РАУФ ПАРПИ: «Додимни эшитгил қодир Аллоҳим»

БИРГА ТУҒИЛДИК-КУ, ЮРАГИМ

Бирга туғилдик-ку, юрагим,
Жаҳонни кезмакка пиёда
Одимларимиздир бирдир бизнинг,
Шу бахтли, шу бадбахт дунёда
Одамларимиз бирдир бизнинг.

Бирга туғилдик-ку юрагим,
Насиб этганда ҳам мангулик
Сен яшайвер, сен мени кутма,
Мен-ку исмингман холос,
ва лек,
Юрагим, исмингни унутма.

*****************************

БИР ҚУШЧА

Бир қушча деразам ёнида
Ўтирар паришон ва гариб.
Йиғлайди кўзлари ёнади,
Кўзлари иккита марварид.

Бир ажиб навога ўхшайди,
Шоирга ўхшайди бир ҳассос.
Мискин соз чалмоққа у шайдир,
Дардига бордир-ку бир асос.

Мен унга қарайман оҳиста,
Мен қушча ҳолига йиғлайман.
Ва лекин билмайман,не истар,
Билмайман, ҳеч қачон, билмайман…

*******************************************

ТАВБА

I.
Ишқ сен-сен, ошиқ ҳам сен, мен қулингман.
Лойиқман қаҳрингга, дўзахим – боғим,
Омонат деворман, ўтман, кулингман.

Рубби маскун узра сайёд, ўзим сайд,
Ортиқ мозорим йўқ, воқифсан ахир.
Манглайда ёзилган фармонинг айт,
Даьват қил, гуноҳкор бандангни чақир.

Иймон бер руҳимга, жисмимга жон бер,
Лойимни қориштир, поклаб бер менга,
Ожиз томиримга покиза қон бер,
Равшан қил қорамни оқлаб бер менга.
Охират илмидан қил мени огоҳ,
Муродим шаьмини сўндирма, Аллоҳ.

II. Мозийга урилиб синар овозим,
Умр ўтиб борар бенаф, бенаво,
Наҳотки бу қўлим? Бу менинг созим?
Аллоҳдан сўрайман – нечун бу жафо?
Жами жудоликлар жонимга етди,
Ол, дейман Аллоҳим омонатингни.
“Тавба қил- деди Ул, бир Китоб тутди –
Муродинг мустажо, мингил отингни,

Уммонлар йўлингда, чангал йўлингда,
Номаьлум ҳар жойда қурилган доринг.
Оламнинг калиди сенинг қўлингда,
Жафо ҳабибингдир, хиёнат ёринг”.

Аллоҳим, лаҳза мен, сен эрса мангу,
Таскин берганингми, шафқатингми бу?!

III. Семурғ қушим, подшо қушим, хуш келдинг,
Етти гумбаз, етти водий сарвари,
Васлинг неьматидан баҳравар қилдинг,
Интизор жонингман йўлсиз сарсари.
Нола айлаб Семурғ деди: — Эй бедор,
Чорлар сени Бируборим! Бор! Ишон!
Сен фано водийси, ҳақ қошига бор,
Еру осмон чўкмакдадир бенишон,
Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутурди,
Инсон фарёдига тўлди коинот.
Набийлар, доҳийлар, шоирлар турди,
Чора, чора, дея сўрдилар нажот…
Аллоҳим билурсен қай сари кетдим…
Аллоҳим… Мен ўлдим… Мен сенга етдим…

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *