ҚЎШИҚЧИ ТАНЛАШ

Жўрабойнинг тўйи бошланиши арафасида муаммо пайдо бўлди. Тўйга қайси хонандани таклиф қилиш масаласи. Буни ҳал қилиш учун тоғаю, аммалари, оға-инилари куёвнинг уйига кенгашга йиғилишди.
– Қани менга айтинглар-чи, тўйга қайси артистни чақирмоқчисанлар, – дея гап бошлади катта тоға Жумрат ака.
– Куёв тўрага Тошкентдан Гулёра хонишни келтириб бериш керак эмиш, – деди куёвниг отаси Жамшид ака.
– Гулёра хониш ким? – яна сўради Жумрат ака чой ҳўплаётиб.
– Анаву бор-у “Бай-бай” деб қўшиқ айтадиган…
– Тошкентдан ўзи келарканми? Ким билади “ставка”си қанча? Машинангни сотсак ҳам етмас. Нима, ўзимизда камми? Дарахтни силкитсанг қўшиқчи ёғилади. Телевизорга қара оламни қўшиқчи босгандай. Буларни ҳеч бири айвонингга қош бўлолмайди. Ота-онанинг гапига ҳам қулоқ солиш керак, бўтам.
– Гулёра бўлмаса, Куйчи ошиқни келтириб берасанлар, деб оёқ тираб олган, – деди онаси Фотима хола.
– Куйчи ошиғинг қанчага келишини биласизми ўзи? – деди чўрт кесиб Жумрат ака. – Қалин пули унинг олдида писта пўчоқ. Кўрпангга қараб оёқ узат! – Кейин Жамшид акага қараб қўшиб қўйди. – Ўғлингнинг оғзига қараб ўтирма! Бундайроқ, ставкаси пастроқ қўшиқчидан топ. Қиз танлашдаги азоби ҳам етади.
– Майнахонни олиб келсак қандай бўларкан? – бу гал аммаси Сурмахон баҳсга қўшилди.
– Гармончи халфани айтаяпсанми? Бўлмайди.
– Ҳозир у гармонини отиб юбориб, эстрадний бўлиб кетган. Эшитганмисиз “Қизаравераман-қизаравераман”ни.
– Қизариб юраверсин. Бўлмайди дедимми, бўлмайди!
– Унда Булбулбоевга айтсак, – деди куёвни укаси Суҳроб.
– Эй қўйсанг- чи, – Жамшид ака қошини чимирди. – Осмон бўйи сакраб ўйнаб, хит қилиб юборади.
– Хониш хиргойи-чи? – гапга қўшилди акаси Тўлқинбой.
– Йўқ! – деди Жумрат ака. – Тўйдан кейин яна пул сўрайди. Ана Карим аканинг тўйида қистир-қистир бўлмади деб, яна пул сўраган. Маҳаллақўм раиси лицензиянгни кўрсат, деган экан, жуфтакни ростлаб қочди.
– Бўлмаса қизиқ-қизиқ қўшиқларни айтади-ку… Хаҳ тилимни учида турувди-я, нимайди…
– Қўшиғини айтинг, кимлигини айтаман, – деди куёв.
– “Денгизга қара, осмона қара, юлдузга қара…”
– Сайроқбоев. Шуни келтирсак ҳам бўлади.
– Унга пулинг етмайди, – деди Жумрат ака. – Ставкаси “Куйчи ошиқ”никидан ҳам баланд.
– “Бир ёмон бўлиб кетаман”ни айтган ким эди?
– Шамшир Куйларов! Ҳозир у Америкада. – Гапга қўшилди укаси Суҳроб.
– Таннозхон-чи? Халфанинг қизи.
– Бўлмайди тўйни эркак ашулачи ўтказгани маъқул. Гулзод Шариповга айтамиз.
– Асло! – ўрнидан туриб кетди куёв. – Насиҳат қўшиқларини айтавериб хит қилиб юборади. Насиҳат қўшиққа ўйингга тушиб бўладими ахир?
– Эй, менга қара, – муҳим гапни айтмоқчидай ҳовлиқди Жумрат ака. – Ахир бошлиғимни ўғли қўшиқчи-ку. Айтмасак бошлиғининг тўйга келмай қолиши мумкин.
– Рост! – деди Жамшид ака бошлиғи эсидан чиққанидан афсусланиб. – Бу ёғини ўйламабмиз.
– Менга Дўрилдибой Бўкирдиевнинг кераги йўқ, – деди куёв астойдил. – Агар тўйга айтсанглар мен уйланмайман!
Хуллас, тўйга ҳамма нарса тайёр бўлса-да, қўшиқчининг номи маълум бўлмади. Ахир тўй кунини хонандалар белгилайди-да. Яқин кунларда Жўрабойнинг тўйи бўлиши аниқ. Бироқ, қайси қўшиқчи келиши ҳамон номаълум…

Барди ЖУМАНИЁЗОВ

2 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *