Раддия: Пахта кампанияси, мажбурий меҳнат ва таълимдаги йўқотишлар

Ҳаммаси Шерзод Қудратхўжаевнинг пресс-клубидан бошланди. Агар модератор ҳокимларни бурчакка тираб, ўқитувчиларни пахтага мажбуран олиб чиқмаслик ваъдаси олмаганда эди, халқ бу қадар домангир бўлмас эди. Кейин Халқ таълими вазири ваъда берди, Вазирлар Маҳкамаси АҚШ делегациясига Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди, деб маълум қилди. Аммо ҳали сентябрь келмасдан ҳар хил ёқимсиз хабарлар тарқала бошлади: тайёр туринглар, пахтага чиқариласизлар. Чиқишни истамаганлар ўрнига одам топсин ваҳоказо.

Жўжа саналадиган куз ҳам келди. Ҳар йилгидек пахта кампанияси авж олди. Ўқитувчилар, шифокорлар, талабалар ёппасига олиб кетила бошланди. Тадбиркорлар, ҳатто масжиддаги бобойлардан ҳам пахта йиғими учун пул йиғиш бошлангани тўғрисида хабарлар тарқалди. Ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзуси ҳам пахта, мажбурий меҳнат бўлиб қолди. Фуқаролар ҳам тоифаларга ажралди: кимдир мажбурий меҳнатни қоралади, кимдир пахта мамлакат иқтисодиётига катта зарар эканини рақамлар, далиллар билан исботламоқчи бўлса, кимлардир уни “миллий бойлик” деб атаб, ўз вақтида йиғиб-териб олишга даъват қилди.

Мен шахсан Ўзбекистонда пахта экилишига қарши эмасман. У муҳим стратегик маҳсулот. Ўзбекистон фақатгина пахта экспортидан тушувчи 750 млн-1 млрд долларга қараб қолмаган. Ундан жуда кўп, айрим маълумотларга кўра 70 хил маҳсулот олинади, шу жумладан порох ишлаб чиқаришда ҳам у хом ашё сифатида зарур. Шунингдек, пахта сиёсий қурол сифатида айрим давлатларга ўз сўзимизни ўтказиш учун керак бўлиши ҳақидаги гап-сўзлар ҳам йўқ эмас. Бироқ пахтани миллий бойлик, деб бутун халқни мажбурий равишда унинг теримига жалб қилиш – адолатсизлик, мантиқсизлик ва зўравонликдан бошқа нарса эмас.

Исботлаш қийин, аммо очиқ-ойдин ҳақиқатлар бор. Жумладан, пахта кампанияси даврида жуда кўп катта-кичик раҳбарлар мўмай даромад кўради. Пахтага чиқармаслик учун тўлов бир неча миллион сўм ёки бир неча юз долларни ташкил этади. Куни кеча Самарқанд чет тиллар институти проректорининг пахтадан олиб қолиш учун 200 доллар пора олаётганда қўлга тушгани ҳақидаги хабарлар ҳам сўзимизни исботлаб турибди. Шунингдек, пахта баҳона айрим раҳбарлар қайсар, гапга кирмас ходимларини яхшигина жазолаш имкониятига эга бўлади. Ҳеч қандай узр қабул қилинмайди, сўзсиз пахтага чиқарилиши лозим. Шу билан бирга, пахта кампанияси даврида теримчилар учун деб ажратилган маблағларнинг ҳаммаси ҳам мақсадли сарфланмайди. Улар ҳам бир неча амалдорнинг ўртасида “арра” бўлади.

Пахта кампанияси даврида фуқароларнинг кўплаб конституциявий ҳуқуқлари очиқчасига поймол қилинишини ҳам бор гап. Зеро Ўзбекистон Конституциясининг 37-моддасида “Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади”, — деб ёзиб қўйилган. Меҳнат кодексининг 7-моддасида эса: “Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади”, деб ёзиб қўйилган.

Қолаверса, кўплаб халқаро конвенциялар, декларациялар ҳам давлатлар олдига мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига йўл қўймаслик шартини қўяди. Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-конвенция, Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги 105-конвенция, Меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишлар тўғрисидаги 111-конвенция, Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги 182-конвенция сингари халқаро ҳужжатлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан ратификация қилинган бўлишига қарамасдан, ҳамон мажбурий меҳнатга йўл қўйилмоқда, ҳукуматнинг бу борадаги хатти-ҳаракатларига панжа ортидан қаралмоқда.

Ажабланарли томони шундаки, айрим фуқаролар пахта кампаниясига мажбурий жалб қилишни турли сабаблар воситасида оқлашмоқда ҳам. Ана шу оқловларга қарата айрим раддияларни келтириб ўтсам.

“Пахта миллий бойлик”. Миллий бойлик, миллат бойлиги ҳақида жуда тор фикрловчи, асосан 50-60 йиллар муқаддам янграган бу сўзларни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилувчи одамларга қуйидаги маълумотларни келтириб ўтсам:

Nasdaq биржасида тозаланган, олий сифатли пахтанинг бир фунти 75 цент атрофида бўлиб турибди [http://www.nasdaq.com/markets/cotton.aspx]. 2 фунт пахта 907 грамм бўлади. Бу тахминан 1,45 доллар дегани. Ўзбек пахтаси бунга нисбатан арзон юришини ҳисобга олиб қўяйлик. Ўзбекистоннинг 2015 йилги экспортида тўқимачилик соҳаси 28 фоиз улушга эга бўлди. Бу салкам 1 млрд доллар дегани[http://atlas.cid.harvard.edu/…/tr…/export/uzb/all/show/2015/].

Яхши ҳосил олинса, бир гектардан 40 центнер, ўртача ҳолатда 26,1 центнер пахта йиғиб олинади [https://www.gazeta.uz/ru/2016/01/16/cotton/]. Чигити тозаланган пахта эса 10 центнер атрофида тош босади, десак, ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз: 10*100 * 1.45=1450$ (килосига 1.45$). Чигит ва ғўзапоядан ҳам борингки 500 доллар даромад олди ҳам дейлик. Жами 1950 доллар атрофидаги даромад. Рентабеллик 60 фоиздан ошмайди. Соф фойда эса хомчўт қилинганда 780 доллар атрофида бўлади. Бу каби ҳисоб-китобларни кўплаб келтириб ўтиш орқали пахта миллий бойлик эмас, балки миллий бош оғриғига айланиб улгурганини айтиб ўтиш жоиз. Чунки олинаётган даромадлар давлат ғазнасига тушса, харажатлар, қийинчиликларнинг катта қисми халқнинг бўйнига тушаяпти. Биргина мисол: бир неча йил аввал “Ўзбекистон” нашриёти ходимларини пахта теримига жалб қилишди. Нашриёт ходимларидан бири айтганди: кунига юз минг сўмлик пахта тераяпмиз, лекин тушлигимизнинг ўзига 500 минг сўм сарфланаяпти…

Ҳашарчилар ҳам бир ишни қойиллатишмайди. Ҳеч бир фермер кунига 30-40 килони зўрға терадиган, аммо далани пайхон қилиб, ҳосилнинг баракасини учирадиган теримчиларни оппоқ очилган даласига киритишни истамайди. Шаҳарликлар, қўйингки мардикор бозоридан ёлланганларнинг ҳам аксарияти нўноқ теримчилар ҳисобланади. Улар сон учун, юқорига бугун шунча теримчи чиқди, дея кўрсатма бериш учун керак холос. Аслида пахтани ҳар доим қишлоқ аҳли, деҳқонлар териб келган шу пайтгача. Ҳақиқат шундаки, шаҳардан борганлар чинакам теримчиларни ёллашади ёки улардан пулга сотиб олишади пахтани. Шаҳарлик ҳашарчилар эса куни бўйи сояда ётишади, кўпчилиги маишат билан машғул бўлишади. Бир ой тоза ҳавода кайф-сафо қилиб, йил давомида йиққан-терганини сарфлаб қайтишади.

Вазиятга очиқ кўзлар билан қарашнинг наҳотки имкони бўлмаса? Юз минглаб ҳашарчиларни туманлар, вилоятларга, ётоқ жойлардан пахта далаларига ташиш, уларни жойлаштириш, боқиш ва бошқа харажатларини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Ташвиш устига норозиликлар, халқаро ташкилотларнинг босими, 200 дан зиёд йирик компанияларнинг пахта сабабли Ўзбекистонга байкот эълон қилгани, пахта яккаҳокимлиги сабабли минтақавий экологик муаммолар, хусусан Орол денгизининг қуригани, суғориш мавсумида тақчиллик сабабли қўшни давлатлар билан юзага келган можаролар, ер унумдорлигининг пасайиб, бонитетининг тушиб кетгани, пахтани экишдан бошлаб ягана, чеканка қилиш, суғориш ва йиғиб олишгача барча жараёнга ўқитувчи ва шифокорлар, бошқа ташкилотлар ходимлари, раҳбарларнинг масъул қилиб қўйилиши, натижада қишлоқ хўжалиги билан бир қаторда бошқа соҳаларнинг ҳам орқада қолиши каби ўнлаб, юзлаб муаммоларни санаб ўтсак, аллақачон пахта экишни йиғиштириб қўйсак бўларди. Бутун бошли мамлакатнинг шунча дахмаза билан топган пулига учта Неймарни сотиб олиш мумкинлигини билган одам, бу қадар куч ва эътиборни ҳеч бўлмаса футболни ривожлантиришга қаратсангиз бўлмайдими, деган кинояли саволни берса ажабланманг!

Айрим тоифа инсонлар ўқитувчи ва талабалар пахтага чиқарилса нима бўлибди, бир ой ўтади-кетади, пахтани ёғингарчиликларга қолдирмай териб олиш керак, деган фикрларни илгари сурмоқда. Мен учун бу гаплар жуда мантиқсиз ва кулгули туюлади. Икки-уч ой ёзги таътилда дам олган таълим яна бир ой пахта сабабли ўлда-жўлда қолса, бу даврни ўн, юз йилга кўпайтириб кўрингчи, қанча муддат вужудга келар экан. Бир ой деб ҳисобласак ҳам, ўн икки йилда тўлиқ бир йил пахтага ажратилган, таълимни 11 йиллик деб оладиган бўлсак, бир йил, олий таълимда эса қарийб бир семестр ҳавога учган бўлади. Бу пайтда ўқувчи-талабалар қанча билим ва малакага эга бўлар эди, тасаввур қила оласизми? Мана нима учун дунё илм-фан ва технологиялар соҳасида юксак натижаларга эришаётган бир пайтда Ўзбекистон ҳалиям пахта экиб, уни қўлда териб олаяпти! Ёки Ўзбекистонда Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфманнинг қуйидаги гапларидан ҳамон манфаатдор шахслар ва гуруҳлар борми:

«Бу халққа (ўрта осиёликлар — туркистонликларга) иложи борича, мумкин қадар кўпроқ пахта эктириш, уларни тинимсиз ишлашга мажбур этиш керак, токи бу халқнинг бошқа нарсаларни ўйлашга, сиёсий воқеаларни англаб етишга бир зум ҳам вақти, хоҳиши қолмасин… ”

Яна бир бор таъкидлайман: мен пахта экилишига қарши эмасман, асло! Аксинча, қишлоқ хўжалигининг етакчи экини, муҳим стратегик хом ашё сифатида хоҳлаганча экилсин, истаганча ҳосил олинсин. Аммо бу ишлар ҳозирги каби мажбурлаш, қўрқитиш, алдаш, зўравонлик қилиш билан бўлмасин. Худди валюта сиёсатида бўлгани каби, қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам либераллаштирилиб, барча жараёнлар бозор механизмлари асосида шаклланишига йўл қўйиб бериш вақти келди. Акс ҳолда жамият ва давлат ўртасида тушунмовчилик, норозилик давом этаверади, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам беқарор бўлиб қолаверади…

Санжар Саид

Фото: toshkentpaxta.uz

20 комментариев

  1. РАХМАТ! Жуда иктисодий-илмий-хукукий «хайкирик» ёзибсиз. АФСУССССС!!! Бу маколани факат мазлумлар у’кийди. Буни мутасаддилар ва айникса «сенаторвачча»лар барибир у’кимайди- у’киса хам «тушунишмайди». ЛЕКИН МУЛОХАЗАНГИЗГА 100 % КУШИЛАМАН.

  2. Меҳнат билан ўлганлар кўп. Лекин меҳнат мажбурлаш, инсон ихтиёрига қарши чоралар қўллаш билан бўлса унинг самараси бўлмайди, натижага эришиш учун муносиб шароит, муносиб муомала, муносиб рағбат бўлиши керак. Пахта кампанияси ҳозир фақат ва фақат зарар келтираяпти жамиятимизга.

    1. Жудаям тугри изох. Мана бугун ФАРДУ студентлари оммавий равишда пахтага олиб кетилди. Хайронман биз теримчиларни тайёрлаябмизми. Хар йили 1.5-2 ой далада юришади. 4 йилда 6-8 ой дегани, ундан кура амалиёт утишса болмайдими. Бемалол дипломни иловасига «малакали теримчи» деб ёзиб разряд берса болади). Буни ечими оддий 1кг пахтага туланадиган пулни 400 сум эмас…1000 сум белгилаб, жойида туланса, хеч канака хашарчисиз далани атрофидаги халк, тез ва сифатли килиб, узлари териб беришади.

      1. fermer bu pulni qayerdan oladi 1000 somdan terdirsa kallang bormi bormi dalbayop eng kamida 30 tonna paxta topwiriwi kerak kopaytirib korchi qancha ga tuwarkan oneni sikay xaromi oylab yoz

  3. Tomi joyidami a pulatni. chetga chiqvolib qichqiradi. Vapshe asabimni buzdi kommeti. Uzini 1 tiyinga qimmat saytini reklama qiganinichi buni

  4. Пахтадан колиш университетларда ками 200 кукка чикиб кетган.
    Уша билан «колган» талаба ўрнига ПРОФЕССОРЛАР-УКИТУВЧИЛАР пахта теришга чикишаяпти. Яна талаба 7 млн контракт пули тулаб укияптку. Унга нима дейсиз. Текин укимаяптикку. Doston Rustamzoda нинг бизнинг замонда деганга хайрон коламан. Догматик бола экан.

  5. Маниям кизим ФАРДУ талабаси, дада эртага пахтага кетарканмиз деб келди уйга. Тухтаб турчи хозир республика касаба уюшмалари федерациясининг 1092 ёки 200-10-92 тел. ракамига териб сураб курамиз дедим. Айтганимдек телефон килишим билан уердагилар аризамни эшитишиб, кизиз вояга етгани учун узлари ариза билан мурожаат килишлари керак дейишди. Кизим тел килиб узини фамилия исмини, курсини ва факультетини айтиб берди. «Профсоюзда»гилар хеч ким мажбурлаб пахтага олиб кетишга хакки йук, хавотир олманг хаммасини ижобий хал киламиз, керак болса даладан кайтарамиз дейишди

  6. Asqarbek bu yerda hamma muomila bilan insoniy samimiylik bilan gapirayapti deyolmayman. Ammo sizni bunday qo’polik bilan gapirishizga hayronman. Noto’g’ri gapirishgan bo’lishsa so’kinmasdan gapiring.

  7. Asqarbek сенда калла йўқ экан. Фермернинг пахтадан бошқа экадиган ерлари борку. Масалан 100 гектар бўлса 40 гектарига пахта экади. Қолган 60 гектар ўзиникику. Буғдой 20 гектар бўлсин . Қолган 40 гектардан пиёз ёки гуруч экса 30 млн топиш урвоқ бўлиб қолади. Иқтисодни ўрган студент.

  8. Пахтадан воз кечиш мутлако нотугри. Сабаби куйидагича:
    1. Пахта етиштириш буйича шароитимиз десак муболага буладику, лекин тажрибамиз етарли. 2. Зарур инфратузилма ун йиллар давомида шаклланган.
    3. Пахтани Кайта ишлаш саноати ривожланган.
    4.Пахта етиштиришни давом эттириш зарур албатта илгор агротехника ютукларидан фойдаланган холда.
    Энг АСОСИЙСИ пахта толасини четга экспорт килишга ТАЪКИК куйиш зарур хатто ярим махсулот булмиш ипга хам.
    Пахта етиштиришда фермерларни тугри тугри пахтани кайта ишлаб чикарувчиларга боглаб куйиш керак, енгил саноат корхоналарига. Четга факат тайёр махсулот экспорт килишни йулга куйиш керак. Мана шунда ривожланиш булади. Пахтани етиштириш ундан махсулот ишлаб чикарувчининг бош огригига айланиши керак.
    Зеромакс деган компания буларди. Шулар бошлашган эди, охирига етмай колган.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *