Раддияга раддия: Исбот қани?

Уч кун олдинги гаплари учун  Дин ишлари бўйича қўмита раиси муовини Нуриймон Абулҳасан танқид қилинганди. Кеча шу танқидларга муносабат билдирибди.

*

“Масжидга бориб, илмни ташлаб қўйса, бўлмайди”, – деган гапимизга, мана кеча Фейсбук-у, бошқа-ю, ичимизда юрганлар, уни ичида Ўзбекистонда юрганларнинг қанчаси бизни кофирга чиқарди. Улар қиёматда ўзининг ҳисоб-китобини олади. Биз гапираётган гапимиз – келгусида мусулмонларимизнинг бошига мусийбат келмасин, деб гапиряпмиз. Мусийбат, бу қайси мусийбат? Мана нечта-нечта болаларни Сурияга бориб туриб, одамларни ўлдириб, каллаларини олиб, мақтаняпти. Каллани олиб, осиб қўйганини мақтаняпти.
– Бизга шу ҳолат керакми?
– Қани, саволимга жавоб беринглар!
– Бизга керакми шу нарса?
– Нимадан бу бўлди?
– Нима учун Сурияда шунақа ҳолат бўлди?
– Ким буни тафаккур қилади?
– Нима учун Мисрда Араб баҳори бошланди?
– Ким бунинг асл ҳақиқатини тушуниб етади?»

Бизга бу ҳолат керак эмас. Аммо ўша Сурияга бориб одамларнинг калласини олаётганлар нега шундай қиляпти? Айнан диний илмсизликдан эмасми? Сизлар тиш-тирноғингиз билан ёшларнинг диний илм олишига қарши чиқдингиз. Оқибатда, ёшлар динини қаердан ўрганди? Ҳеч қаердан. Улар қаердан нимани эшитса, ўшанга эргашиб кетди. Бунда энг катта айбдор ёшларни диний илмдан тўсган масъуллар эмасми, аслида?

Сурияда ҳам, Мисрда ҳам “Араб баҳори” ўша ердаги ҳукуматларнинг нобоп сиёсати, халққа зулм қилиши, иқтисодий абгор вазият туфайли вужудга келди. Кейинчалик Ливия ва Сурияда бунга диний унсурлар ҳам қўшилиб кетди. Мисрда эса уруш бўлгани йўқ. (Бир нарса ҳақида маълумот берганда одамларни чалғитмаслик керак.)

*

“… Миср Араб Республикасида мен етти йилга яқин яшаганман. Ал-Азҳар университетида ўқиганман. Ўша университетда ўқиётган пайтимда, бизда шундай ажабланиш кайфияти юзага келганки, бўлмасам Миср, энг пешқадам дорулфунун Мисрда. Тўғрими? Бир миллион талабага эга бўлган ал-Азҳар университети мавжуд. Лекин ўша ерда 60% аҳоли саводсиз. 60% дегани, биз ҳисоблаб кўрганимизда, 42 миллион одам Мисрда ўша даврда саводи йўқ, дунё қараши йўқ.
– Тушуняпсизларми? Таълим олмаган. “Аллоҳу акбар”, – деса, кетти. “Аллоҳу акбар”, – деяпти, кетяпти орқасидан.
– Бизга шунақа ҳолат керакми?
– Керак бўлса, туриб айтинглар! Қилайлик шуни! Мактабни ташлайлик. Бориб ҳаммамиз масжидга ўтириб олайлик. “Аллоҳу акбар”, – дейлик-да, Афғонистоннинг куни келсин бизга.
– Шу керакми бизга?”

Сиз қайси маълумотни, қандай манбага асосланиб айтгансиз, билмайман. Аммо айнан “Араб баҳори” бўлган йилларда Мисрда саводхонлик даражаси 75,06 % бўлган. (https://en.unesco.org/countries/egypt) Бу ерда нотўғри маълумот билан одамларни чалғитяпсиз. Қолаверса, яна таъкидлайман, Мисрда уруш бўлмаган.

Мисрда уруш бўлмагандан кейин “Аллоҳу Акбар” дегандан кейин ким кимга эргашиб кетибди? Сиз агар Сурия билан Мисрни аралаштириб юбораётган бўлсангиз (чунки уруш Сурияда бўляпти, Мисрда эмас!), эслатаман: Сурияда саводхонлик даражаси Мисрдан анча юқори бўлган – 79,06% (https://en.wikipedia.org/wiki/Demographics_of_Syria#Literacy)

Афғонистон – бу энди умуман бошқа масала. Бу давлат 1979 йилгача қандай ривожланиб тургани, кейин ким уни шундай қолоқлик ва урушлар гирдобига тортганини ҳамма билади. (СССР бостириб киргандан кейинги тарихни ўқиб чиқиш керак.)

Демак, бу ердаги даъвонгиз исботланмаяпти: айнан сиз айтган ҳолатлар ва саводхонлик ўртасида боғлиқлик йўқ. Муаммони бошқа ердан – иқтисодий ночорлик ва ижтимоий зулмдан излаш керак.

Бундан ташқари, ҳеч ким мактабни ташлашга даъват қилмади. Ким шундай деган бўлса, марҳамат, исмини айтинг: гапингиз исботи билан бўлсин.

***

“… Кечирасизлар-ку, ўша мана бунақанги экстремистлар кўпайган пайтда биз Араб тилини ўргана олармидик? Араб тилини… Ўргана олармидик?”

Бу билан 422 миллион киши сўзлашувчи (https://en.wikipedia.org/wiki/Arabic), БМТнинг расмий тилларидан бири бўлган араб тили ҳақида “Араб тилини ўрганган одам экстремист бўлади” демоқчимисиз?

“… Биз бугунги кундаги берилаётган имкониятлар ва шароитлардан ўзимизни йўқотиб қўйдик. Кечагина машинамизда битта жойномозни олиб юролмас эдик”.

Энди Конституция билан кафолатланган ҳуқуқларимизни (ибодат қилиш, машинамизда ўзимиз истаган буюмни, масалан, жойнамозни олиб юришни) миннат қилмаган сиз қолгандингиз. Агар кеча бу эркинликлар бузилган бўлса, унда буни оддий одамлар эмас, сиз каби амалдорлар амалга оширган. Айбни қаердан излаш кераклигини билгандирсиз?

*

“Мана кечагиндаям айтдим. Битта ҳадис мусобақасини ўтказмоқчи бўган пайтимизда, бу – факт бу, Фарғона водийсида болалар мактабга бормай қўйди. Давоматдан келиб чиқдик биз. Манга айтяпти: “Сиз қаттан олдингиз?” – дебди биттаси”.

Ростдан, менга ҳам қизиқ, сиз шу гапни қаердан олдингиз? Фарғона водийсида учта вилоят, ўн миллиондан ортиқ аҳоли ва мингга яқин мактаб бор. Қайси ўқувчилигини сўрамайман, айнан қайси мактабда шундай воқеа бўлибди? Кетма-кет иккинчи марта шундай дейишингизга қараганда қўлингизда далил бўлса керак? Қайси вилоят, қайси тумандаги нечанчи мактабда шундай воқеа бўлгани – болалар мактабни ташлаб ҳадисни ёдлагани ҳақида аниқ маълумот борми?

*

“…Кеча чиқволиб, ўзи салафийларнинг соқолини қўйиб олган. Расмини қўйиб қўйибди. “Қаттан олдингиз бу гапни?” – деб ёзяпти Интернетда. Мен ўзим тўқиб, Худо сақласин, қиёматда жавобини бераман, агар тўқиб гапираётган бўлсам бу нарсани. Водий, ана, вилоятларида: “Ҳадисни ўрганамиз мусобақаси бўлар экан”, – деб мактабга бормай қўйди”.

Салафийларнинг соқоли қандай бўлади? Агар соқол қўйишнинг турлари кимдир томонидан таснифланган (классификацияланган) бўлса, мана шундай – “салафийларнинг соқоли”ни қўйиш қайси қонун ёки қарорга кўра тақиқланган? Буни ким тақиқлаган? Агар тақиқ бўлмаса, “салафийларнинг соқоли” деб урғу беришингиздан мақсад нима? Шунчаки, соқолни ёқтирмасликми, ёки бу ерда биз билмаган бошқа нарса борми?

Водийдаги мактаблардан бирида ҳадис ёдлаш учун мактабга бормай қўйганлар ҳақидаги гапингизга далил келтиришингизни кутиб қоламан. (Ҳар ҳолда, Қаҳрамон Қуронбоевнинг тўй кортежи ҳақидаги гапидек бўш, асоссиз даъво эмасдир, деган умиддаман.)

*

“… У ўтириб олган у ерда. Вертуал оламида ўтириб олиб туриб, ўзича у-бу гапларни гапириб ётибди. Лекин биз тинчлигимизни устунроқ қўйишимиз керак. Хавфсизлигимизни устунроқ қўйишимиз керак. Биргина Андижон воқеасида еган нонимиз татидими? Еган овқатимиз томоғимиздан ўтдими? Наманган воқеаларини нимага эсламаймиз? Бунчалик бўлиш керак эмас, барака топгурлар. Ҳамма нарсанинг меъёри бор. Ва кечирасизлар-у, бу Ўзбекистон Республикаси. Афғонистонмас. Ким буни тушунмаётган бўлса, Конституцияни олиб ўқиб қўйсин”.

Тинчликни бошқалар сиздан кам хоҳламайди. Хавфсизликни ҳам. Одамлар ўз ҳуқуқини талаб қилса, бири 13, иккинчиси 27 йил олдин бўлган воқеаларни мисол келтириш шунчаки, оддий “гестапо” усули. Яъни, қилмаган иши учун одамларга таҳдид қилинади, уларники бўлмаган “айб”ни бўйнига қўйиб, овозини ўчиришга ҳаракат қилинади. Наманган ва Андижон воқеаларини ким қилган бўлса, ҳукумат ахборотига қараганда “айбдорлар жазоланган, ишлар ёпилган”. Энди буни кўтаришдан не наф? Ёки одамларни “Жим ўтир, бўлмаса, ўша ишга сенинг номингни ҳам тиркаб юбораман”, деб қўрқитишми бу? Сиз ўқишни тавсия қилган Конституция эса айнан диндорларнинг эътиқод эркинлигини, ибодат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди. Балки Конституциянинг бир қатор моддаларини (13, 18, 19, 25, 29, 31) ўзингиз ҳам ўқиб кўрарсиз?

*

“Мен мана шу юртда яшаяпманми, Ўзбекистон учун, керак бўлса, жонимни фидо қиламан. Аллоҳ таолонинг олдига борганда: “Мен халқим учун, диним учун хизмат қилганман”, – деб айтишга ҳақлиман. Шунинг учун ким нима деса, деяверсин. Чайнаса, чайнайверсин. Мана шу йўлда Ислом учун, Ўзбекистон учун жонимни фидо қиламан. Эътиборинглар учун раҳмат”.

Бу гапингиздан худди фақат сиз ватанпарвар-у, намозхон, диндорлар экстремист, давлат душманидек бўлиб қолибди. Майли, Аллоҳ ҳакам – ким ҳақлигини дунёда ҳам, охиратда ҳам кўраверамиз, Инша Аллоҳ.

Раддия манбаси: https://www.facebook.com/otabek.usmon/videos/2088446961481673/

Биринчи изоҳ

  1. Aka «Табиатшунос» табиат деганимас, «фалсафашунос» файласуф дегани эмас, «тилшунос» тил дегани эмас… Шунингдек «исломшунос» мусулмон дегани эмас

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *