ҚОҒОЗНИНГ  УВОЛИ

Ақлу заковат, онгу шуур, меҳнату ғайрат соҳиби бўлмиш Инсон  том маънодаги соҳиби олам даражасига етгунча не синов ва синоатоларни бошидан кечирмади. Бироқ ҳар қачон эзгулик, яратиш ва некбинлик тарафдори бўлиб қолаверди. Авлодларга юксак қасрлар, илм-фан ютуқлари, дунёни билиш ва англаш воситаларини тобора такомиллашган ҳолда қолдириш билан бирга, хаёт тарзи, даврлар силсиласи, ҳаётда қўл келиши мумкин тушунчаларни ўзидан кейинги авлодларга гоҳ қоятош ё девор суратлари, гоҳ тошбитиклар, мол териларию дарахт пустлоқларидаги ёзувларда тазкира айлади. Бугун биз уларга боқиб, уларни ўқиб нафақат инсоният, жамият балки замин ва коинот тараққиёти, кечаси, бугуни ва эртасини ўрганиб-биламиз, хулосалаймиз, тўғри йўл танлаймиз. Гарчи бугун тезкор технологиялар, ахборотлар ва улар воситалари асри бўлсада, инсониятнинг энг улуғ кашфиётлидан бири коғознинг ихтиро қилиниши бўлди. Негаки, заминда хоҳ илм-фан, хоҳ бунёдклорлик, хоҳ илоҳиёт бўлмасин, барчасининг ривожида шу оддийгина қоғознинг ўрни беқиёс. Нафақат умумбашарят,  ҳар биримизнинг тақдирмизда бугунги кунда ҳам у ута муҳим ўрин тутиб келмоқда. Бугунги компьютерлар канчалик афсонавий, улар хотира омборлари қанчалик йирик ва кўп йиллик бўлмасин, коғознинг шахс ҳаётига нечоғ уйғунлашиб, боғланиб кетганини кўриб турибмиз.   Инсонни дунёга келганида ҳам, балоғатга етиб, юрт фуқароси бўлганда, маълум маълумот олганидан тортиб сўнгги васиятини битгунича ҳам, ўзи учун бебаҳо ҳисбловчи кўплаб когозлари бўлади.

Биргина Самарқанд қоғозининг шон-шуҳратини айтмайсизми?

Буюк аждодларимизнинг табаррук қўллари билан битган ноёб китоблар тўтиё айланиб, эъзозланиши фақатгина олқишга лойиқ.

Бироқ, бугунги кунда кўп ҳолларда бу ноёб восита – қоғоздан фойдаланишда исрофгарчиликка йўл қўйилаётгандай, назаримда.

Бу кўп сонли, бироқ бемақсад газета-журналлар ёки китоблар чоп этилишида  ҳам яққол кўриниб қолмоқда.

Ўзини мақташ, қилаётган ишини кўрсатиш ва кўплаб маълумотномалару эълонларини оммалаштиришни кўзлаган муассис 20-30, баъзан ҳатто 50 минглаб нусхада  чиқараётган босма ОАВ ўзининг асосий вазифасини унутиб қўяётгандай.

Бу борада таниқли журналист Фармон Тошевнинг сўзларини такрорлагим келади. Бир неча йил илгари Навоий шаҳрида ОАВлари вакиллари учун ўтказилган йиғинлардан бирида бир нотиқ аёл биз мухбирларга ундай шароитлар яратдик, газеталаримиз мунча нусхада чоп этилмоқда дея мақтанганида, журналистика ривожи фақат булар билан эмас, айтилаётган сўз ва кўтарилаётган муаммо моҳияти билан ўлчанади, деганди.

Бундай ОАВ моҳиятини одатда 1-2 дақиқа ичида бир бор варақлаб, тушуниб етиш мумкин. Ўтказилаётган тадбирлар ёритилиши ҳам қуруқ, қизиқарсиз тарзда берилиб, ОАВни муштарийдан «совутмоқда» холос. Қолаверса, у ўз ихтиёри билан эмас, одатда кимнингдир зуғуми билан обуна бўлган.

Ўтган йилда бир инсон билан суҳбатлашиб қолдим. У менинг шу соҳада ишлашимни билгач, ҳақли равишда эътироз билдирди:

-Биз туман марказида яшаймиз. Оилада 4 киши ишлаймиз. Буни қарангки, тўрталамизни ҳам ишхонамиз томонидан бир номдаги газетага обуна қилишди. Ҳар ҳафтада 4та бир хил газета оламиз. Ахир бизга биттаси ҳам етарли-ку! Бунин густига шу газетадаги маълумотлар таржима қилинган русча сонини ҳам олаётганимизга нима дейсиз? Туман бўйича минглаб тарқатилишини ҳам тушуниш қийин. Эҳтиёж нари борса 1-2та…

Бугун айрим иқтисодиёт муассасалари, банклар, бозорлар, АЁҚШлар ёки бошқа кўплаб меҳнат жамоалари ёки корхона-ташкилотларда катта маблағлар эвазига обуна бўлиниб, почтадан қандай келтирилган бўлса, шундайлигича ўралиб турган газеталарни кўриб, «эсиз қоғоз!» десангиз, тушуниш мумкин. Ижтимоий-сиёсий нашрлар камдан-камҳолларда қўлма-қўл бўлиб ўқилмоқда. Яқин орада кимлардир қизиқ экан, деб кўтариб юрган “Даракчи”, «Бекажон», «Оила даврасида», «Hurriyat» газеталарига кўз тушади, холос. Кўча-кўйда, ножоиз жойларда ётган нуфузли муассислар чоп эттираётган газеталарни кўриб, ҳайратланасан, холос…Уларда акс этган қадриятларимиз, улуғларимиз, давлат рамзлари аҳволини кўриб дил ранжийди.

Ўн минглаб сонли нашрларни чоп этиш учун сарфланаётган тонна-тонна қоғозлар ўзини оқламаётгани  аниқ. Чунки қайси газетани варақлама, на бир жўяли таҳлил ё танқид, мукаммал журналистик жанрдаги материал, на бир мустақил журналистик изланишни кўришқийин. Қаерга қарама қуруқм аълумот, ундай йиғилиш ёки танлов бўлди (Ҳайбаракалла!) қабилидаги, шуниндек, бошқа бир манбадан кўчириб босилган тайёр материал, реклама…

Дам олиш рўзномалари ҳам аянчли ҳолда. Кўплаб кроссворд, сканворд ва бошқа “ворд” газеталарида изланаётган сўзлар занжири ниҳоятда сийқа. Бундай аксарият газеталарда бир хил сўзлар такрорланаверади. Бу эса ушбу материалларнинг ақл заковат меваси эмас, бир-биридан кўчириш маҳсули эканлигини билдиради.

Шу ўринда айрим «ясаб-тузар» ижодкорлар «меҳнат» маҳсули бўлмиш бачкана китоблар ҳақида ҳам шунга ўхшаш фикрлар билдириш мумкин. Бадиий ижодга қўйиладиган талаблар, мукаммаллик, янгиликдан йироқ бундай асарлар китобхон дидини ўстириш, бадиий завқ бағишлаш учунмас, мўмай даромад қилиш мақсадида чоп этилаётгани ҳам сир эмас. Бироқ китобхон ҳам анойи эмас, илк саҳифасини ўқиб-ўқимай бир чеккага улоқтириши турган гап. Растада бир варақлаб, сотиб олмаслиги ҳам мумкин. Бақувват корхона – ташкилотлар раҳбарлари ва яна  кимлар  билан тил бириктириб, қўл остидагиларга мажбурлаб сотилмаса, бозори касод. Шунингдек, кўрган билганини тўтидай такрорлаб, қайсидир кўрик-танлов учун, ёки хўжакўрсинга бешинчи, ўнинчи тўпламини чоп этаётган «ўқувчи-адиб»лар кўпайиб кетаётгани ҳам кутилган натижаларга олиб келиши даргумон.

Дунёнинг турли чеккаларида қоғозсиз технологиялар гуркираб ривожланаётган бир пайтда, кўра-била, экологик мувозанатни буза бориб, қоғоз исрофгарчилигига йўл қўйиш инсофдан эмаслиги барчага аён. Бироқ бу борада қачон онгли равишда иш юритамиз!? Ахир қоғоз ҳам  сув ва буғдой каби заминнинг бебаҳо неъмати-ку.

Бахтиёр Темур

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.