Рекорд оши ва Ўзбегим фестивали ҳақида

Кеча рекорд ўрнатган ош ва Ўзбегим фестивали кун мавзусига айланди. Ушбу тадбирлар ҳақида кутилганидек хилма-хил фикрлар янгради, кимдир танқид қилди, кимдир олқишлади, асосли фикр ва таклифлар ҳам бўлди. Буларнинг барчасини тўғри қабул қилиш, тўғри хулоса чиқариш керак, чунки ҳар бирида қандайдир асос бор.

Фестивалга мен ҳам бордим. Умуман олганда биринчи марта учун жуда яхши. Унинг устига асосий тадбирлар хусусий сектор томонидан амалга оширилганини ҳисобга олсак, буни олқишлаш мумкин.

Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган ошни ҳам ошпазларимизнинг оламшумул ютуғи деб айтиш керак. Улар ниҳоятда профессионал ишлашди. Рекорд оши тўғрисида ҳар хил танқидий фикрларни билдиришдан аввал ҳар ким ўз касби, ҳунари, зиммасидаги вазифа ва масъулиятни қай даражада бажараётганига назар ташласин. Ўзбекистонлик ошпазлар ўз ишини энг юксак даражада бажарди ва дунёни ҳайратга солди. Уларнинг бу ютуғи боксчиларимиз, Рио чемпионлариникидан асло кам эмас. Қанийди йўлсозларимиз, мелисаларимиз, ўқитувчи-шифокорларимиз, ҳокиму вазирларимиз, ҳамма-ҳаммамиз улардек касбимизни севсак, сидқидилдан ишласак, рекордлар ўрнатиб ташласак.

Фестивал ҳақида ҳам тўхталиб ўтсам. Ўзбекистонда халқ иштирокида биринчи марта бу даражада кенг кўламли тадбир ўтказилди, десам адашмаган бўлсам керак. Одам дарё эмас, денгиз бўлиб тошди. Менимча, ташкилотчилар бу даражада бўлишини инобатга олишмаган, айрим жиҳатларни назардан четда қолдиришган. Акс ҳолда тайёрланаётган 8 тонналик ош бу издиҳом учун урвоқ ҳам бўлмаслигини ҳисобга олишарди.

Кейинги сафар озиқ-овқат, мева-сабзавот маҳсулотлари кўргазмаси эмас, ярмаркасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ярмарка нарх-навоси ҳам келганларни чақиб олмайдиган даражада бўлиши керак.

Фестивалда кўпчилик аксарият вақтини тик оёқда ўтказишга мажбур бўлди, балки дам олиш, оёққа дам бериш учун қўшимча ўриндиқлар ташкил этиш лозимдир.

Ош тарқатиш жараёнида одамларнинг ўзини тутишини ҳам тўғри қабул қилиш керак. Уни видеога олиб айюҳаннос солиш шарт эмас. Ўзимизни ўзимиз шарманда қилмаслигимиз керак. Менимча бу каби тадбирлар кўпроқ ўтказилса ўзига хос фестивал маданияти ҳам шаклланади. Энг муҳими йўл қўйилган камчиликларни деб бу даражадаги кенг кўламли ишларга тўсиқ қўйиш керак эмас.

Ҳа айтганча, мелисаларимиз муомаласи ҳали ҳам фуқароларни ҳурмат қилиш даражасида эмас. Бирор тўсиқ, чеклов ўрнатилса, унга муқобил вариант таклиф этиш ёки ҳеч бўлмаса чиройли қилиб тўғри тушунтириш керак. Аммо бу улар ўзларини қўпол, маданиятсиз тутишди деганимас. Ўзгариш бор.

Энг муҳими халқ яйради, кўнгил ёзди. Бундай тадбирларни қўрқмасдан ўтказавериш керак.

Санжар Саид

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *