб қочишмайди.

Сиз эса ўзингизнинг бу ҳаракатингиз билан бутун миллат шаънига номақбул баҳо келтираётганингизни ўйламайсиз ҳам. Бекорга маънавият, маданият деб жон куйдирилмайди. Мана шундай ҳолатларда инсон ўзлигини кўрсатиб қўяди.

Аброр Зоҳидов.

Биринчи изоҳ

  1. Сайёҳларни жалб қилиш учун инфратузилмани яхшилаш керак. Сайёҳлар учун қулайликлар яратилмас экан вагонда сумалак қайнатиб томоша кўрсатган билан ярим чақа.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *