Қоғозбозликка қачон барҳам берилади? Суюнчи пули саргузаштлари ёхуд бюрократия!

Мажлизвозлик муаммоси ортидан қоғозбозлик ҳақида ёзамиз. Элимизнинг энг чиркин иллатлардан бири ҳисобланган бу муаммолар қачон бартараф этилади? Қуйида бюрократия, давлат органлари ишчиларининг ўз ишига бўлган масъулиятсизликларию лоқайдликлари тўғрисида Абдулазиз Азизов куюниб ёзади.

Биринчи фарзандим, ўғлим 2015 йил туғилган. Қонунга кўра, туғруқхонадан чиқишидан олдин ФҲДЁга бориб туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олдим. ФҲДЁ ходимаси гувоҳнома билан бирга бир парча «олтин қоғоз»ни ҳам қўлимга тутказди ва бу суюнчи пули учун ҳужжат деди.

Она болани туғруқхонадан чиқиши, хурсандчилик, табриклар билан бир ой ўтиб кетди. Ойда бир йиғиладиган чойхонамизда бир дўстим табриклаган бўлиб, «суюнчи пулини олдингми?» деб сўраб қолди. Бир ой олдин машинамни тортмачасига солиб қўйганим «олтин қоғоз» эсимга тушиб қолди ва дўстимдан сўрадим: «Қанча берар экан ўзи?» Дўстим: «150 минглар атрофида (2015 йил)», деди. «Анави «олтин қоғоз»ни олиб бориб берсам бўлдими?» дедим.
Дўстим кулимсираб, керакли ҳужжатларни санаб кетди. «Унда олмаганим бўлсин. Вақтим ҳам, тоқатим ҳам йўқ», дедим.

Дўстларим буни ношукрчиликка йўйишди, бундан озгина дилим хира бўлди, вақтим бўлса оларман, дедим ва яна ёдимдан кўтарлиб, шу билан қолиб кетди.

Орадан икки йил ўтиб 2017 йилда қизим туғилди. Яна ўша «олтин қоғоз»ни қўлимга тутказишди. Кулимсираб бу сафар неча пуллигини суриштирдим. 266 минг сўм экан. Ичимда, яхшигина пул бўлиб қолибди-ку, вақтим ҳам бемалол, дедим-да ҳужжатларни йиғишга қарор қилдим.

Биринчи ҳужжат маҳалладан маълумотнома ва уч қўшни имзоси (уч қўшни имзоси куррайи заминда фақат бизда бўлса керак). Отам маҳалла идорасига кўп чиқиб юрганлари учун бу ишни уларга топширдим. Паспорт нусхамни олиб, икки кун овора бўлиб қўлимга бердилар.

Маҳалладан маълумотнома, уч қўшни имзоси, ФҲДЁ «олтин қоғози», боланиниг туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, мени ва аёлимнинг паспорт нусхаси, никоҳ гувоҳномаси нусхасини олиб Молия вазирлигига йул олдим. Эшикдан кириб биринчи ходимдан сўрадим: «Кечирасиз, суюнчи пули ҳужжатлари қаерга топширилади?» Ходим яхши муоммала билан: «Шу ерга, лекин суюнчи пули ҳужжатлари ҳафтада уч кун қабул қилинади, сиз қабул қилинмайдиган кун келибсиз (туш кўриб ҳам билиб бўлмайди буни, агар жарима тўлагани келганимда, хоҳлаган бегим кунлари буни амалга оширса бўлар эди)».

Сафар олдидан эдим, виза ишлари билан бўлиб озгина вақт ўтди. Сафар олдидан, кел, шуни ҳам ҳал қилиб кетай, деб бир дўстим билан Молия вазирлигига кирдик. Биринчи дуч келган ходимдан суюнчи пули учун қаерга ҳужжат топширилиши кераклигини сўрадик.

— Почта индексиз неччи?
— Билмайман.
— Унда тўғридан чапдаги хонага кириб, буни аниқлаб чиқинг.

Ўша хонага кирсам, ҳайрон бўлиб, фалончи опага учрашасиз, деб аввалги ходимнинг ёнгинасига юборди. Ўша фалончи опа йиғиб-териб келган ҳужжатларимни «хўшш..», деб кўришга тушди.

— Қаерда ишлайсиз? Пенсия жамғармаси китобчаси қани?
Аёлингизники ҳам йўқ-ку? — дея сўроқ қилишга ўтди у.

— Биз давлат ишида ишламаймиз, — дедим.

— Унда иккалангизни ишламаслигингиз ҳақида, пенсия жамғармаси китобчаси йўқлиги ҳақида, «Халқ» банкидан «справка» олиб келасиз, — дейиши биланоқ хахолаб кулиб юбордим.

Фалончи опа ҳайрон бўлиб, бу ҳали ҳаммаси эмас, ҳамма ҳужжатлар аслини ҳам олиб келасиз деб, «сизга бир ёрдам, мана ариза бланкаси, (ҳужжатлар коллексиямга яна бир қоғоз) уйда аёлингиз тўлдиради», деди.

Мен сафарга ярим ойга кетаётганимни айтдим, фалончи опа кулимсираб, олти ой вақтим борлигини айтди.

Сафардан келганимдан сўнг яна бир ой ёдимдан кўтарилди, балки ҳафсала бўлмади. Кейин аввал бошида отамни овора қилганим эсимга тушиб, охирига етгазишга қарор қилдим ва тўғри «Халқ» банкига, ҳеч қаерда ишламаслигимиз, тайинимиз йўқлиги (ҳазилнамо) тўғрисида «справка» олиш учун йўл олдим.

Банкка кирсам, узун навбат турибди. Навбатим келганидан сўнг «бетайинлар справкаси»ни сўрадим. Ходим кампютерини титкиллаб, бир зумда (мўъжиза), сизни пенсия жамғармаси дафтарчангиз бор экан, деб уни олиб келишимни айтди (буларнинг маълумотлар базасида ҳамма нарса бор, фақат бюрократиядан воз кеча олишмайди).

2009 йил бир фирмада ижрочи директор бўлганим эсимга тушиб қолди. Аёлимга эса ҳужжат қилиб берди. Банкдан чиқиб, шу бугун ҳал қиламан, деб машинамни уйга ҳайдадим. Ҳужжатни қидириб топиб «Халқ» банкига келдим. Яна ўша узун навбат (ўрганиб қолдим). Ходимга ҳужжатни бердим. Не кўз билан қарайки, пенсия дафтарчаси ўрнига меҳнат дафтарчасини олиб келибман (айб ўзимда). Аччиғим чиқиб машинани ҳайдаб, уйдан пенсия дафтарчасини олиб келдим. Хумор бости навбатдан сўнг банк ходими пенсия дафтарчасидан нусҳа олиб келишимни айтди. Олиб келдим, нусхага муҳр қўйиб берди (Яшасин бюрократия!). Фалончи опа берган ариза бланкасини аёлим тўлдириб берди (уни ичига яна эр-хотин тўғрисида қисқа маълумот ёзилди, жиннихона!).

Икки кундан сўнг ўзимга келиб олдим ва Молия вазирлигига керак эмас ҳужжатларни ҳам олиб «қуролланиб» бордим. Юзи хам эсимдан чиқиб кетган фалончи опани қидирган бўлдим, лекин ўрнида бир йигит ўтирган экан, суюнчи пули ҳужжатлари (тушимга ҳам киради ҳали бу сўзлар) кимга топширилади? Қайси маҳалла? (Тамомий яп-янги савол, олдингиси почта индекси эди)
Фалончи маҳалла.

Бир бирига «сан-салордан» кейин беринг-чи деди ходим. Керак эмас ҳужжатларни бирма-бир қайтариб берди ва тартибга солиб иккинчи қават, чапдаги хонага кириб бошлиқдан муҳр урдириб чиқасиз, деб айтди.

Иккинчи қаватга кўтарилиб чапдаги хонага кирдим, навбат ва нафақахўр аёлларниниг «дилбизорда бошқача гаплар-у, сизлар эса ўша-ўша, ўн йил керак сизларни ўзгаришинглар учун», деган жанжаллари диққатимни оширди. Телефонимни олиб, ижтимоий тармоққа кириб олдим. Бир пайт қўлимдан ҳужжатларни кимдир олди. Қарасам, ҳалиги нафақахўр «ношукр» кампирлардан гап эшитаётган котиба экан. Кейин билсам кампирларга «Эртага келинг» деб қўйган экан. Қизиғи, «ношукр» кампирлар ўша куни ишини битириб кетди.
Котиба муҳрни урдириб олиб чиқиб берди. Кейин ҳужжатларни яна ўша йигитга топширдим. Бир ойдан кейин аёлингиз паспорт билан чиқиб, «Халк» банкидан суюнчи пулини олишлари мумкин, деди.

Ҳулоса ўрнида

Бу югур-югур, бюрократияни аллақачон йўқ қилиш вақти келган. Маълумотлар базасидан самарали фойдаланилмас экан, у нима учун керак? Уни бунёд қилиш учун шунча пул нега сарфланган?

Хуллас, ҳар бир соҳа маъсуллари ўз соҳасидаги бюрократияни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқлари, бир бирлари билан ҳамкорликда ишламоқлари замон талаби ва ривожланиш учун пойдевордир!

Абдулазиз Азизов

Биринчи изоҳ

  1. Э муаллиф яшанг! Сиз хеч газдан ва светдан карзи йук деган справка олишга харакат килиб курганмисиз? Мана биз бу ишни килмокчи (аслида бу справкани темир асабли ва гирт бекорчи одам бир аммалаб кулга киритиши мумкин) булганмиз. Ана томошаю мана томоша!!! Керакли хужжатлар: Паспор копия, кадастр, уй дафтари, махалладан справка, ИНН, ИНПС, иш жойидан справка… Хуллас майда шрифтлар б-н ёзилган икки варак тула хужжатлар йигиш к-к экан. Бу хужжатларни йигиб чиккунча умрингизни ярми утиб кетади. Лекин справкани ололмайсиз. Лекин битта «инсофли» ходимига 100 минг сум берсангиз уч минутда справкани уйингизга олиб бориб беради. Яшасин бюрократия йуге таниш билишлар!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.