Қурол ҳақидаги қонун: хавотирланишга ҳожат йўқ

Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланиб, муҳокама учун норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида муҳокама учун эълон қилинган “Қурол тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Хусусан “Файзбоғ.uz” сайтида ҳам ушбу мавзуга бағишланган “Биз қурол савдосига қаршимиз” сарлавҳали чиқиш бўлди.

Куни кеча, муҳокамага қўйилгандан қарийб ўн кун ўтиб ИИВ ушбу қонун лойиҳаси бўйича изоҳ берди. Унда айтилишича, ҳужжат лойиҳаси жисмоний шахсларга қурол сотишни кўзда тутмаган. Қисқа ва лўнда хулоса шундан иборатки, қонун Ўзбекистонда қурол-яроғ, ўқ-дори масаласидаги муносабатларни қонуний тартибга солиш учун зарур.

Муаммо нимада? Муаммо шундаки, биринчидан, аҳолисининг асосий қисми ўзбеклардан иборат бўлган давлатда қонун лойиҳалари рус тилида ишлаб чиқилади (менимча қонун ижодкорлиги йўқ, шунчаки Россия қонунлари копи паст қилиниб, у ёқ-бу ёғи мослаштирилади). Юқоридаги ҳужжат лойиҳаси ҳам ўзбек тилида эмас!

Яхшигина шов-шувга сабаб бўладиган қонун лойиҳаси ҳақидаги ахборотлар натижада бутунлай бошқача талқинда аҳолига тақдим этилди. Ҳамма Ўзбекистонда ҳам Қозоғистон, Россия ёки Америкадаги каби қурол-яроғ дўконлари очилиб, истаган одам ёнида қурол олиб юриши мумкин, деган хаёлга борди. Ўзини ўзи ҳимоя қилишга эҳтиёж туғилганда фойдаланиш ҳуқуқи берилади ёки қандайдир руҳий касал одамнинг қўлига тушиб қолганда пақ этиб отиб қўйса нима бўлади, деган ваҳимали фикрлар пайдо бўлди. Бу жамоатчиликнинг кескин норозилиги, хавотирларига сабаб бўлди. Кимдир қонунни ёқлади, кимдир кулгуга олиб, турли мэмларни тарқатди, кимлардир уни жиддий қабул қилиб, келгусида қурол сотиб олиб, кимларга қарши қўллаш режасини тузиб ҳам қўйди (хазил).

Хуллас, яхшигина шов-шув, яхшигина ваҳима кўтарилди. Савол туғилади: нима учун шу изоҳни ўз вақтида бериб, ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлиги, жисмоний шахсларга ўқ отар қуроллар сотилмаслиги маълум қилинмади? Ахир ўта нозик масаладаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилаяпти! Ҳеч бўлмаса оммавий ахборот воситалари учун икки оғиз сўздан иборат, қонуннинг қисқача мазмуни ва мақсади ифодаланган ахборотча берилганида бунчалик гап-сўз урчимас эдику. Эҳтимол бу воқеалар ИИВ ва бошқа қонун муаллифлари ва ижодкорлари учун яхшигина дарс бўлди.

Шу билан бирга, келгусида норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида профессионал таржимон штати очилса, бунга шарт-шароит бўлмаса ўзбек тилида қонуннинг номи, мазмуни, қабул қилишдан мақсади ёзиб қўйилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Санжар Саид

2 комментария

  1. Qo‘l uchida yozilgan maqola. Saytni to‘ldirish kerak ekan, deb yo‘l-yo‘lakay yozilgan. Ortiqcha vahima qilingan. Muallifning boshqa maqolalari yaxshi lekin.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *